Ўзбекистон ва дунё: Бу нарсалар (виагра) кумушдан ҳам қиммат эканлигини билармидингиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи HOSHANG HASHIMI

Сўнгги вақтларда бошқа қимматбаҳо металларга нисбатан арзонроқ бўлган кумуш тақинчоқлар урфга кирди. Бироқ атрофимизда биз у қадар эътибор бермайдиган шундай нарсалар борки, уларнинг нархи кумушникидан бир неча ўн баробаргача қиммат бўлиши мумкин.

Баъзан музқаймоқ сотиб олаётганингизда унинг устига майда қора ушоқчалар сепиб беришларини ҳеч кузатганмисиз? Бу ушоқчалар, асосан, тропик иқлимда ўсувчи ванилла ўсимлигининг мевасидан олинади. У музқаймоқ, тортлар ва пишириқлар, шоколад, десертларга ўзгача таъм бағишлаш учун қўшилади. Энг қизиғи ванилланинг бир килограмми кумушникидан қимматроқ баҳоланади.

Қуйида қимматбаҳо металл сифатида қадрланиб, заргарлик, электроника ва тиббий ускуналарда қўлланувчи кумушнинг нархидан юқори баҳоланувчи тўққизта ажабтовур нарса билан танишишингиз мумкин.

Ванилла

Фото муаллифлик ҳуқуқи pierivb

Ванилланинг дуккакли ўсимликлар қўзоқчаси каби ўсадиган мевалари териб олиниб, қуритилади. Унинг шу кунлардаги нархи $600 га чиқди. Бу 2017 йилда Мадагаскардаги плантацияларнинг катта қисми циклон оқибатида вайрон бўлгандан бери ушбу хушбўй зираворнинг нархи иккинчи марта рекорд даражада кўтарилиши. Мадагаскар дунёдаги ванилланинг тўртдан уч қисмини етказиб беради. Қиёслаш учун: бир килограмм кумушнинг айни пайтдаги нархи $538 атрофида.

Ваниллага талаб шу қадар кўплигидан ўз маҳсулотини ушбу зираворсиз тасаввур қила олмайдиган аксарият музқаймоқ ишлаб чиқарувчилар ё ишлаб чиқаришни камайтирмоқда ёки уни бутунлай тўхтатишга мажбур бўлмоқда.

Заъфарон

Заъфарон ёки шафран дунёнинг энг қиммат зиравори сифатида эътироф этилади. Унинг қимматбаҳолигига сабаб - териб олишнинг ўта қийинлиги ва ўсимликнинг кам экилиши.

Заъфарон гуллагандан сўнг зудлик билан гулнинг ичидаги ипсимон қизилранг чангчиларни қўлда териб олиш зарур. Бир килограмм заъфарон йиғиш учун 150,000 дона гулнинг чангчиларини териб чиқишга тўғри келади. Бундан ташқари заъфароннинг гуллари атиги уч кун очилиб туради, холос ва улардаги чангчиларни фақат куннинг маълум соатларида териб олиш зарур. Буларнинг бари мазкур зиравор нархининг осмонга сакрашига таъсир қилади.

Заъфарон қаерда етиштирилганига қараб, зираворнинг дўконлардаги бир грамм учун нархи $5 дан $25 га қадар тебраниб туради. Овқат шинавандалари томонидан юқори баҳоланувчи зираворнинг бир килограммини $2,000 дан $15,000 гача сотиб олишингиз мумкин.

«Заъфарон териб олиш жуда нозик иш. Бу учун ўзига хос маҳорат талаб этилади,» изоҳлайди зираворлар бўйича мутахассис Арун Капил.

Сўнгги йилларда заъфароннинг тушкунликни енгиллаштириши, кўз гавҳарини ҳимоя қилиши ва семизлик муаммосини бартараф этишига далиллар кўпайиб бормоқда.

Зираворнинг қимматбаҳолиги ва одамлар томонидан қадрланиши фирибгарлар эътиборини тортмай қўймаган, албатта. Охирги йиллар сохта заъфарон билан савдо қиладиган қора бозорлар гуллаб-яшнамоқда. Бундай савдоларда усталик билан заъфарон чангчиларига ўхшатиб тайёрланган рангли ипак, бошқа гуллар чангчилари ва қисмларини лаққа тушиб, катта пулга сотиб олишингиз мумкин. Яқинда ўтказилган таҳлил давомида ўрганиб чиқилган заъфароннинг деярли ярми сохта бўлиб чиқди. Бундан ташқари Испаниядан экспорт қилинадиган заъфароннинг умумий миқдори расмий рақамлардан анча юқорилиги ҳам аниқланган.

Қон

Барчамизнинг танамизда 4,2 литрдан 5,6 литрга қадар қон айланиб юради. Қон тириклигимизнинг асосий гаровидир. Агар биз унинг учдан бирини йўқотсак ҳам, ҳаётимиз хавф остида қолиши мумкин. Хўш, соғлиғимиз учун бебаҳо бўлган қоннинг нархи қанча?

Киноларда ёки шифохоналарда махсус халтачага солиб қўйилган қонни кўрган бўлсангиз керак. Шундай стандарт халтачадаги қоннинг миқдори ўртача 450 млга тенг бўлади ва қайси давлат эканлигига қараб унинг нархи $375 туриши мумкин. Демак, бир литр қон $833 ёки кумушдан 54 фоизга қимматроқ экан.

Буюк Британияда стандарт қон гуруҳини бир халтачасига $167 ёки литрига $370 тўлаб, сотиб олишингиз мумкин. Бироқ музлатилган, ишлов берилган ва нейтраллаштирилган қоннинг бир халтачаси нархи $1,080 гача кўтарилиши мумкин. Бу литрига $2,400 деганидир.

Донорларнинг камайиб кетиши, беморларнинг қон қуйишдан олдин кўплаб тестлардан ўтиши борасидаги талаблар қоннинг нархи кўтарилиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Аммо мутахассисларга кўра, одамлар ҳаётини асраб қолиши ҳисобга олинса, қоннинг ҳозирги нархини адолатли дейиш мумкин.

Қаҳва

Охирги вақтларда ривожланган мамлакатларда яшовчилар қаҳванинг нархи ақл бовар қилмас даражада ошиб кетаётганидан шикоят қилмоқда.

Бироқ улар қаҳванинг янада қимматроқ навлари борлигидан бехабар бўлсалар керак.

Kopi luwak ёки сиветта қаҳваси номли нав ўзига хос усулда тайёрланади. Осиё палма сиветтаси ёки мусанг (виверридлар оиласига мансуб мушуксимонларга ўхшаб кетувчи ёввойи жонзот) номли ҳайвон қаҳва меваларини ейди ва ҳазм бўлмайдиган данаклар унинг ичакларидан ўтиш жараёнида ўзгача таъмга эга бўлади. Сўнг мусангнинг ахлати орқали ташқарига чиққан қаҳва данаклари териб олиниб, ювилади, қуритилади ва қовурилади.

Бундай қаҳванинг бир килограмми нархи $660 атрофида бўлиши мумкин.

Ҳайвонлар ҳуқуқи ҳимоячилари одамларни ушбу қаҳвани сотиб олмасликка ундамоқда. Уларга кўра, сиветта мушуклари kopi luwak тайёрлаш учун шафқатсиз шароитларда сақланади. Таъкидлаб ўтиш жоиз, kopi luwak учун қаҳванинг алоҳида тури танлаб олинмайди, балки сиветталар томонидан истеъмол қилиниб, чиқариб ташланган данаклардан тайёрланган ҳар қандай қаҳва kopi luwak деб аталиши мумкин.

Шунингдек, айрим қаҳва ишқибозлари ва соҳа мутахассислари kopi luwak нархининг асоссиз ошириб юборилганини таъкидлайдилар. Уларнинг фикрича, kopi luwak таъмининг оддий қаҳвадан деярли фарқи йўқ.

Аммо kopi luwak усулида тайёрланган янада қимматроқ қаҳва тури мавжуд. Тайландда тайёрланувчи Black Ivory (тар.: қора фил суяги) қаҳваси Осиё филлари ошқозонидан ўтган донлардан олинади. Сиздан унинг бир килограмми учун $1,800 тўлашни сўрашлари мумкин.

Нафақат қаҳва, балки чой шинавандалари учун ҳам нархи кўзларни «қувнатувчи» навлар топилади. Хитойнинг Фужиан провинциясида жойлашган Вуйи тоғи этакларида ўсувчи Da Hong Pao чойи бунга ёрқин мисол бўла олади.

Da Hong Pao чойи Вуйи тоғи ёнбағирида 350 йилдан бери ўсиб ётган атиги олтита бута баргларидан тайёрланиб келинган. Хитойда ушбу чойнинг муқаддаслиги ва шифобахшлиги тўғрисида афсоналар юради. Ҳозирда сақланиб қолган она буталардан кўчатлар олиниб, мазкур чойнинг арзонроқ шакли яратилган бўлсада, унинг аслига бўлган талаб юқорилигича қолмоқда.

2002 йилда Da Hong Pao чойининг бир грамми деярли $1,500 атрофида баҳоланган. Бу эса ўша вақтларда бу чойнинг бир килограмми $1,5 миллионга яқин турганлигини англатади.

Қариб қолган она буталардан сўнгги марта 2005 йилда ҳосил териб олинган. Демак шинавандалар қўлида сақланиб қолган бир неча мисқол Da Hong Pao чойининг келажакдаги баҳоси олмосга тенг бўлишини кутиш мумкин.

Виагра

Фото муаллифлик ҳуқуқи clubfoto
Image caption Виагра

Севгини пулга сотиб олиб бўлмайди, бироқ бир неча соатга ишқ сурурини инъом этувчи воситани сотиб олиш мумкин.

Аслида виагра 1989 йили Pfizer компанияси олимлари томонидан қон босими ва ангинани даволаш учун яратилган эди. Синовлар чоғида олимлар янги препаратнинг ўзига хос хусусиятларини пайқаб қоладилар.

Орадан тўққиз йил ўтиб препарат эркаклардаги жинсий ожизликни даволовчи восита сифатида рўйхатдан ўтказилади. Шундан буён виагра Pfizer компаниясининг энг катта даромад келтирувчи маҳсулоти бўлиб келмоқда. Pfizer 2012-йилда $2 миллиардга тенг виагра сотган.

Жорий йилнинг бошида Pfizer виагра нархини оширишини эълон қилган эди. The Financial Times'га кўра, саккиз дона ёки 100 мг виагранинг АҚШдаги нархи бирданига $57.94 дан $80.82 га кўтарилган. Демак 1 грамм виагра учун $808 тўлашга тўғри келади.

Компания ҳозирда препаратнинг оқ рангли арзонроқ шаклини ишлаб чиқара бошлаган. Агар бошқа компаниялар Pfizer билан келиша олса, ўз виаграсимон дориларини ишлаб чиқариш имконига эга бўлишлари мумкин. Бироқ мижозлар мовий рангли асл виаградан ҳали-бери воз кечиш ниятида эмас.

Албатта, виаграни энг қиммат дори воситаси, деб атаб бўлмайди. Масалан, бир донаси $750 ёки бир қутиси ўн минглаб долларга етувчи воситалар ҳам бор.

Дори ишлаб чиқарувчи компаниялар препаратларнинг қимматлигини уларга сарфланган сармоя билан изоҳлайдилар. Уларга кўра, компаниялар бозорга чиқарилгунга қадар тадқиқот, яратиш, ишлаб чиқариш ва синаш ишларига кетган харжларни қоплаш учун бу каби воситаларнинг нархини баландроқ қилишга мажбур.

Учуққа қарши крем

Journal of Dermatology журналида қизиқарли бир тадқиқот натижалари эълон қилинди. Муаллифлар тиббиёт соҳасида осмонга учиб бораётган нархларни iPhone ва тилла каби ҳашамат тимсоллари билан таққослаб, ҳайратланарли натижаларга эга бўлдилар.

Zovirax лабдаги учуқларни келтириб чиқарувчи вирусларга қарши қўлланиладиган кремдир. Британияда унинг 2 грамми $6.75 га сотилади. Агар бу крем килограммлаб сотилганда эди, унинг бир килоси нархи бемор учун $3.375 га тушган бўларди.

АҚШда Zovirax билан боғлиқ ҳолат янада ҳайратланарли. Америкадаги соғлиқни сақлаш суғуртаси тизимининг ўзига хос тарафлари туфайли 2007 йилда бир грамми $22 турган Zovirax'нинг нархи 2015 йилга келиб $168 га чиқиб кетди. Демак ўша пайтда бир килограм Zovirax'нинг АҚШдаги баҳоси $168,000 атрофида бўлган. Бу эса тўрт килограмм олтиндан ҳам қимматроқ деганидир.

Ҳозирда кремнинг нархи анчайин пастга қулаган - бир килограмм учун $48.000.

Аммо Zovirax учуққа қарши кремлар ичида энг қиммати эмас. Масалан, ушбу бренднинг рақиби саналмиш Xerese кремининг 2015 йилдаги бир килограмми нархи $248,000 га тенг бўлган.

Ўзбекистон нархи $2 пахтадан килоси $4000 заъфаронга ўтмоқчими?

"Менда жинсий ожизлик (импотенция) бошланганда 16 ёшда эдим"

Мирзиёев Ўзбекистонда пахта монополиясини йўқ қиладими?

Юз учун крем

Гўзаллик қурбонлик талаб қилиши билан бирга, айни вақтда гўзал бўлиш қимматга тушиши мумкин.

Ҳозирда йилига дунё бўйлаб умумий баҳоси $532 миллиарддан зиёд бўлган косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ушбу маҳсулотларнинг аксарияти ҳамёнбоп бўлса, баъзилари учун тўлашга ҳамёнингиздаги пул етмаслиги мумкин.

Масалан, Creme de la Mer'ни олайлик. Юз учун мўлжалланган бу кремнинг 30 милилитри $162 туради. Унинг 500 мл идиши учун киссадан $2,057 чиқаришга тўғри келади. Асоси ламинария номли денгиз ўти бўтқасидан тайёрланадиган бу намлантирувчи кремнинг якуний формуласи қаттиқ сир сақланади.

Яна аммо дейишимизга тўғри келади - ушбу машҳур кремнинг нархи RéVive номли бошқа кремникининг олдида сариқ чақага айланиб қолади.

RéVive намлантирувчи кремининг атиги 48 грамми $385 туради. Бу эса бир килограмми $7,988 га тушади деганидир.

Принтер сиёҳи

Ҳа, тўғри эшитдингиз - принтер сиёҳининг нархи кумушникидан қиммат.

Принтер кардрижини 4 мл оддий қора сиёҳ билан тўлдириш нархи ўртача $7 га бориши мумкин. Бу эса қора сиёҳнинг бир литри $1,700 дан кўпроқ туришини англатади.

Ишлаб чиқарувчилар принтерлар тайёрлаш, улар устида тадқиқотлар ўтказиш, маркетинг ва бошқа қатор харажатларни қоплаш учун ҳам сиёҳнинг нархи баланд бўлиши лозимлигини иддао қиладилар.

Зиддизаҳар

Фото муаллифлик ҳуқуқи NIKLAS HALLE'N

Одамни илон чақиб олганда ёки чаён нишини санчганда ҳаётни сақлаб қолиш учун зиддизаҳарнинг осмонда сузиб юрган баҳоси ҳам кўзга кўринмай қолади.

Зиддизаҳар дунёдаги энг қиммат суюқликлардан биридир. Кичкина идишчадаги 10 мл атрофида бўлган зиддизаҳарнинг нархи АҚШнинг айрим ҳудудларида $7,900 дан $39,000 га қадар бўлиши мумкин. Бу яна нархларнинг пасайган ҳолати. Яқин-яқингача шу миқдордаги зиддизаҳарни сотиб олиш учун чўнтакда $57,000 бўлиши талаб этиларди.

Зиддизаҳарни тайёрлаш қийин ва ўта хавфли ишдир. Аввалига илон ёки чаёндан заҳар сиқиб олинади, сўнг у қўй, от каби ҳайвонлар танасига юборилади. Жараён якунида ҳайвонлар танаси заҳарга қарши ишлаб чиққан антижисмлар йиғиб олинади.

Зиддизаҳарга бўлган талаб у қадар юқори эмас. АҚШда йилига 7-8 минг одамни илон чақиб олади. Бироқ Африка, Жанубий Америка каби минтақаларда бу рақам анчайин юқоридир.

Аризона Университетидаги VIPER институти асосчиси Лесли Бойерга кўра, зиддизаҳарнинг нархи бунчалик юқори эканлигига бирор асос мавжуд эмас.

Бойер хоним ўз текшируви давомида АҚШда 10 милилитри учун $14,000 сўралаётган зиддизаҳарни ишлаб чиқаришга атиги $14 сарфланишини аниқлаганини айтади. Бу якуний нарх бўлиб, унинг ичига синов ишлари, литсензия олиш кабилар ҳам кириб кетади. Бойер хонимга кўра, "зиддизаҳарнинг ақл бовар қилмас нархининг асосида касалхоналарнинг очкўзлиги" ётади.

Агар анчайин арзон ҳисобланувчи $14,000 ли зиддизаҳарнинг бир литри нархини ҳисоблаб кўрсак, у $1.4 миллионга тенг бўлишини кўриш мумкин.

Баъзи оғир ҳолатларда беморни сақлаб қолиш учун 10 мл зиддизаҳар ҳам етмай қолиши мумкин. Энди бундай ҳолларда даволаниш қанчага тушишини ўзингиз ўйлаб кўраверинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek