20 яшар қиз, кино қироли Клуни, футболчи Месси ва Роналду - 2018 йилда қанчага бойишди?

George Clooney Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Жорж Клуни ўтган йили актёрлар орасида энг кўп пул ишлаб топди, деб ёзмоқда Forbes журнали. Актёр асосий маблағни ўзи асосчиларидан бири бўлган текила компаниясининг сотувидан қўлга киритган.

Forbes тахмин қилишича, 57 ёшли юлдуз 2017 йилнинг 1 июнидан 2018 йил 1 июнига қадар ўтган ўн икки ой ичида, солиққа тортилмаган ҳолда, $239 миллион ишлаб топган.

Клуни дунёнинг энг кўп пул топадиган юлдузлари рўйхатида боксчи Флойд Мейвезердан сўнг иккинчи ўринни эгаллаган.

Машҳур телеюлдуз Ким Кардашяннинг 20 яшар ўгай синглиси Кайли Женнер эса $166.5 миллион даромад билан мазкур рўйхатнинг учинчи ўрнига муносиб кўрилган.

Жорий ойнинг бошида Forbes Женнер хонимнинг тез орада «ўз кучи билан бойиган энг ёш миллиардер»га айланиб, Facebook асосчиси Марк Цукербергни доғда қолдириши мумкинлигини башорат қилган эди. Kylie Cosmetics косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компания бекаси бўлмиш Женнер хонимнинг умумий бойлиги $900 миллион атрофида баҳоланади.

U2 ва Coldplay гуруҳлари ҳамда қўшиқчи Эд Ширан ҳам футбол юлдузлари Лионел Месси ва Криштиану Роналду билан биргаликда топ ўнталикдан жой олганлар.

Расман Forbes Celebrity 100 деб номланадиган ушбу рўйхатда атиги 15 аёл юлдуз номи келтирилган, холос.

Рўйхатдан жой олган 100 нафар юлдузнинг ўтган бир йилда ишлаб топган маблағи умумий миқдорда $6,3 миллиардни ташкил қилмоқда. Бу олдинги кўрсаткичдан 22 фоизга кўпроқдир.

Ўн бир нафар юлдузнинг йиллик даромади эса $100 миллионли чегарани босиб ўтган.

Қуйида топ ўнликка кирган юлдузлар билан танишишингиз мумкин:

1. Флойд Мейвезер - $285 миллион

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўтган бир йил ичида машҳур боксчи ишлаб топган маблағ солиққа тортилишидан олдин $285 миллионни ташкил қилган.

Мейвезернинг 2017 йил августида Конор Макгрегорга қарши ўтказган жанги умумий ҳисобда $550 миллиондан зиёд пул келтирган. Ушбу маблағнинг $275 миллиони боксчининг киссасига келиб тушган.

Мейвезер 2015 йилдаги Celebrity 100 рўйхатида ҳам биринчи ўринни эгаллаган эди.

2. Жорж Клуни - $239 миллион

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Актёр Клуни ўтган йилги асосий даромадини Casamigos текила компаниясини $1 миллиардга сотгандан сўнг қўлга киритган.

Киноюлдуз компанияга 2013 йили дўстлари Ранд Гербер ва Майк Мелдманлар билан биргаликда асос солган эди.

3. Кайли Женнер - $166.5 миллион

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Опа-сингил Кардашянларнинг энг кенжаси бўлмиш Кайли Женнер ўзининг косметика маҳсулотлари саноатидаги империясини яратгандан сўнг бойиб кетган.

Оиласи томонидан олиб бориладиган кўнгилочар шоу ва ижтимоий тармоқлардаги 110 миллион мухлис унинг бизнеси гуллаб-яшнашига катта ҳисса қўшгани сир эмас. Forbes журналига кўра, Кайли ҳозирда машҳур опаси Ким Кардашяндан кўра уч баробар бойроқ ва унинг яқин вақт ичида ўз кучи билан бойиган энг ёш америкалик миллиардерга айланиши тахмин қилинмоқда. Эслатиб ўтамиз, ҳозирда бу номни илк миллиардини 23 ёшида ишлаб топган Марк Цукерберг сақлаб турибди. Кайли эса энди 20 ёшда.

Қайд этмоқ лозим - Кайли 2017 йилдаги рейтингда 59-ўринга лойиқ кўрилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

4. Жуди Шеиндлин - $147 миллион

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Judy Sheindlin

Суд ишлари боғлиқ Judge Judy (Судья Жуди) реалити-шоусини олиб борувчи Жуди Шеиндлин $147 миллион даромад билан тўртинчи ўринни эгаллаган.

1996 йилдан буён ушбу шоунинг 22 фасли эфирга узатилган ва бугунги кунда уни ҳар куни 10 миллиондан зиёд одам томоша қилади.

Шеиндлен хоним йиллар давомида шоу орқали тўпланиб келган кенг қамровли кутубхонага оид ҳуқуқларини 2017 йилда $100 миллионга сотиб юборган.

5. Дуэйн «Қоя» Жонсон - $124 миллион

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption 5. Дуэйн «Қоя» Жонсон - $124 миллион

Курашчидан актёрга айланган келбатли Дуэйн Жонсон $124 миллион даромад билан бешинчи ўринни эгаллаб турибди.

«Қоя» лақабли актёр ўз Twitter'ида шундай ёзади:

"Кутилмаган янгилик. Мен Гарвардда бизнес бўйича таълим олмаганман, лекин менинг ишбилармонлик соҳасидаги фалсафам вақт ва муваффақиятсизликлар давомида тобланиб келди. Мен хизмат қиладиган ва доимий алоқада бўлган биргина хўжайиним бор - дунё ва унда яшовчи одамлар. Бир вақтлар ҳафтасига 7 доллар топардим. $124 миллион учун миннатдорман."

6. U2 - $118 миллион

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Bono

U2 рок гуруҳининг 2017 йилда уюштирилган Joshua Tree номли халқаро турнеси ортидан унинг ирландиялик асосчилари даромади сезиларли ортган.

Ўтган йили гуруҳнинг The Joshua Tree албоми 30 йиллигини нишонлашда дунё бўйлаб 2.7 миллион мухлис иштирок этган эди.

7. Coldplay - $115.5 миллион

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Крис Мартин

Coldplay рўйхатдан жой олган биринчи британ рок гуруҳидир. Гуруҳнинг беш қитъа бўйлаб уюштирилган A Head Full of Dreams Tour турнеси илк икки йилда $500 миллиондан кўпроқ маблағ келтирган.

A Head Full of Dreams Tour тарихда энг кўп маблағ келтирган турнелар орасида U2'нинг 360 Tour ва The Rolling Stones'нинг A Bitter Bang Tour турнелардан сўнг учинчи ўринда эгаллаганча қолмоқда.

8. Лионел Месси - $111 миллион

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Месси

2017 йил ноябрь ойида Месси Барселона клубининг шартномани узайтириш таклифига рози бўлиб, бонусларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда йиллик $80 миллиондан зиёдроқ маошга эга бўлган эди. Ҳозирда Месси дунёнинг энг кўп ҳақ тўланадиган футболчиси номини ҳеч кимга бермай келмоқда.

Adidas билан бир умрга тузилган келишув ва Gatorade, Pepsi, Ooredoo, Huawei, Hawkers каби компаниялар билан имзоланган шартномалар ҳам ҳисобга олинса, аргентиналик футбол юлдузининг йиллик даромади салмоқли рақамлардан иборат эканлигини англаш қийин эмас.

Хитойнинг Нанкин шаҳрида 2020 йили Месси тимсолида футболга бағишланган Messi Experience Park кўнгилочар боғи очилиши кутилмоқда.

9. Эд Ширан - $110 миллион

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Рўйхатда Ширан ҳозирда дунёнинг энг пул топаётган яккахон қўшиқчиси сифатида эътироф этилади.

27 яшар қўшиқчи 2017 йилнинг интернетда энг кўп айланган артисти бўлди.

Унинг ÷ (дивайд) деб номланган албоми ўтган йили интернетда 3,1 миллиард марта айланган. Shape of You таронаси эса Spotify рақамли мусиқа хизматида энг машҳур қўшиқ бўлди.

10. Криштиану Роналду - $108 миллион

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Роналду яқинда ниҳоясига етган Жаҳон Чемпионатининг энг зўр тўп урарларидан бири бўлди ва, шунингдек, бу йил ўзининг бешинчи Ballon d'Or мукофотини қўлга киритди.

Реал Мадриддаги 9 йиллик ёрқин фаолиятидан сўнг футбол юлдузи ўтган ҳафта $129.3 миллион эвазига Италиянинг Ювентус клубига ўтган эди.

Унинг Nike билан тузган бир умрлик шартномаси қиймати умумий ҳисобда $1 миллиардни ташкил қилади.

Ижтимоий медиа - муваффақиятлар калити

Голливуд ирқчилик гирдобидами?

"Форбс" Мирзиёевни Дэн Сяопинга қиёслади

Россия бойлари: Алишер Усмонов биринчи ўнталикда

Жорий йилда Forbes рўйхатига кирган юлдузларнинг асосий қисми матбуотдаги машҳурлиги ортидан янада кўпроқ пул ишлаб топган.

BBC News билан суҳбатлашган Forbes журналининг матбуот ва кўнгилочар мавзулар бўйича катта муҳаррири Зак Гринбург шундай дейди: "Кўнгилочар саноатда содир бўлган икки йирик ҳолат Кайли Женнер ва Қоя билан юз берди. Улар саноқсиз мухлислари орқали ақл бовар қилмас пул ишлаб топа олдилар."

«Уларнинг иккиси ҳам ижтимоий тармоқлардаги кузатувчилари сони бўйича топ ўнликка кирадилар. Бизнинг рўйхатимизда топ бешликдан жой эгаллаганликлари ҳам бежиз эмас.»

«Албатта, ижтимоий тармоқлар ва матбуот бизнеснинг гуллаб-яшнашида катта роль ўйнайди, лекин ҳаммаси фақат мухлислар билан ҳал бўлмайди,» давом этади жаноб Гринбург. "Масалан, Жорж Клуни матбуотда деярли кўринмайди, ижтимоий тармоқларда ҳам фаол эмас, аммо рўйхатнинг иккинчи ўрнини эгаллай олди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас