АҚШ Туркияга жазо чораларини киритди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Эндрю Брансон АҚШда муҳожиротда яшаётган туркиялик уламо Фатҳуллоҳ Гулен билан ҳамкорликда айбланади.

Қўшма Штатлар Туркия ҳукуматининг икки вазирига нисбатан жазо чораларини жорий қилган.

Санкциялар 2016 йил октябридан буён Туркияда ҳибсда қолаётган америкалик руҳоний Эндрю Брансон иши туфайли киритилмоқда.

"Президентнинг топшириғига биноан, молия вазирлиги пастор (протестант руҳонийси-таҳр) Эндрю Брансоннинг ушланиши ва ҳибс этилишида етакчи рол ўйнаган Туркиянинг адлия ва ички ишлар вазирларига нисбатан жазо чораларини киритмоқда", - деб айтган брифинг чоғида Оқ Уй матбуот котиби Сара Сандерс.

АҚШнинг қарори Туркия адлия вазири Абдулҳамид Гул ва ИИВ раҳбари Сулаймон Сойлунинг америкадаги барча ҳисоблари музлатилишини англатади.

Бундан ташқари, АҚШ фуқароларига улар билан битимлар тузиш тақиқланади.

Эндрю Брансон АҚШда муҳожиротда яшаётган туркиялик уламо Фатҳуллоҳ Гулен билан ҳамкорликда айбланади.

Турк ҳукумати Гуленни 2016 йил июлидаги давлат тўнтаришига уриниш ва мамлакатда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (ПКК)ни дастаклашда айблайди.

Жазо чораларига муносабат билдирган Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли АҚШ санкциялар билан ҳеч қандай натижага эришмаслигини айтган.

Санкциялар эълон қилиниши ортидан турк лирасининг қадри кескин тушиб кетган.

Туркия АҚШ қарорига керакли жавобни беришини айтмоқда.

Мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси раҳбари Камол Қиличдорўғли Американинг икки вазирига нисбатан худди шундай санкцияларни қўллаш таклифи билан чиққан.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Алоқадор мавзулар