Новичок можароси: Икки гумондор "ортида Путин турибди"

Британия полицияси икки Россия фуқаросидан гумонсирамоқда

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи,

Британия полицияси икки Россия фуқаросидан гумонсирамоқда

Владимир Путин Солсбери шаҳридаги Новичок ҳужуми учун жавоб бериши керак, деб айтди Британия хавфсизлик вазири Бен Уоллес.

Вазирнинг айтишича, заҳарланиш ҳодисаси ортида "алал-оқибат, албатта" Россия президенти турибди.

Россиялик собиқ жосус 66 яшар Сергей Скрипаль ва унинг 33 яшар қизи Юлия 4 мартда новичок билан заҳарланганди.

Британия ҳукумати вакиллари ҳужумни амалга оширишда гумон қилинган икки киши бўйича пайшанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашига ҳисобот беришлари кутилади.

Бош вазир Тереза Мейга кўра, бу икки шахс Россиянинг ҳарбий жосуслик хизмати - ГРУ зобитлари экани ишонилади.

Уоллеснинг айтишича, Путин ҳукумати ГРУни назорат қилади, молиялайди ва ҳарбий жосуслик амалиётларини бошқаради, ва ҳеч ким Путин "ўз давлати устидан назоратга эга эмас" дея олмайди.

Сурат тагсўзи,

Икки гумондор

Москва ҳужумга алоқадорликни рад қилади.

Чоршанба куни парламент олдида чиқиш қилган Мей икки гумондор Британияга кириш учун ишлатган рус паспортларидаги исмлар Александр Петров ва Руслан Боширов бўлганини билдирди.

Бош вазир урғулашича, бу оддий амалиёт эмас, балки Россия давлатининг юқори идоралари томонидан бошқарилган амалиёт бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek