Эфиопияда ўликни тирилтиролмаган "пайғамбар" қўлга олинди

Марҳумнинг оиласи Исонинг тирилтириш тархини эшитгач жасадни очишга розилик беради Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Марҳумнинг оиласи Исонинг тирилтириш тархини эшитгач жасадни очишга розилик беради

Эфиопияда пайғамбарликка даъво қилган эркак, ўликни тирилтиролмаганидан сўнг қўлга олинди. Асли касби шифокор бўлган Гетайаукал Айеле ўликни тирилтиролмагач қариндошларнинг калтагини ҳам еган.

Гетайаукал Айеле бир неча кун олдин аварияда ҳалок бўлган Белай Бифтуни тирилтириб беришни ваъда қилиб унинг уйига боради. Таржимаси "Худо билади"ни англатувчи Гетайаукал тирилтиришни Исо пайғамбар тарихидаги ўлик тирилтириш билан асослаган.

"Пайғамбар" қабрни қазиб, тобутни очишга буюради. Кейин жасаднинг устига ётиб, "Белай, уйғон" бир неча маротаба қаттиқ бақиради.

"Тирилтириш жараёнига" ҳудудида қабристон жойлашган черков хизматчиси қаршилик қилишга ҳаракат қилади. Бироқ йиғилганлар уни қувиб юборишади.

Видеоси ижтимоий тармоқларга чиқиб кетган тирилтириш ҳаракатлари бесамар кетган.

Гетайаукал қабрдан чиқади ва энди ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини айтади ва воқеа жойидан кетишга ҳаракат қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Ўликни тирилтиришга қилинган ҳаракат видеоси интернетга тарқаб кетган

Бироқ шу вақтгача индамай турган марҳумнинг яқинлари ғазабланади ва уни кетгизмайди. Ғазабланган оломон ичида қабр бошида ҳушидан кетган оила аъзолари ҳам бор эди. Марҳумнинг оиласи Гетайаукалга ташланиб, уни дўппослай бошлайди.

Оломоннинг ғазабидан уни ҳодиса жойига етиб келган полиция қутқариб қолади. Лекин "пайғамбар"нинг нохушликлари бу билан тугамайди.

Эфиопияда ўликларни таҳқирлаш жиноят ҳисобланади. Асл касби тиббиётчи бўлган Гетайаукал ҳибсга олинди ва полиция идорасига олиб келинган.

Шунга ўхшаш ҳодиса Россияда ҳам бўлган.

"Табиб" Григорий Грабавой ўзини янги Исо Масиҳ деб эълон қилади ва одамларни тирилтириш ва оғир хасталарни даволаш қобилияти борлигини айтади.

У "Бесланлик тирилтирувчи" лақабини олган. Грабовой 2004 йил 1 сентябр куни Бесландаги мактабга бўлган ҳужумда ҳалок бўлган болаларни ҳаётга қайтаришга ваъда беради. Бунинг учун ота-оналардан пул ҳам олади.

2006 йили Грабовой ва у асос солган жамғарма ходимларига нисбатан "фирибгарлик" бўйича жиноий иш очилади.

2008 йили "фирибгарлик" бўйича айбдор деб топилган Грабовой 11 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Кейинчалик жазо муддати қисқартирилади. Грабовой 2010 йили озодликга чиққан.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар