Ўзбекистон ва дунё: дўстона ўтиришлар сизни ичкиликнинг қулига айлантириши мумкин

Social drinking Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Ичкилик билан боғлиқ муаммолар 54-72 ёшлилар орасида авж олиб бормоқда. Айнан 1946-1964 йилларда дунёга келган авлодда ёшликдан ичкиликка ружу қўйиш кучайган эди.

Дўстлар даврасида ичиш безарар кўринган билан вақти келиб, у қарамликка айланиб бориши мумкин, дейди соҳа мутахассислари.

Хўш, дўстлар билан вақтичоғлик учун бироз спиртли ичимлик ичиб туриш қачон алкоголизмни келтириб чиқаради?

Туғилган кунлар, байрамлар, машина олиш, янги лавозимга кўтарилиш ёки шунчаки дам олиш кунлари… Дўстлар билан йиғилиб, бир қадаҳ май устида суҳбат қуришга сабаблар истаганча топилади.

1950 йиллардан буён Буюк Британияда алкогол истеъмоли йилдан йилга ортиб бормоқда. Британия Соғлиқни сақлаш миллий хизмати эса 54-72 ёшлилар орасида ичкилик туфайли юзага келган касалликларга қарши курашишда кўп маблағ сарфламоқда. 2010-2011 йилларда 55-74 ёшлилардаги ичкилик билан боғлиқ хасталикларни даволаш учун 825 миллион фунт стерлинг ($1 миллиарддан зиёдроқ) сарфланган бўлса, 24 ёшдан кичиклардаги айни муаммолар учун 64 миллион фунт ($80 миллиондан кўпроқ) харж қилинган.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, Британияда эркакларнинг тўққиз фоизи, аёлларнинг эса уч фоизида ичкиликка қарамлик аломатлари мавжуд.

Бироқ бирор шахсга алкоголик деган ташхисни қўйиш унчалик осон иш эмас. Ичкиликка берилиш аломатлари ва у келтириб чиқарадиган муаммолар қисқа вақт ичида кўзга ташланавермайди.

Муздеккина ароқ

Лондон Қироллик коллежидан алкоголизм ва гиёҳвандлик бўйича мутахассис доктор Жон Марсден одатий алкоголик "узоқ вақт давомида ҳаддан зиёд ичиб келиши"га қарамай, меҳнатга лаёқатини йўқотмаслиги мумкин, дейди.

«Алкогол келтириб чиқарувчи муаммоларни тушуниш қийин, чунки улар бир кечада юзага келмаган. Улар узоқ вақт давомида кўзга ташланмайди ва шу сабабли ҳам алкоголизм муаммосига учрай бошлаган беморларга бир деганда ташхис қўйиш мушкул.»

Роб С алкоголизмдан азоб чеккан беморлардан бири. Унинг бир кечада 1.5 литр ароқни сипқорган кунлари кўп бўлган.

"Кўзимни олди қоронғилашиб кетадиган бўлиб қолганди. Кунбўйи ўзимни билмай ётардим, ҳушимга келганимда ҳеч нарсани эслолмасдим."

У «минерал сув идишига қуйилган ароғини ҳеч ким пайқаб қолмаслиги учун» ишга ҳаммадан барвақт келар эди.

«Бутун офис бўйлаб идишларни яшириб чиқардим. Ҳеч ким билиб қолмайди, деб ўйлардим, аммо барибир сезиб қолишди.»

Нажоткор

У ишдан айрилиб қолмаслик учун, асосан, кундузи ичар эди. Кечки пайт ичса, эртасига ишга бора олмас эди. Бундай ҳолат бир неча йил давом этди.

Шунчаки кўнгилхушлик сифатида бошланган ичкилик йиллар ўтиб, унинг оиласини парчалаб юборишига сал қолди. Робнинг ичкиликдан юз ўгирганига саккиз йил бўлди. «Ўша вақтлар энг яқин одамим ҳам ичкиликни ташла, деганда қулоқ солмаган бўлардим,» дейди у.

«Ишдан толиққан пайтларим ичиб, дам олишга ҳаққим бор, дердим ўзимга. Тушлик вақти вино сотиб олиб, қоғоз стаканга қуйиб ичардим.»

Вақт ўтган сайин вино ароққа айланди, тушликдаги жиндек кўнгилхушлик тонгдан тунга уланиб кетадиган бўлди.

Шуурини тобора эгаллаб бораётган янги одати туфайли муддатидан аввал истеъфога чиқарилган Робнинг ичкиликка қарамлиги ортгандан ортаверади. Фақатгина рафиқаси кўчага ҳайдаб чиқариш билан таҳдид қилгандан сўнггина Alcoholics Anonymous номли алкоголикларга кўмак берувчи гуруҳни излаб боради. Ушбу гуруҳ ҳаётимни сақлаб қолди, дейди у.

Роб бу қарамликдан азоб чеккан ягона инсон эмас. Сўнгги 10 йил ичида Англияда алкоголизм билан боғлиқ хасталиклар ташхиси нақд 63 фоизга ошган. Жигар касалликларидан вафот этаётганлар сони 20 фоизга кўпайди.

Жигар хасталиклари мутахассиси профессор Ян Гилмор жигар касалликлари туфайли дунёдан кўз юмувчилар сони ошишда давом этишига ишонишини айтади.

Алкогол келтириб чиқарувчи касалликлардан азоб чекадиганларнинг аксарияти ўрта ёшлилардир. Профессор Гилмор бу ҳолни сурункали ичкилик асорати билан изоҳлайди.

Бироқ у дўстлар даврасида кўп миқдорда ичувчиларнинг бари ҳам алкоголга қарам эмаслигини таъкидлайди.

«Баъзи одамлар меъёрида ичишни билади, баъзилар эса йўқ. Агар одамлар тавсия қилингандан кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилса, уларнинг аксариятида ўткир жисмоний, руҳий ва ижтимоий муаммолар бошланади.»

Алкоголнинг қанчалик узоқ муддатли асоратларга сабаб бўлишини замонавий дунёда ичкиликка ҳаддан зиёд берила бошлаган 1946-1964 йилларда дунёга келган авлод мисолида кўришимиз мумкин, дейди Alcohol Concern хайрия ташкилотидан Эмили Робинсон.

Мазкур хайрия ташкилоти одамларни спиртли ичимлик ичишни назорат қилиш борасида ўйлаб кўришга ундовчи ҳаракат бошлаган.

«Одамларнинг ҳар куни ичишга ўрганиб қолиши хавотирли ҳол. Турмуш тарзи бундай давом этса, киши ўзининг қандай қилиб ичкиликнинг қулига айланиб қолганини сезмай қолади,» дейди Эмили.

Доктор Марсден эса одамлар ўз яқинлари ва атрофдагиларнинг ичишига эътиборли бўлиши лозим, дейди.

Профессор Гилмор фикрича, ҳафтасига 50 бирликка тенг миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қиладиган эркаклар ва 35 бирлик ичадиган аёлларда алкоголизмнинг жиддий босқичи бошланган бўлади.

Алкогол бирлиги нима ўзи?

Британияда белгиланган тартиб бўйича спиртли ичимлик таркибидаги тоза алкогол миқдори бирликларда ўлчанади. Бир бирлик 10 мл алкоголдан иборат. Қуйида бир бирлик алкоголни ўзида жамлаган баъзи спиртли ичимликлар миқдорини кўришингиз мумкин:

•40 фоизли стандард пиво - 250 мл;

•13 фоизли стандард вино - 76 мл;

•40 фоизли стандард виски - 25 мл;

Британия соғлиқни сақлаш хизматлари спиртли ичимликлар истеъмоли ҳафтасига 14 бирликдан ошмаслиги лозимлигини таъкидлайди. Бу 3.5 литр стандард пиво ёки 350 мл стандард ароқ деганидир.

Ўзбекистонда ҳам дўстона ўтиришлар кўпаймоқдами?

Ичиш учун баҳона кўпми ёки кам?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас