Аёлларнинг ҳайз кўриши мия фаолиятига қандай таъсир кўрсатади?

ҳайз Фото муаллифлик ҳуқуқи Tatomm

Ой кўриб бўлган аёлларнинг атроф-муҳитга эътибори кучаяди. Ҳайз кўришдан уч ҳафта ўтиб, аёлларнинг сўзамоллиги ортади. Аслида, ҳайз кўриш мия фаолиятига таъсир қилишини кўпчилик яхши билади, аммо бу жараён ҳамма ўйлагандек оддий кечмайди..

Қадимда Миср коҳинларидан тортиб юнон файласуфларига қадар нега аёллар ойнинг маълум кунларида ўзгариб қолишига қизиққанлар. Бу масала илм дарғаларини минг йиллар давомида ўйлантириб келган.

Афлотун аёлларда маълум вақт жазава пайдо бўлишининг сабаби 'азадор бачадон' эканлигига ишонган. Унга кўра, бачадон бола кўтариб юрмаганидан қайғуга ботиб, аза тутади. Унинг бошқа замондошлари эса бачадон тана бўйлаб сайр қилиб юриб, бошқа ички аъзолари орасига тиқилиб қолганда йиғлайди ва аёлда жазава пайдо бўлади, дея мулоҳаза юритганлар.

Бундай мулоҳаза 19 аср бошларига қадар кун тартибидан тушмайди. Шу даврдан бошлаб замонавий қин вибраторларининг аждоди ёрдамида жазава пайдо бўлган аёлларда оргазм ҳосил қилиш йўли билан ҳайз асоратларини бостириш урфга киради.

Бугунги кунда ҳам феъл-атвори ўзгариб қолган аёлга нисбатан «касали келган шекилли» ибораси дунё бўйлаб кенг қўлланилади.

Илм-фан ҳам ҳайз кўраётган аёлнинг зеҳниятида ўзгариш пайдо бўлишини тасдиқлайди. Бироқ бу ўзгаришнинг сабаби ҳамма ўйлагандек жўн эмас.

Одамлар томонидан ҳисобга олинмайдиган бир жиҳат шундаки, ҳайз кўриш даври аёлларнинг мия фаолиятига кўп ҳолларда ижобий таъсир қилади.

Ой кўриб бўлгандан сўнг аёл атроф-муҳитга кўпроқ ва яхшироқ эътибор бера бошлайди, кўпчиликнинг назари илғамаган предметларга диққат қилади. Ҳайз давридан уч ҳафта ўтиб, аёлнинг сўзамоллиги, сўзлашув маҳорати ортади.

Бундай ўзгаришларнинг сабабчиси эса «азадор» бачадон эмас, ой давомида турли миқдордаги эстроген ва прогестерон гормонларини чиқариб турадиган тухумдонлардир. Гормонларнинг асосий вазифаси репродуктив тизим фаолиятини тартибга солиб туриш бўлсада, улар аёлларнинг мия фаолияти ва феъл-атворига ҳам таъсир ўтказади.

Олимлар ҳайз кўриш циклини 1930 йиллардан буён илмий жиҳатдан ўрганиб келадилар. Бу ўрганишлар давомида ҳайз даврининг аёлга нисбатан ажабтовур таъсирлари кашф этилди. Масалан, ҳайз аёлнинг тунда қандай туш кўришига таъсир қилади.

Бироқ мазкур мавзуда ўтказилган тадқиқотларнинг аксариятига аёлларнинг ғаройиб биологиясини янада чуқурроқ англаш эмас, балки аёллар ва эркаклар ўртасидаги фарқларни яхшироқ ўрганишга интилиш туртки берган эди.

Тадқиқотлар давомида очилган муҳим бир янгилик аёллар ва эркаклар миясининг ўзаро фарқланиши бўлди. «Ҳар икки жинсдаги мия фаолиятининг турли эканлиги жинсий гормонлар миқдорининг ўзгариб туришига боғлиқ,» дейди Дурам Университетидан невролог олим Маркус Ҳаузман. "Гормонлар аёлларда ҳайз кўриш чоғида ўзгарса, эркаклардаги тестостерон мавсумий ошиб, камайиб туради. Бунинг бари табиий жараён."

Аёлларнинг яна бир фарқли томони шуки, уларнинг мулоқотга киришиш қобилияти, киришимлилиги эркакларникидан анча юқори. Бундан ташқари аёллар ҳар кимнинг бирор масалага нисбатан оммадан фарқли ўлароқ ўз қараши бўлишини ҳам яхши англайдилар. Маълумотларга кўра, ўғил болалар қизлардан кўра аутизм (одамлар билан мулоқотга киришишга қийналиш билан изоҳланадиган илк болалик давридан юзага келувчи руҳий ҳолат)га тўрт баробар кўпроқ чалинар экан.

«Қизлар ўғил болалардан кўра тезроқ тилга киради, аёлларнинг сўз бойлиги эркакларникига қараганда кўпроқ, аёллар сўзни қандай қўллашни жуда яхши билади,» дейди Чикагодаги Иллинойис Университетидан руҳшунос Полин Маки.

Аёлларнинг вербал, яъни оғзаки сўзлашув қобилиятининг юқори эканлиги сабаби узоқ ўтмишга бориб тақалади. Одам эволюцияси давомида болалар тарбиясига, асосан, аёллар масъул бўлган ва зурриётга муҳим маълумотларни ҳам айнан аёллар оғзаки тарзда етказган. Масалан, "бу мевани ема, у заҳарли," каби.

Гормонал мувозанат

2002 йили Балтиморда жойлашган Геронтолгия Тадқиқот Марказидаги ҳамкасблари билан биргаликда Полин Маки эстроген гормонининг ўзгарувчан даражаси ой давомида аёлларнинг ўзини тутиши ва турли қобилиятларига қандай таъсир қилишини ўрганиб кўради.

Тадқиқотда иштирок этган аёллар икки марта текшириб кўрилади: биринчиси, ҳайз кўриш тугаши билан, яъни эстроген ва прогестерон даражаси пастлигида ҳамда иккинчи, ҳайз давридан бир ҳафта ўтиб - гормонлар даражаси юқорилаган вақтда.

Бу кичик тадқиқотда атиги 16 нафар аёл иштирок этган бўлса ҳам, натижалар диққатга сазовор эди.

Аёллик гормонлари юқори бўлган кунлари иштирокчиларда эркаклар қобилиятсиз бўлган масалалар (мисол учун, атроф-муҳитга диққатли бўлиш)да нўноқлашиш, аммо сўзларни маромида қўллаш маҳорати ортиши кузатилади. Гормонлар даражаси пасайган вақтда эса атроф-муҳитга эътибор қилиш хусусияти яна тикланиши аниқланади.

Тухумдондан тухум ҳужайралар ажралаётганда, яъни гормонлар даражаси юқорилаган вақтда аёлларнинг яна бир қобилияти ошиши кузатилади, дейди Полин Маки. Бу 'онгости хотираси'дир. Масалан, бу пайтда аёллар ўзи олдин диққат қилмаган нарсалар ва сўзларни тўсатдан эслай бошлайди.

Шу сабабдан ҳайз кўришдан сўнг бироз вақт ўтиб, аёлларнинг сўз бойлиги ортади, сўзамоллиги кучаяди.

Қисқача айтганда, Полин Макининг ишонишича, бундай ойлик ўзгаришларнинг асосий сабабчиси эстроген гормонидир.

Бу гормон миянинг икки ёнма-ён қисмига таъсир ўтказади. Биринчиси, хотираларни тўплашга жавобгар денгиз тойчаси шаклидаги гиппокампдир. Гиппокамп фаол ишлаган вақтда шахснинг сақланган маълумотлар ва хотираларни эслаш хусусияти кучаяди ва бу, ўз навбатида, бошқалар билан мулоқотга киришишни осонлаштиради, ўзгалар фикри ва ҳаракатини яхшироқ англашга ёрдам беради. Аёллик гормонлари фаоллаша бошлаганда миянинг бу қисми ҳар ой катталашади.

Иккинчи қисм бодомсимон амигдала ёки миндалина бўлиб, у бизнинг ҳиссиётларимиз, ҳиссий ҳолатимизни назорат қилади. Айниқса, қўрқув ҳисси айнан амигдалага боғлиқдир. Қизиқ томони шундаки, биз қўрқув ҳисси устун бўлган мавзулар юзасидан тез қарор чиқариш вақтида беихтиёр амигдаланинг буйруқларига бўйсунамиз. Миянинг бу қисми фаолияти юқори бўлганда шахснинг қийин вазиятлардан чиқиб кетиш маҳорати ортади.

Шу сабабдан ҳам ҳар ой эстроген даражаси ошганда аёллардаги қўрқувни англаш қобилияти ошиб кетади.

Бироқ ҳайз кўриш билан боғлиқ баъзи исботланмаган қарашлар ҳам мавжуд. Масалан, йиллар давомида олимлар тухум ҳужайралар ажралиши ортиб, аёллар ҳомиладорликка тайёр бўлган сари қадди-қомати келишган, кўркам эркакларни кўпроқ хоҳлай бошлайди, дея ҳисоблаб келар эди. Бироқ сўнгги вақтларда ўтказилган бир қанча кенг кўламли тадқиқотлар бу қарашни тасдиқламади.

Миянинг қудрати

Ҳайз кўриш аёлларнинг миясига таъсир қилиши илм-фан томонидан изоҳлаб берилган бўлсада, гап фақат гормонларда эмас.

Яна бошқа бир асосий сабаб аёллар ва эркаклар мия фаолиятининг турлича эканлигида ётади. Аёллар эркаклардан фарқли тарзда қарор қабул қилиш, масалаларни ечишда миясининг ҳар икки палласини ишга солади.

Аёлларнинг мияси эркакларники нисбатан нега кичикроқ эканлиги фан учун сир бўлиб қолаётган бўлса ҳам, нозик жинс вакиллари ўз мияси имкониятларидан эркаклардан кўра самаралироқ фойдалана олади.

Аёлларнинг ҳар икки мия яримшарларини ишлатишга мойиллиги ҳар ой гормонлар даражаси билан муштарак тарзда ортишини 2002 йилда жаноб Ҳаузман аниқлаган эди.

Шу сабабдан ой кўраётган аёл - бу жамият учун «хавфли» шахс эмас, балки мияси имкониятларидан юқори даражада фойдаланишга салоҳиятли инсондир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek