Россиялик журналист Ўрхон Жамол ўлдирилди

Марказий Африка Республикасида уч нафар россиялик журналист ўлдирилган.

Улар орасида Ўрхон Жамол ҳам бор.

Бу ҳақда Би-би-сига Ўрхон Жамолнинг дўсти Максим Шевченко хабар берди.

Франс-Пресс агентлиги ўлдирилганларнинг ёнида мухбирлик гувономаси бўлганини ёзмоқда.

Агентлик манбаъларининг билдиришича, россияликлар номаълум қуроллилар томонидан ўлдирилган.

Африка давлатидаги манбаънинг "Интерфакс"га айтишича, дастлабки фаразларга кўра, қотиллик ўғирлик мақсадида содир этилган бўлиши мумкин.

Хабарларга кўра, Ўрхон Жамол Александр Расторгуев ва Кирилл Радченко билан Марказий Африка Республикасидаги россиялик ёлланма аскарлар ҳақида лавҳа тайёрлаётган бўлган.

Ўрхон Жамол Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондаги воқеаларни яқиндан ёритган кам сонли россиялик журналистлардан эди.

У жумладан, Андижон қирғини ва 2010 йилдаги Ўш ҳамда Жалолободдаги хунрезликлар ҳақида лавҳалар тайёрлаган.

2016 йил кузида Би-би-си билан суҳбатда Ўрхон Жамол Андижон қирғини ҳақида гапириб берган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek