Феминистларни руҳлантирган Бобурий малика

Сурат манбаси, Penguin
Қиролича Нуржаҳон 17-асрда Ҳиндистонининг энг қудратли аёли эди. У улкан Бобурийлар Салтанатини бошқаришда катта ўрин тутган. Тарихчи Руби Лаъл нега унинг ҳукмронлигини бугунги кунда ўрганиш зарурлигини изоҳлайди.
Туғилганида бўлажак қироличага Меҳринисо исмини қўядилар. Кейинчалик у турмуш ўртоғи, бобурий ҳукмдор Жаҳонгир томонидан Нуржаҳон деб аталади. Нуржаҳон қиролича Елизавета I дан бор йўғи бир неча ўн йил кейин дунёга келса ҳам, британиялик қироличадан фарқли ўлароқ кенгроқ ва турфароқ ерларни бошқаради.
16 аср бошларида ҳокимиятни эгаллаган бобурийлар Ҳиндистон яриморолининг катта қисми узра 300 йилдан ошиқроқ муддат ҳукмронлик қилган эдилар. Улар Ҳиндистоннинг энг йирик ва энг қудратли сулолаларидан бири бўлдилар. Сулола ҳукмдорлари ва қироличаларининг аксарияти илм-фан, мусиқа, санъат ва меъморчилик ҳомийларига айланадилар - улар томонидан улкан шаҳарлар, улуғвор қалъалар, муҳташам масжиду мақбаралар бунёд этилади.
Сулоланинг ягона аёл ҳукмдори бўлмиш Нуржаҳон образи бугунги кунда ҳам Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш фольклорида кенг учрайди.
Шимолий Ҳиндистондаги Агра ва Покистоннинг Лаҳор шаҳарларида у ҳақида ҳикоялар, афсоналар ва ёдгорликларни кўплаб учратиш мумкин. Кексалар, сайёҳлар томонидан ёлланувчи йўлбошловчилар ва тарих ихлосмандлари Нур ва Жаҳонгир қандай учрашиб қолгани, бир-бирига кўнгил қўйгани борасида ҳикоялар сўзлаб бериши мумкин. Афсонага кўра, бир қишлоқда одамхўр йўлбарс пайдо бўлиб, кўплаб инсонларнинг ёстиғини қурита бошлайди. Шунда Нуржаҳон филнинг устига чиқиб, пилта милтиғи билан йўлбарсни отиб ўлдиради.
Одамлар қироличанинг ишқий саргузаштлари, жасорати тўғрисида яхши билса ҳам, унинг ички дунёси, сиёсий заковати ва мақсадлари ҳақида кўп нарса маълум эмас. Бироқ у қанчалик ноодатий бўлишига қарамасдан бир улкан салтанат тепасига келган мафтункор аёл бўлгани аниқ.
Нуржаҳон шоира, моҳир овчи ва илғор меъмор эди. Унинг Аградаги ота-онаси мақбараси учун тайёрлаган чизмаси, кейинроқ, Тожмаҳалнинг қурилиши учун илҳом манбайи бўлиб хизмат қилади.
Асосан эркаклар ҳукмрон дунёда ҳокимият чўққисига кўтарилган Нурнинг ўзи бирор ҳукмдор оиласидан эмас эди. У ҳукмдор ҳарамидан юқори чўққилар сари кўтарилиб, бобурийлар салтанатини Жаҳонгир билан бирга бошқарган улуғ сиймога айланади.
Сурат манбаси, Rampur Raza кутубхонаси
Қурол тутган қиролича Нуржаҳон
Аммо у аёллар ўрни ва аҳамияти паст кўрилган бир даврда қандай қилиб қудратли шахсга айлана олди?
Бу мафтункор аёлнинг ҳар икки жинс вакилларини қўллаб-қувватлаши, Жаҳонгир билан ўзига хос севги қиссаси, орзу-мақсадлари, юрти ва халқи тўғрисида соатлаб ҳикоя қилиш мумкин.
Ал-Ҳинд. Ўша вақтлари араблар ва форслар Ҳинд дарёсининг нариги томонидаги ерларни шундай атаганлар - ўзининг бой, хилма-хил ва ўзга фикрга тоқатли маданияти билан турли динлар, қарашлар ва анъаналарнинг биргаликда осуда ҳаёт кечириши учун имкон ярата оладиган макон эди.
Нуржаҳон ёки Меҳринисо 1577 йили Қандаҳор (бугунги кундаги Афғонистон) яқинида, сафавийларнинг ортиб бораётган босими туфайли Эронни ташлаб чиқиб, нисбатан эркинроқ Бобурийлар салтанатига кўчиб келган таниқли форс зодагони оиласида дунёга келади.
Санъатсевар, чавандоз, овчи малика
Ота юрти ва киндик қони тўкилган заминнинг омухта анъаналари таъсирида вояга етган Нур, аввалига, 1594 йили бобурийлар ҳукумати амалдори ва собиқ ҳарбий зобитига турмушга чиқади. У биринчи турмуш ўртоғи билан бирга Ҳиндистон шарқидаги Бенгалга кўчиб ўтади ва бир фарзандни дунёга келтиради.
Турмуш ўртоғи Жаҳонгир ҳокимиятига қарши фитнада иштирок этишда шубҳалангандан сўнг бобурий ҳукмдор Бенгал ҳокимига гумондорни суд қилиш учун Аграга олиб келишни амр қилади. Бироқ Меҳринисонинг эри ҳокимнинг одамлари билан чиққан жангда ҳалок бўлади.
Бева қолган Меҳринисо кейин Жаҳонгир ҳарамига юборилади. Бўлажак қиролича бу ер аҳли аёллари эътибори ва меҳрини қозонади. 1611 йилда у Жаҳонгирга турмушга чиқиб, ҳукмдорнинг йигирманчи ва сўнгги рафиқасига айланади.
Расмий ёзувларда бир неча аёл номи тилга олинса ҳам, Жаҳонгирнинг хотиралари ҳукмдор 1614 йилдан бошлаб Меҳринисо (малика Нуржаҳон) билан ўзига хос ишқий муносабатда бўлганидан далолат беради. Жаҳонгир суюклисини ажойиб сирдош, меҳрибон инсон, доно маслаҳатчи, тажрибали овчи, моҳир дипломат ва нозик дидли санъат шайдоси сифатида тасвирлайди.
Сурат манбаси, SM Mansoor
Айни суратда малика ўз канизаклари билан чавгон ўйнамоқда.
Кўплаб тарихчилар ҳукмронлигининг сўнгги даврида Жаҳонгир ичкиликбозликка берилиб кетганидан мамлакатни бошқа олмай қолганига ишонадилар. Шу сабабдан ҳам Нур бошқарувнинг асосий қисмини ўз қўлига олгани тахмин қилинади. Бироқ бу фаразлар ҳақиқатга умуман яқин эмас.
Жаҳонгирнинг ичкиликни хуш кўргани, нашаванд бўлгани бор гап. Унинг рафиқасини қаттиқ севгани ҳам ҳақиқат. Бироқ бу, фараз қилингандек, Нурнинг ҳокимиятга келишига имкон яратган омиллар эмас. Жаҳонгир ҳеч қачон суюкли рафиқасининг бошқарув ишларига аралашишидан норози бўлмаган.
Бобурий ҳукмдор билан турмуш қуришидан бироз ўтиб, Нур қиролича сифатида ўзининг илк расмий фармонини эълон қилади. Фармонда ишчининг ерга бўлган ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасида сўз боради. Унинг имзоси расман Нуржаҳон Подшо Бегим деб ўқилар эди.
Бу қироличанинг бошқарув ишларида мустақиллиги ва қудрати аста-секин ошиб бораётгани аломати эди.
Сурат манбаси, Silver
Нуржаҳон ва Жаҳонгир исмлари битилган кумуш танга.
1617 йилдан бир томонига Жаҳонгир, иккинчи томонига Нур исми босилган олтин ва кумуш тангалар муомалага чиқарилади. Маҳкама расмийлари, хорижий элчилар, савдогарлар ва сайёҳлар тез орада қироличанинг қудратини сеза бошлайдилар.
Ҳукмдор маслаҳатчиларидан бири қиролича фақат эркаклар ўтириши мумкин бўлган сарой болохонасидан халққа юзланиб, барчани ҳайратга солгани тўғрисида ёзиб қолдиради.
Зеро бу унинг эски тартиб-қоидаларни бузишдаги ягона амали эмас эди.
Хоҳ ов, хоҳ фармон эълон қилиш ёки тангалар зарб этиш, муҳтожларга кўмак қўлини чўзиш бўлсин, Нур ўша давр аёллари учун тасаввур қилиб бўлмас тарзда ҳаёт кечиради.
У, ҳатто, Жаҳонгир асирга тушиб қолганда, севгилисини қутқариш учун бир ўзи бутун бошли қўшинга бошчилик қилиб, жасоратли қиролича сифатида тарих зарварақларидан абадий жой олади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek