Дунё ва Ўзбекистон: Google дан олдин ҳаёт қандай эди?

  • Роланд Ҳьюз
  • BBC News
Google search bar - what was life like before Google?

Коинотдан қандай ҳид келиб туради? Инсон руҳининг вазни қанча? Севги ўзи нима?

20 йилдан буён Google шу каби турли-туман оддий ва ғайриоддий саволларга жавоб бериб келмоқда. Ҳатто, унинг номи инглиз тилида феъл туркумига мансуб янги сўзга айланиб улгурган - "google", яъни "Google'дан қидирмоқ". Бироқ бу гигант қидирув тизимининг ишлари доим ҳам беш бўлмаяпти. Яқинда Европа Иттифоқи Google'ни бошқа қидирув хизматлари билан соғлом муҳитда рақобат қилишни истамаслик, интернет бозорини монополларга хос равишда эгаллаб олишда айблаб, $5 миллиард жарима билан жазолаган эди.

Google интернет оламига кириб келгандан кейин ҳаёт шу даражада ўзгариб кетдики, замонавий одамлар бурунги замонларда онлайн қидирувларсиз қандай яшашганини тушуна олмай гаранг. Google'дан олдин ҳаёт қандай бўлгани ҳақида тасаввурга эга бўлишни истайсизми? У ҳолда баъзи касб эгаларининг ҳикояларига қулоқ тутиб кўринг.

Журналист

Гарет Ҳюс 1974 йилдан 2006 йилга қадар Шимолий Уэлсдаги Daily Post газетасида журналист сифатида фаолият юритган.

Сурат манбаси, Gareth Hughes

Сурат тагсўзи,

Гарет Ҳюс ва ёзув машинкаси. Ёзув машинкаси ҳозирги компьютер клавиатурасига ўхшарди, бироқ ёзганда шовқин чиқарарди

«Журналист деган номни оқлаш учун ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган нарсалар тўғрисида ёзишимга тўғри келар эди. Энциклопедияларни варақлаб чиқардим, маҳаллий кутубхонага боришни канда қилмасдим, аммо энг муҳими маълумотларни биладиган одамни билиш ва бундай одамни топиш учун уни танийдиган одам билан танишиш керак эди. Биласизми, бирор мақола учун маълумот топиш давомида деярли ҳар бир қишлоқдан таниш орттирган эдим,» дейди жаноб Ҳюс.

«Ливерпулдаги марказий офисимизда кутубхона бўларди. У ерда газетанинг ҳар бир сони, чоп этилган ҳар бири ҳикоя сақланарди. Агар бизга эски сонлардан бирор маълумот керак бўлиб қолгудек бўлса, офисга сим қоқардик ва кутубхоначилар бизга зарур бўлган ўша сонни излаб топиб, факс орқали жўнатардилар. Қандай фараҳли кунлар эди…»

«Ўзим ҳам газетанинг барча сонини йиғиб борар эдим. Эсимда, қишнинг ўртасида қор устига ташлаб кетилган жажжи чақалоқ топиб олинган эди. Одамлар тез ёрдам чақирган, етиб келган шифокорлар эса унинг яшаб қолишга имкони деярли йўқлиги айтиб, шўрлик гўдакни олиб кетишади. Ҳайтовур, гўдак омон қолади.»

«Олти ой шифохонада даволанган мурғак чақалоқни асраб олганларидан сўнг унинг тақдири ҳақида мақола ёзган эдим. Орадан йиллар ўтиб, ўша мақолам чоп этилган сонни газета ғарами ичидан тасодифан топиб олдим. Ҳисоблаб кўрсам, ўша ширин қизалоқ бир неча ойдан сўнг 21 ёшга тўлар экан. У қандай умр кечираётгани ҳақида билишга қизиқдим - унинг манзилини аниқлаш учун маҳаллий полицияга мурожаат қилдим. Фалакнинг гардишини қаранг, у менинг ишхонамдан атиги бир неча дақиқалик йўл нарида яшаётган экан.»

"Кейинроқ Google пайдо бўлди, ҳаёт ақл бовар қилмас даражада ўзгарди. Бироқ интернетда ўтириб, ниманидир қидиришни ҳеч қачон одамлар билан мулоқотга киришганча жонли изланиш билан солиштириб бўлмайди."

Адвокат

Ҳилари Ҳеилброн ўз адвокатлик фаолиятини 1972 йилда бошлаган. У ҳозирда Лондондаги Brick Court Chambers адвокатлар уюшмаси аъзоси. Ҳеилброн хоним тижорий ҳуқуқ ва халқаро арбитраж соҳасида малака оширган.

«Адвокатлик соҳасига энди кириб келганингизда сизга кўрсатмалар берадилар ва сиз бу кўрсатмалар бўйича ўз тадқиқотингизни олиб боришингиз зарур - ҳуқуқшунослик бўйича китоблар, қонунлар тўплами, кодексларни ўқиб чиқасиз, кутубхоналарда соатлаб вақтингизни ўтказасиз. »

«Бугунги кунда барча қонунлар тўпламлари, кодекслар, умуман, адвокатлар учун керакли бўлган ҳамма-ҳамма маълумотни интернетдан топишингиз мумкин. Кабинетимдаги жавонда чиройли қилиб териб қўйилган оғир-оғир тўпламлар турибди, аммо уларни очиб кўрмаганимга анча бўлди.»

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Ҳилари Ҳеилброн (ўнгда) отаси ва онаси Роуз Ҳеилборн билан. Онаси 1974 йили Юқори Суд судьяси сифатида қасамёд қабул қилган эди

"Google'нинг пайдо бўлиши ишимни жуда осонлаштирди, кўп вақтимни тежаб қоладиган бўлдим. Бироқ интернетда аввал мен билмаган жуда кўп маълумотлар пайдо бўла бошладики, мен уларни олдин ўқиган маълумотларим билан қиёслаб, анча вақтимни кетказишга мажбур бўлдим. Яна ҳуқуқ соҳасида ҳамма маълумот аниқ ва равшан бўлиши лозим, шу сабабли интернетдаги барча нарсани эҳтиёткорлик билан текшириб кўришга мажбурмиз."

«Эски замонда адвокатлар ўзини реклама қила олмасди - бу уят ҳисобланарди. Биз имкон қадар ишимизни пухта бажариб, танишлар орттиришга ҳаракат қилардик ва доим мижозлар яна қайтиб келишини умид қилиб яшардик.»

Кутубхоначи

Бундан бир неча ўн йиллар муқаддам Нью-Йорк Халқ Кутубхонаси жонли Google кўринишида фаолият олиб борар эди. Бирор саволга жавоб топмоқчи бўлган одамлар кутубхона ходимларига ёзма сўров берар, кутубхоначилар эса тоғдек уйилиб ётган китобу қоғозлар ичидан саволга жавоб ахтарар эдилар.

Бир неча йил аввал кутубхона жамоаси ўша сўровлар сақлаб қўйилган қутини топиб олдилар ва уларни кутубхонанинг Instagram'даги саҳифасида одамлар билан улашдилар.

«Мурдалар савдоси билан боғлиқ бизнес кўлами тўғрисидаги очиқ статистик маълумотларни қаердан олсам бўлади?» деб сўраган экан бир шахс 1948 йилда.

2018 йилда эса Reuters агентлиги АҚШдаги мурдалар савдоси билан боғлиқ вазиятни ёритиб берувчи мақолани эълон қилди.

"Сичқонлар ҳам қайт қилиши мумкинми? " сўрайди яна бир қизиқувчан инсон 1949 йилда.

Кутубхоначилар сўровнома эгасининг истагини қондириш учун лабораториялардан бирига мурожаат қиладилар ва «Ҳа, сичқонлар қайт қилиши мумкин,» деган жавоб оладилар.

«Агар заҳарли илон ўзини ўзи чақиб олса, у ўладими?»

1949 йилда одамлар кутубхонадан ҳайвонлар ҳақида кўп ғалати саволларни сўраган экан. 2018 йилдаги Google бу саволга шундай жавоб беради: ҳеч ким буни аниқ билмайди.

«Қоқ пешин пайти соат неча бўлган бўлади?»

Жавоб 12:00.

«Нега 18 асрга мансуб инглиз тасвирий санъат асарларида шу қадар кўп олмахонлар акс этган ва улар мусаввирни тишлаб олмаслик учун нима қандай йўл тутилган?»

Google'га кўра, ўша давр аёллари олмахонларни уй ҳайвони сифатида боқишган. Эҳтимол бунинг сабаби шундадир.

Академик

Жанис Еллин 1970 йиллар бошида Бостондаги Брендис Коллежида қадимий нубияшунослик бўйича докторлик ишини ёқлаган. Бугунги кунда Массачусетсдаги Бебсон Коллежида санъат тарихи профессори сифатида меҳнат қилади.

Сурат манбаси, Janice Yellin

Сурат тагсўзи,

Жанис Еллин Эн Нуба пирамидасининг ичида

"Google ҳамма нарсани ўзгартириб юборди. Энди мен бутун бошли кунимни сарфлаб, музей ёки кутубхонага боришга мажбурмасман. Ишимни ҳам самарали бажариш имконига эгаман. Google туфайли бир тадқиқотга сарфлайдиган вақтим деярли 80 фоизга қисқарди."

"Олдин маълумот тўплаш учун асал аридек уёққа-буёққа учардим. Ҳозир иш столимда ўтириб, ҳаммасини бажара оламан."

«Аммо у вақтларда кутубхоналарда бошқа тадқиқотчилар билан танишардик, фикр алмашардик. Фақат интернетда ўтириб ишлаш одамни ёлғизлатиб қўяди.»

«Кунингни китоб варақлаб ёки бошқалар билан мунозара олиб ўтказишнинг ҳам гашти бўлакча. Ҳозирги талабалар буни тушуниши қийин.»