Нега Шимолий Корея АҚШнинг талабларини бажаришга шошилмаяпти?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бундан сўнг Пхеньян қандай йўл тутиши мумкин?

Ўтган ой Сингапурда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашган Шимолий Корея раҳбари Ким Жон Ун жаҳон ҳамжамияти диққатини ўзига қарата олди ва у «янги алоқалар»ни йўлга қўйишга ваъда берди.

«Аср учрашуви» деб аталган ушбу саммит якунида ҳамманинг келажакдан умиди катта эди.

Саммит давомида Шимолий Корея "Корея яриморолининг ядросизлантирилиши" заруриятини эътироф этган бир вақтда АҚШ Пхеньян режимини жанубий қўшниси билан "фитнакорона" ўйинларни тўхтатишга чақирди.

Саммитдан сўнг воқеалар ривожи бошқача йўсинда давом этди. Пхеньян ракеталар учириладиган полигонларидан бирини буза бошлагани ҳақида хабарлар тарқалган бўлсада, жаноб Ким ядровий қурол дастурини яширинча давом эттираётгани тўғрисида гап-сўзлар пайдо бўлди.

Хўш, ярим асрдан зиёд вақтдан буён бир-бирига тиш қайраб келаётган икки давлат яна тил топиша олмадиларми?

Бўрттирилган қудрат

Шимолий Кореянинг йиллар давомида қилиб келган дўқ-пўписалари ортидан кўпчилик унинг асл ҳарбий қудратига ортиқча баҳо бериб юборади, дейди таҳлилчилар.

Австралияда жойлашган Лови Институти Осиёдаги қудратлар рейтингида Шимолий Кореяни 25 давлат ичидан 17-ўринга қўйган. Asia Power Index номли ушбу рейтингда минтақа давлатларининг ҳарбий, иқтисодий ва маданий имкониятлари чуқур таҳлилдан ўтказилган.

Шимолий Кореянинг ҳарбий имкониятлари ва қудрати борасида нотўғри тасаввур шаклланиб қолган. У ядро қуролига эга давлат бўлишига қарамай, иқтисодий жиҳатдан анчайин қолоқдир.

Қизиғи шундаки, ташқи дунёга таъсир қилишда, асосан, ҳарбий кучига таянадиган бу давлат халқаро муносабатларда ён беришларга йўл қўймасликка тиришади.

Ҳарбий қудрат

Эҳтимол, Шимолий Корея Осиёдаги ҳарбий жиҳатдан энг қудратли давлатлардан биридир, аммо у сифатдан кўра сонга урғу беришни маъқул кўради.

Мамлакат армияси, ҳарбийлашган жамият бўғинларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 1,4 миллионни ташкил қилади. Бу меҳнатга лаёқатли аҳолининг 8 фоизи ҳарбий соҳада фаолият юритади, деганидир. Фақатгина Хитой, Россия ва Ҳиндистон армияси Шимолий Кореяникидан каттароқ.

Қиёслайдиган бўлса, аҳолиси икки баробар кўп Жанубий Кореядаги аскарлар сони Шимолий Корея армиясининг ярмига тенг.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption АҚШ президенти билан учрашишга муваффақ бўлган жаноб Ким яхши роль ижро этган кўринади

Пхенян ихтиёрида кўп сонли жанговар танклар ва, ҳатто, 70 чоғли эски сувости кемаларидан иборат флот мавжуд.

Бироқ замонавий дунёда катта сонли армия қўшни ва бошқа минтақа давлатларини чўчитиш учун етарли эмас. Худди шу жойда Шимолий Кореяга қитъалараро баллистик ракеталар ва ядро қуроли ёрдамга келади.

Бундай қудратни ишга солиш эса Пхенян режимининг қулашига олиб келиши мумкин.

Қамал тафаккури

Бутун мамлакатни ҳарбий ҳолатда тутиб туриш Шимолий Корея учун анча қимматга тушади.

АҚШ Қуроллар назорати, текширув ва мувофиқлаштирув бюросининг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат ҳарбий соҳа учун ЯИМнинг 24 фоизини сарфлаб келмоқда.

Пхенян режимининг 70 йиллик мавжудияти давомида аҳоли онгига сингдирилиб келинган атрофни исталган пайтда мамлакатга бостириб киришга шай хорижликлар эгаллаб олган қабиладаги қараш ўзига хос қамал тафаккурининг шаклланишига олиб келган. Шу сабабдан шимолий кореяликлар иқтисодий танглик кучайган бир вақтда ҳам ҳарбий соҳага сарфланаётган улкан маблағларга нисбатан заррача эътироз билдирмайди.

Шу сабабли ҳам Шимолий Кореяда ҳарбий соҳадан ташқари барча секторларнинг ривожланиши ботқоққа ботиб қолган.

Иқтисодий имкониятлар

Ривожланиш жадаллашаётган дунёда Шимолий Корея бир жойда депсиниб турибди.

Маҳаллий нархлардан хулоса қилинса, Шимолий Кореянинг иқтисодиёти Жанубий-Шарқий Осиёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири бўлмиш Лаосники билан деярли бир қаторда туради. Бироқ Лаос аҳолиси Шимолий Кореяникидан тўрт баробарга кам.

Шимолий кореялик ишчиларнинг меҳнат самарадорлиги Осиёда энг қуйи поғоналарда туради. Табиий захиралар ҳам у қадар кўп эмас.

Озиқ-овқат, қайта ишланган металлар ва ёнилғи, асосан, ташқаридан олиб келинади. Мамлакатнинг энг муҳим экспорт маҳсулоти эса брикетланган кўмир ҳисобланади.

Дипломатик тармоқлар

Пхеняннинг дипломатик ва иқтисодий алоқалари абгор ҳолда.

Лови Институти олиб борган тадқиқотдан аён бўлишича, Шимолий Кореянинг 2015 йилда минтақа давлатлари билан олиб борган савдо алоқалари $6 миллиард атрофидани ташкил қилган. Бу Жанубий Кореянинг айни кўрсаткичининг атиги бир фоизига тенгдир.

Шимолий Кореянинг дунё бўйлаб 46 та элчихонаси мавжуд ва бу элчихоналар бир неча бор ғайриқонуний фаолият юритишда айбланган.

Ён қўшни Хитой

Шимолий Корея дунёдан бутунлай ажралиб қолмаган. Унинг бир неча яқин дўстлари ҳам бор.

Масалан, ёнгинада жойлашган қўшни Хитойни олайлик. Иккала давлат ўзаро мудофаа шартномасини имзолаган бўлиб, улардан бири ташқи ҳужумга учраганда иккинчиси ҳарбий кўмак кўрсатиш мажбуриятини олади.

Иқтисодий жиҳатдан, Хитой том маънода Шимолий Кореянинг жон томиридир. Ўзаро савдо Шимолий Корея ташқи савдо айланмасининг 87 фоизини ташкил қилади, дейилади Лови Институти олиб борган ўрганишлар натижасида.

БМТ Шимолий Кореяга нисбатан санкциялар жорий қилганда Хитойни уларни қўллаб-қувватлаган, аммо, катта эҳтимол билан, қўшнисига қарши ишлаб чиқилган жазо чораларини имкон қадар юмшатишга ҳам интилган.

Хитой учун тартибсизлик ҳукм сурувчи Шимолий Корея керак эмас. Агар Ким режими қуласа ва мамлакатда беқарорлик бошланса, Хитойнинг чегаралари қочоқлар билан тўлиб кетади. Шу сабабли расмий Пекин ҳозирги ҳолат сақланиб қолинишидан манфаатдор.

Халқаро таъсир

Шимолий Корея тинимсиз ўзгаришларга юз тутаётган дунёда ўзгаришсиз қолишнинг уддасидан чиқа олган бўлса ҳам, уни халқаро таъсирга эга давлат, деб бўлмайди.

Жануб каби Шимолий Корея ҳам бутун Корея яриморолининг қонуний бошқарувига даъвогарлик қилади.

Бироқ у жанубий қўшнисидан кўра анчайин заиф.

Жанубий Корея АҚШ билан мудофаа шартномасига эга ва икки давлат иттифоқчи саналади.

Сеулнинг иқтисодий таъсири бутун Осиёга кучли ёйилган. Жанубий Корея минтақадаги муҳим инвесторлардан биридир.

Маданий жиҳатдан ҳам Жанубий Корея кўп таъсирга эга. К-поп маданияти ва телесериаллар Сеулнинг ўз маданий таъсирини мамлакат сарҳадларидан ташқарига ёйишида муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Йилига 15,7 миллион сайёҳ Жанубий Кореяга ташриф буюради. Қиёслаш учун: атиги 1,4 миллион хитойлик сайёҳ ҳар йили Шимолий Кореяга боради.

Бундан сўнг Пхеньян қандай йўл тутиши мумкин?

АҚШ президенти билан учрашишга муваффақ бўлган жаноб Ким яхши роль ижро этган кўринади.

У Сингапурнинг ютуқларини мақтаб, Шимолий Корея ривожи учун бу ердан тажрибалар ўрганиб кетишга ваъда берган эди. Бироқ у бутун дунё эътиборида бўлган масала - ядросизлантиришнинг аниқ муддатини белгилашга рози бўлмади.

АҚШ Шимолий Корея ўз ядро қуролларидан воз кечишини истайди ва бунинг эвазига Пхеньянни катта иқтисодий имтиёзлар билан мукофотламоқчи.

Аммо жаноб Ким иқтисодий ривожланиш ва ядро қуролларидан қайси бирини танлашни билмай боши қотган кўринади.

Ўн йиллаб давомида ядро қуролини ўз мавжудияти кафили сифатида кўриб келган режимнинг бундай чуқур ўйга толиши табиий ҳол.

Агар Пхенян режими ядро қуролидан воз кечгандан сўнг омон қолишига кўзи етса ва иқтисодий ўсиш йўлини танласа, у ҳолда унинг энг яқин ҳамкори, шубҳасиз, Жанубий Корея бўлади.

Аммо қанчайин иқтисодий эркинликка зўр бермасин шимолликларнинг Жанубий Кореяга етиб олишига бир неча ўн йиллаб вақт кетади.

Балки бу йиллар давомида мамлакатни соя остида тутиб келган Кимлар сулоласи учун ҳақли тўловдир?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар