Имтиҳон-2018: Яна қаерда интернет ўчирилади?

Satellite dishes Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images/Reza

Ўзбекистонда 2017 йилга қадар олий ўқув юртларига кириш учун фақат 1 август кунлари ўтказиб келинган имтиҳонларда маълум вақт мобил интернет ва SMS хизмати ўчирилиб қўйилар эди. Қарангки, дунёда бундай тажрибани қўллайдиган фақат биз эмас эканмиз. Эстафета таёқчаси энди Жазоирга ўтган кўринади.

20-25 июнь куни ўтказилган мактаб имтиҳонларида қаллобликларга йўл бермаслик учун шу кунлари бутун Жазоир бўйлаб интернет ўчириб қўйилди.

Олти кун давомида имтиҳон бўлиб ўтган соатларда бирор жазоирлик интернетга кира олмади. Ўтган йили ҳам мамлакат ҳукумати имтиҳон вақтида интернетни ўчириб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилган, аммо ижтимоий тармоқларга чекланган кириш сақланиб қолинган эди. Жорий йилда бу ҳам ортиқчалик қилган кўринади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Жазоирда 2016 йилги имтиҳонлардан бироз олдин саволлар интернетда тарқаб кетган эди. Шу туфайли кейинги йилларда ҳукумат бундайин кескин чора қўллашга қарор қилган.

Таълим вазири Нурия Бенгҳабрит ўзига ҳам бундай чора ёқмаслиги, лекин савол-жавобларнинг эҳтимолий тарқалиб кетишига ҳам йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаб ўтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Таълим вазири Нурия Бенгҳабрит

Имтиҳон хоналарида ҳам қатъий тартиблар ўрнатилган: ўқувчилар ичкарига киришдан олдин металл изловчи қурилмалар орқали тинтиб чиқилган, жараён видеокамералар орқали мунтазам кузатиб борилган ва ҳар бир бинога мобил тўлқинни бўғувчи "глушилкалар" олиб келинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek