Аёллар модаси: Қарилик аломати сифатида кўриладиган кулранг соч урфга кирмоқдами?

Кейт Фото муаллифлик ҳуқуқи @katedinota

Онаси илк оқиш кулранг сочини топиб олганда Кейт Динота эндигина етти ёшга қадам қўйган эди.

14 ёшга тўлганда эса Кейт кулранг сочларини яшириш учун сочини доимий бўяб юрадиган бўлди. Кейт 28 га кирганда ҳисоблаб кўрса, тахминан 1,000 соат вақти ва $18,000 пулини салонларда сочини бўятиш учун сарфлабди. Шундан сўнг у табиий кулранг сочини севишга қарор қилди.

Кейт соч бўяшдан воз кеча бошлаган аёлларнинг ҳамжамияти ифодаси бўлмиш Instagram'даги Grombre номли саҳифанинг тимсолларидан биридир.

26 яшар Марта Труслов Смит аксарият одамлар томонидан қарилик аломати сифатида кўрилувчи кулранг сочлари ҳақида салбий фикрлар эшитавергандан сўнг ушбу саҳифани очишга қарор қилган.

Ҳозирда саҳифани 10,000 дан зиёд одам кузатиб боради. Унда қўйиб бориладиган суратли ҳикояларга нисбатан билдирилаётган изоҳларнинг катта қисми илиқ ва ижобий. Бу саҳифа орқали одамлар муносабати ортидан бир вақтлар сочининг табиий рангини яшириб юришга мажбур бўлган аёллар ҳикоялари улашилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи @Grombre

«Аёллар ҳар куни одамлар ўзи ҳақида нима дейишини ўйлаб яшайди. Бошқалар кўзига имкон қадар ёш бўлиб кўринишга, омманинг фикрига қараб ўзини ўзгартиришга уринади. Бироқ мен ўзимнинг асл табиий қиёфам қандай эканлигини кўришни истайман,» дейди Марта.

Ню-Йоркда истиқомат қилаётган Кейт сочини ортиқ бўямаслиги ҳақида дўстларига айтганда, уларнинг кўпи бу қарорга ишонқирамай қараган.

«Ишончинг комилми? Карьеранг нима бўлади? Ҳали ёшсан, сочингни бўямасанг, кампирга ўхшаб қоласан,» қабиладаги гапларни у кўп эшитар эди.

Кейт барча ёшдаги кулранг сочли аёлларга нисбатан шаклланган қарашни ўзгартириш лозимлигига ишонади.

"Одатда ёши 60 дан ўтган аёлларнинг кулранг сочини табиий қабул қиладилар. Агар сен ёш бўлсанг ва табиий кулранг сочинг билан кўчада юрсанг, ҳамма сенга ғалати қарайди."

Кулранг соч малласочликнинг янги кўринишими?

Одамлар учун ёш аёлларнинг кулранг сочи қанчалик қарилик белгиси сифатида кўринмасин, сўнгги вақтларда сочни кулрангга бўяш яшин тезлигида урфга айланмоқда.

Image caption Кулранг сочларга қизиқишнинг дунё бўйлаб кўриниши

Леди Гага ва Ариана Гранде каби машҳурлар кумушранг сочнинг кенг омма орасида ёйилишига катта ҳисса қўшмоқда.

Таниқли соч бўёқчи Рита Ҳезен Бейонс ва Мерая Кери каби юлдузларнинг сочини кулрангга бўяган.

Ҳезен хонимники каби салонлар охирги пайтда кулранг ва кумушранг сочга нисбатан улкан талаб билан юзлашмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rita Hazan

Бироқ Ҳезен хоним одамларни юлдузларга ўхшайман, деб сочини уйда бўяшдан қайтармоқда. Унга кўра, машҳурларнинг сочи кумушдек товланиб туриши учун бутун бошли профессионаллар жамоаси меҳнат қилади.

«Одамлар чиройли кўринаман, деб сочини азобларга қўймоқда,» дейди у.

Икки ярим йил олдин кумушранг соч трендга айлана бошлагандан сўнг техаслик 30 яшар Стефани Танчез ҳам сочининг табиий рангини беркитиб юрмасликка қарор қилган.

"Ўша вақтлари ўйлаб қолдим: одамлар сочимни кумушранг қиламан, деб салонларда юзлаб доллар сарфлаяпти, мен эса табиий кумушранг сочимни яшириб юрибман," сўзлайди Стефани.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Stephanie Tunchez
Image caption Стефани онаси билан

Унинг қарори онасини ҳам илҳомлантирган: «Энди она-бола эгизакларга ўхшаб қолдик. Менга жуда ёқяпти кўринишимиз.»

Instagram'даги The Hair Historian саҳифаси эгаси Рейчел Гибсонга кўра, юлдузлар доим ниманидир синаб юриши одатий ҳол, лекин кумушранг сочга бўлган муносабатнинг ўзгараётгани ҳақиқий янгиликдир.

Тарихан кулранг соч донишмандлик ва билим тимсоли сифатида кўриб келинган. 18 асрда европалик киборлар кумушранг ясама соч кийиш ва сочларига оқ упа сепиб юришни хуш кўрганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Shutterstock

Сочни бўяш анъанаси, ҳатто, кўҳна Миср ва Рим маданиятларида учрайди, лекин бу одатнинг замонавий қиёфаси 20 асрда шаклланган.

"Аввалига сочни бўяш 'ўзини ҳурмат қиладиган' аёлнинг иши эмас, деб ҳисобланган. Сочини бўяган аёлларга манман ва енгилтак шахсга қарагандек қарашган," изоҳлайди Рейчел.

1950 йилларда "ҳавас қиларли уй бекаси" қиёфаси замонавий маданиятда чуқур илдиз ота бошлагандан сўнг L'Oréal ва Clairol каби брендлар уйда қўллаш мумкин бўлган хавфсиз бўёқларни тарғиб қила бошладилар.

Янги бўялган соч навқиронлик белгисига айлана бошлади. Бироз вақт ўтиб, соч бўяш эркаклар орасида ҳам урфга айланди.

«Ўша даврдаги авлод қаришга қарши туришни истай бошлади. Улар ёш кўриниш учун ҳар нарсани қўллаб кўришга уринардилар,» дейди Рейчел.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bettmann via Getty

"Бизнинг кунларимизда 50-60 яшар одамларга олдингидек муносабатда бўлишмайди. Атиги ярим аср олдин 60 га қадам қўйган одамга ҳаётининг сўнгги кунларини яшаётган шахсдек қараларди."

Сочлар нима учун кулранг тусга киради?

Ер юзининг кўп қисмида кулранг соч толаларининг пайдо бўлиши қариш жараёнининг бошланиши белгиси сифатида кўрилади.

Британиянинг Бредфорд Университетида тук ва тери пигментацияси бўйича мутахассис бўлиб ишловчи профессор Дезмонд Тобин европа ирқига мансуб одамларнинг илк 20 ёшида кулранг толалар пайдо бўлишини нормал ҳол, деб атайди.

У сочларнинг ҳар хил кўринишига сабаб бўлувчи генлар ўрганилган тадқиқотда иштирок этган. Тадқиқот натижасига кўра, ирқлардаги ўртача қариш жараёни турлича ёшларда кечар экан. Масалан, аждодлари африкалик ёки шарқий осиёлик бўлган одамларнинг сочига кечроқ оқ тушади.

Тадқиқот давомида сочимиз ўсиши учун жавоб берувчи фолликуллар ишлаб чиқарилишига гормонлар ва тушкунлик каби омиллар кучли таъсир қилиши аниқланди. Бироқ баъзи одамлардаги сочнинг эрта ранг йўқотиши ва соч тўкилишига ирсий мойиллик сабаб бўлади.

Эркаклар сочининг оқариши ёки кумушранг тусга кириши унча қўрқинчли бўлмасада, бундай ҳол билан юзлашган аксарият аёллар узоқ йиллар давомида тушкунликка тушиб қолади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Shelli Gillis
Image caption 46 ёшли Шелли

46 ёшли Шелли Жиллиснинг фикрича, ижтимоий тармоқлар таъсири остида аёллар кулранг сочга кўпроқ ижобий кўз билан қарай бошлаши мумкин.

"Ўйлашимча, яқин вақт ичида бундай рангли сочларни янада кўпроқ аёл ёқтириб қолади. Кулранг ёки кумушранг сочга бўлган муносабат ўзгара бошлагандан сўнг сочининг табиий ранги шундай бўлган аёллар ҳам ўз қиёфасини янада кўпроқ севадиган бўлади."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар