'Хонага пайпоқсиз кир!': Ҳинд имтиҳонларидаги қаллобликлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Талабаларнинг ота-оналари фарзандарига тест жавобларини бериш учун мактаб биноси деворига тирмашишмоқда.

Ҳиндистон шарқида жойлашган Биҳор штати расмийлари талабалардан имтиҳонларга пайпоқ ва оёқ кийимларни ечиб киришни талаб қилмоқда. Уларга кўра, бу имтиҳонлардаги қаллобликларга қарши чоралардан биридир.

Штат маъмурияти вакиллари Би-би-сига талабалар пайпоқ ичида жавоб ёзилган қоғозлар, яъни шпаргалкаларни олиб киришини айтди.

Мазкур тартиб жорий йилнинг 21-февралида кучга кирган. Ўша вақтда деярли 1,8 миллион нафар 15 ёшли ўсмир ўзининг якуний - 10-синф имтиҳонига ҳозирлик кўраётган эди.

Биҳор узоқ вақт талабаларининг қаллоблиги билан машҳур бўлиб келган.

Шунингдек, расмийлар эндиги имтиҳонларга киришдан олдин талабалар обдон тинтувдан ўтказилиши ва тест топшириш жараёни видеокамералар билан кузатиб турилишини айтмоқда.

Пайпоғи ва оёқ кийимини ечишдан бош тортган талаба имтиҳонга қўйилмайди, дейди расмийлардан бири.

Ҳатто, Биҳор штати маъмурияти 2016 йили мактаб имтиҳонларида шпаргалка билан қўлга тушган ўқувчилар учун жарималар ва қамоқ жазосини ҳам жорий этган эди.

Бундай қарор энг аълочи ўқувчилардан бири сифатида эътироф қилинган 17 яшар қизнинг имтиҳонда фирибгарликка қўл урганлик гумони билан ҳибсга этилгани ва қайта тайинланган тестдан йиқилганидан сўнг олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption About 1.8 million students will appear for their class 10 test.

2013 йили 1,600 дан зиёд ўқувчилар шпаргалка билан қўлга тушгандан сўнг мактабдан ҳайдалган. Тестларда фарзандларига ёрдам берган 100 нафар ота-она ҳам ҳибсга олинган.

Штат маъмурияти имтиҳондаги қаллобликларга қарши 2016 йили қаттиққўл тартиблар жорий этиши ортидан талабаларнинг имтиҳондан муваффақиятли ўтиши даражаси 2014-2015 ўқув йилида кузатилган 70 фоиздан кескин пастга қулаб, аранг 50 фоизни ташкил этган.

Ҳиндистонда имтиҳонлардаги муваффақият келажакда яхши иш топиш гарови сифатида кўрилади. Ҳозирда мамлакатда саводхонлик даражаси сезиларли ошган бўлсада, айрим ҳудудларда таълим сифати ҳамон абгорлигича қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek