Британия имтиҳон саволларининг қўлга чиқиб кетмаслиги учун нима қилмоқда?

Exam room Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Британияда имтиҳон саволларини тайёрловчи ва тайёрлашга ёрдам берувчи ўқитувчилар ушбу саволлар қачон ва қаерда ишлатилишини билиш ҳуқуқидан маҳрум қилинмоқда. Расмийларнинг ишонишича, шу йўл билан саволларнинг шпаргалка кўринишида тарқалиб кетишига чек қўйиш мумкин.

Имтиҳонларни назорат этувчи Ofqual департаменти ўтган йил ёзида икки нуфузли хусусий коллежда имтиҳон қаллоблиги иддаоси билан юзага келган можародан сўнг бундай қарорни олган.

Этон ва Винчестер коллежларида ўтказилган имтиҳонларда иштирок этган ходимлар саволларни сиздириб юборишда гумонланган.

Ҳозирда ҳам ўқитувчилар имтиҳонлар учун саволлар тузишда иштирок этиши мумкин, бироқ имтиҳон бошқармалари улар учун талабларни қаттиқлаштирмоқда.

Бу борада белгиланган чоралар қуйидагича:

•Ўқитувчилар ўзи томонидан ёки ўз ёрдами асосида тузилган саволларнинг қачон ва қаерда ишлатилишидан хабар топмаслигини таъминлаш;

•Саволларни сиздириб юбормаётганлигига ишонч ҳосил қилиш учун уларни тузган ўқитувчиларнинг ишидан доимий нусха олиб бориш;

•Ўқитувчилар белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилишини таъминлаш учун тренинг ишларини яхшилаш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш.

Этон Коллежининг академиклар раҳбари ўринбосари Мо Тенвир экономика бўйича бўлажак имтиҳонга тааллуқли махфий маълумотни ходимлар жамоасига етказганликда гумон қилингандан сўнг ўз хизмат лавозимидан кетган. Винчестер коллежининг бир ўқитувчиси ҳам имтиҳон саволларини тарқатишда гумонланган.

'Муҳим ўрин'

Бу воқеалардан сўнг савол тузувчи ўқитувчиларга қўйилган талабларни қатъийлаштириш борасида таклифлар кўпая бошлаган.

Мактаб ва Коллеж Етакчилари Ассоциацияси бош котиби Жеф Бартон таклифларга муносабат билдира туриб, ўз билими ва маҳоратини саволларни тайёрлаш жараёнига бахшида этаётган ўқитувчиларнинг ўрни муҳимлигини таъкидлаб ўтган.

«Саволлар тузишда иштирок этувчи ўқитувчиларнинг катта қисми ҳалоллик нима эканлигини унутмаган. Шунинг учун ҳам ўтган ёздаги каби ҳолатлар жуда кам учрайди,» дейди у.

Малака Ошириш Бирлашган Кенгаши бу масалага шундай изоҳ беради: «Қаллобликлар… бутун имтиҳон тизимидаги софлик ва одамлардаги ишончга путур етказади.»

Бундан ташқари ўқитувчилар томонидан саволлар сиздирилгани тўғрисида хабар берганларни мукофотлаш таклифи ҳам кўриб чиқилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар