Илм-фан: қора туйнук Эйнштейн назарияси ҳақлигини исботлади

Black hole and S2 Фото муаллифлик ҳуқуқи ESO/M. Kornmesser
Image caption Астрономлар қора туйнукнинг гравитация майдонидан ўтаётган юлдузлар ҳаракатини кузатишга муваффақ бўлганлар

Галактикамиз марказидаги қора туйнук астрономларга Алберт Эйнштейннинг башорати тўғри эканлигини тасдиқлашга ёрдам берди.

Туйнук атрофидаги юлдузлар тўдасини кузатиш орқали улар «гравитацион қизилга силжиш» номли феномен мавжудлигини тасдиқлашга муваффақ бўлдилар.

Содда тил билан айтганда, бу феномен ёруғлик тўлқини узунлиги тортишиш кучи марказига нисбатан чўзилганда юзага келади.

Кузатув натижаси олимларга қора туйнуклар табиатини янада яхшироқ англашга имкон яратди.

Олимлар Чилидаги The Very Large Telescope (VLT) телескопи орқали S2 юлдузининг Сомон Йўли марказида жойлашган Sagittarius A* номли улкан қора туйнукнинг кучли гравитация майдонидан ўтишини кузата туриб, Эйнштейн башоратини тасдиқловчи далилни қўлга киритдилар.

Улар кузатган гравитацион қизилга силжиш феномени ёруғлик заррачалари (фотонлар) қора туйнук каби гравитацион бўшлиқ томон чўзилганда содир бўлади. Фотонлар ҳаракатланган сари ёруғлик тўлқини узунлиги узайиб бораверади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бу янгиликдан Алберт Эйнштейн шубҳасиз мамнун бўлган бўларди

Бу таъсир Эйнштейннинг нисбийлик назариясида башорат қилинган эди, аммо шу вақтга қадар қора туйнукнинг кучли гравитацион майдонида кузатилмаган.

Германиядаги Макс Планк Коинот Физикаси Институтидан Френк Айзенхаурнинг айтишича, мазкур кузатув қора туйнуклар табиатини яхшироқ ўрганиш ишларига дебоча бўлиб хизмат қилади.

Айни илм даргоҳининг яна бир ходими бўлмиш Рейнҳард Гензел шундай дейди: "Жараённи янада яқиндан кузатиш мумкин бўлган уфқ (қора туйнукнинг «борса келмас» нуқтаси)қа имкон қадар яқинроқ бориш учун ҳали кўп иш қилиш лозим. Бу нуқтада Эйнштейн назариясидан кўплаб четга оғишларни кузатиш мумкин."

VLT телескопини назорат қилувчи Европа Жанубий Обсерваториясидан Франсуа Делпланк физика қонуниятлари маълум шароитлар остида фақатгина Қуёш тизимида текширилиши мумкинлигини айтади.

«Биз билган қонуниятлар тортишиш кучи юқори бўлган майдонларда ҳам ишлашини текшириб кўриш астрономия учун жуда муҳим,» изоҳлайди у.

S2 Sagittarius A* ни ўраб турувчи юлдузлар тўдаси аъзосидир. Бу тўдадаги юлдузлар қора туйнукка яқинлашганда ақл бовар қилмас даражадаги тезликда ҳаракатланади. S2 юлдузи ҳар 16 йилда Sagittarius A* га жуда яқин келади.

Астрономлар шу йилнинг 19 май куни S2'нинг қора туйнукка яқин келиш ва ундан узоқлашиш жараёнини босқичма-босқич кузатиб бордилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ESO / A. Ghizzi Panizza
Image caption Кузатувлар Чилидаги Very Large Telescope деб номланган телескопда амалга оширилган

S2 қора туйнукка Ер ва Қуёш орасидаги масофадан 120 марта кўп бўлган масофада яқинлашганда унинг орбитал тезлиги сониясига 8,000 кмни ташкил этди. Бу ёруғлик тезлигидан 2,7 фоиз кўпроқ дегани.

Олимлар юлдуздан чиқаётган ёруғлик тўлқини қора туйнукнинг тортишиш кучи таъсирида узаяётганини пайқаб қолдилар.

Кузатув натижалари нисбийлик назариясида илгари сурилган ғоялар билан мутаносиб келган эди.

Астрономлар S2 юлдузини кузатишда давом этмоқдалар. Унинг траекториясини кузатиб бориш Сомон Йўлининг марказий қора туйнуги атрофидаги оғир шароит ҳақида янги маълумотлар кашф этилишига сабаб бўлса ажаб эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL
Image caption Рассом чизган сурат: астрономлар қора туйнукка боғлиқ физиканинг бошқа жиҳатларини ҳам тадқиқ этиш ниятидалар

Гравитацион қизилга силжиш феномени қора туйнук каби тортувчи бўшлиқ таъсиридан чиқиб кетишга уриниш жараёнида юзага келади. Бу жараёнда ёруғлик зарралари (фотонлар) ҳаракатланиш учун энергия сарфлашга ҳаракат қилади.

Айни вақтда заррачалар мунтазам ёруғлик тезлигида ҳаракат қилиши лозим.

Фотонлар сарфлаган энергия ёруғлик спектерида қизилга томон ўзгариб боради. Феноменнинг номи ҳам шундан келиб чиққан.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ