Одамзот миллион йиллардан сўнг қандай кўринишда бўлади?

кўз Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Келажакда қандай ўзгаришларга учрашимизни башорат қилмоқ учун ўтмишга назар ташлашимиз зарур.

Авлодларимиз танасига юқори технологияли имплантлар ўрнатилган ярим киборглар бўладими? Ёки фантастик кинолардагидек улар дунёни камерали кўзлар орқали кўрадими?

Ёки биз паканароқ ёки узунроқ, озғинроқ ёки семизроқ, юзи ва танасининг ранги умуман бошқа мавжудотларга айланамизми?

Албатта, бундай саволларга ҳозир ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди. Бироқ биз маълум вақт давомида қанчалик ўзгаришга учрашимиз мумкинлигини англаш учун олис ўтмишга боқишимиз мумкин. Масалан, ҳали Ҳомо сапиенс мавжуд бўлмаган даврга.

Миллионлаб йиллар бурун одамнинг бир неча тури мавжуд бўлгани тахмин қилинади, жумладан, Ҳомо эреcтус ва замонавий одамга ўхшаш бўлган Ҳомо ҳеиделбергенсис. Бу турнинг анатомияси эса Неандерталларникидан кўра анча ибтидоий бўлган.

Яқин тарих давомида, яъни сўнгги 10,000 йил ичида одам мослашишга мажбур бўлган кўплаб ўзгаришлар содир бўлди. Қишлоқ хўжалигининг пайдо бўлиши ва озиқ-овқат заҳирасининг мўллашиши турли соғлиқ билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарди. Масалан, қандли диабет. Замон ривожланиши билан илм-фан бундай хасталикларни даволай бошлади. Ташқи кўриниш борасида эса инсоният сезиларли даражада семизроқ мавжудотга айланди. Баъзи ҳудудларда одамларнинг бўйи нисбатан узайди.

Даниянинг Аарҳус Университетида биоинформатика бўйича тадқиқот олиб борувчи профессор Томас Майлунднинг тахминича, борган сари биздаги жисмоний фаолият сусайиб, камроқ энергия сарфлаётганимиз сабабли авлодларимиз танаси ҳозиргидан кичикроқ кўринишга келиши мумкин.

Бугунги кунда Ер юзи аҳолиси сони ҳаддан зиёд кўпайганидан одам ўзига бегона кўплаб бошқа турдошлари билан бир ҳудудда яшашга ҳали ҳам мослашиб бормоқда. Атиги ўн минг йиллар муқаддам овчилик-термачилик билан кун кечирган аждодларимизнинг йиллар давомида бегона одамга дуч келмаслиги эҳтимоли юқори эди. Профессор Майлунднинг фикрига кўра, биз бегоналар билан бир ҳудудда яшашга ҳали ҳам кўникиб бўлмаганмиз. Масалан, одамларнинг исмини ёдда сақлаб қолиш учун бизга янада яхшироқ хотира қобилияти зарур.

Айни шу жойда технология бизга ёрдамга келади. "Мияга ўрнатилган имплант бизнинг хотирамизни янада кенгайтиради ва яхшилайди," дейди Томас.

"Биз мияда хотира, эслаб қолиш учун жавоб берадиган генларни яхши биламиз. Уларни шунчаки ўзгартиришимиз мумкин. Сизга бу фантастик кинодек эшитилаётгандир, лекин ҳозирнинг ўзидаёқ бу иш бизнинг қўлимиздан келади. Имплант тайёрлашни ҳам биламиз, аммо уни мия билан қандай самарали улашга ҳозирча бошимиз қотган. Масаланинг биологик томони ҳал бўлган, энди технологик жиҳатдан ечим топсак бўлди."

Бугунги кунда замонавий тиббиёт тананинг синган, шикастланган қисмларини тўғирлаш учун имплантлардан фойдаланади. Эҳтимол, келажакда имплантлар ҳам ақлли бўлиб, одамнинг имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилар?

Терминатор ёки бошқа киборг қаҳрамонларнинг кўзидек видеокамерали кўриш аппаратига эга бўлиш ҳақида нима дейсиз?

Гени ўзгартирилган маҳсулотлар тўғрисида эшитган бўлсангиз керак. Айни вақт одам генини ўзгартиришга уринишлар адоқсиз баҳсларга сабаб бўлмоқда. Генни ўзгартириш тарафдорлари шу йўл билан одамни касалликлар ва камчиликлардан ҳоли мукаммал мавжудотга айлантириш мумкин, деса, бу ғоя танқидчилари генни ўзгартириш қандай оқибатлар олиб келишини олдиндан айтиб бўлмайди, деб таъкидлайди.

Профессор Майлунд эса келажакда ота-оналар ўз ихтиёри билан бўлажак фарзандлари генини ўзгартириши мумкин, деб тахмин қилади. Тасаввур қилинг, сиз ҳомила генларини ўзгартириш орқали ҳар томонлама ўзингиз истаган фарзандга эга бўласиз. Ҳатто туғилажак зурриёдингиз ташқи қиёфасини ўзингизникига ўхшатишга буюртма беришингиз мумкин.

«Шу вақтга қадар табиий танланиш қонуниятлари асосида яшаб келдик. Энди давр сунъий танланишники. Итлар зотларини қандай яратган бўлсак, келажакда одамни ҳам шундай ўзгартира бошлаймиз,» дейди профессор Майлунд.

Албатта, бу гапларнинг бари ҳозирча фараз. Дунёда кескинлашиб бораётган демографик ўзгаришлар бизнинг келажак тақдиримиз ҳақида нима дейди?

«Миллион йилдан сўнг юзага келадиган вазиятни башорат қилиш бутунлай тахминларга асосланади. Бироқ ўзгариб бораётган демография модельларини бизга маълум бўлган генетик ўзгаришлар орқали ишлаб чиққан ҳолда яқин келажакда одам қандай ўзгаришларга юз тутишини кўрсатиб ўтишнинг тамомила имкони бор. Бу борада бизга биоинформатика ёрдамга келади,» дейди Британиядаги Гранд Чалленгес ин Эcосйстемс анд тҳе Энвиронмент илмий маркази ходими доктор Жейсон А. Ҳодгсон.

Ҳозирда дунёнинг турли бурчакларидаги одамлар геномидан олинган намуналар олимлар қўлида мавжуд. Генетиклар борган сари генетик ўзгаришлар ва уларнинг дунё аҳолиси ўртасида қандай юзага келишини янада яхшироқ англаб бормоқдалар. Олимлар ҳозирча айнан қандай генетик ўзгаришлар юзага келиши мумкинлигини олдиндан аниқ айтиб бера олмасада, биоинформатика соҳасидаги олимлар бу ҳақида тасаввурга эга бўлиш мақсадида демографик ўзгаришларни диққат билан кузатмоқда.

Доктор Ҳодгсон келажакда шаҳар ва қишлоқ жойлардаги одамлар бутунлай фарқ қила бошлаши мумкинлигини тахмин қилади. «Миграция асосан қишлоқдан шаҳарга томон кечади. Шу сабабли шаҳарларда генетик хилма-хиллик ортиб, қишлоқлар одамлар кам ўзгаришга учраши мумкин.»

Бундай ҳолатни айни вақтда Британияда кузатиш мумкин. Британ қишлоқларида узоқ вақтдан буён деярли бир аждодга эга одамлар яшаб келади. Шаҳар одамлари эса аллақачон аралашиб кетган.

Бундан ташқари баъзи гуруҳларнинг кўпайиши ҳам фарқланиб боради. масалан, Африка аҳолиси кенг суръатларда кўпайиб бормоқда. Оқ рангли одамлар яшовчи ҳудудларда эса туғилиш даражаси тушиб кетган. Мазкур ҳолатдан хулоса қилаётган доктор Ҳодгсон келажакда дунё аҳолисининг тери ранги тўқроқ бўлиши мумкин, деган фаразни олдинга суради.

Коинотни забт этиш масаласи қандай кечади? Агар одамзот Марсни колониялаштириш уддасидан чиқса, бу ҳол эволюцияга қанчалик таъсир қилиши мумкин? Тортишиш кучи паст бўлган маконда бизнинг мушак тузилмамиз буткул ўзгариб кетиши мумкин. Агар авлодларимиз Марсда яшай бошласа, уларнинг оёқ-қўллари сезиларли даражада узаяди. Коинотдаги ҳарорат анчайин совуқ эканлиги ҳисобга олинса, авлодларимиз Неандертал қариндошларимиз каби тукдор бўла бошлармикан ё?

Юқорида тилга олиб ўтилган ҳолатлар юз бериш ё бермаслигини аниқ билмаймиз. Уларнинг бари фараз, аммо бизнинг генетик ўзгаришларга юз тутишимиз суръати кескин ошиб бораётгани аниқ гап.

«Дунё бўйлаб 3.5 миллиард жуфт одамнинг бирида ўртача иккита янги мутация юзага келмоқда,» дейди доктор Ҳодгсон.

«Энди миллионлаб йиллардан сўнг биз қанчалик ўзгариб кетишимизни ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар