Диний таълимда атеизм ва секюларизм ҳам ўқитилиши керакми?

Girl examines small statue Фото муаллифлик ҳуқуқи NATRE

Англия мактабларидаги диний таълим замонавий Британиядаги хилма-хилликни акс эттириш мақсадида Дин ва Дунёқарашлар деб қайта номланиши лозим, демоқда мутахассислар.

Британиянинг Диний Таълим бўйича Комиссияси ўзининг якуний ҳисоботида диний таълим бериш давомида дунёнинг йирик диний таълимотларидан ташқари атеизм, секуларизм ва гуманизм каби диний бўлмаган дунёқарашлар ҳам ўқитилиши лозим, деган хулосага келган.

Ҳисоботда қайд этилишича, мамлакат мактабларининг камида чорак қисми диний таълим бериш бўйича қонунни бузиб келмоқда.

Қайта кўриб чиқилмаса, диний таълим фани замондан орқада қолиб кетади, дея огоҳлантиради ҳисобот муаллифлари.

Диний таълим сифатининг ёмонлашиб бораётгани борасида турли хавотирлар оша бошлагандан сўнг, икки йил муқаддам, Англия ва Уэлс Диний Таълим Кенгаши томонидан мазкур мустақил Комиссия ташкил этилган эди.

Ўзининг икки йиллик фаолияти давомида Комиссия мактаблардаги диний таълим сифатида ҳақиқатан ҳам «ўта турлича» эканлигини аниқлаган.

Комиссия ҳисоботида бир мактабда диний таълим бериш оқилона тарзда йўлга қўйилган бўлса, бошқасида мазкур фанни ўқитишга кам соат ажратилгани ва профессионал ўқитувчилар етишмаслиги қайд этилади.

"Агар диний таълим орқали жамият ривожига муҳим ҳисса қўшиш кўзланаётган бўлса, унда бу фанни замонга мослаш лозим. Йўқса, у баргдек ўз шохида қуриб қолади," дейди Комиссия раиси доктор Жон Ҳолл.

Диний таълимнинг «ёшартирилган» кўринишида христианлик, буддизм, ҳиндуийлик, яҳудийлик, ислом ва сикхизм каби дунёнинг кўзга кўринган динлари таълимотлари билан бир қаторда гуманизм, секуларизм, атеизм ва агностицизм каби диний бўлмаган дунёқарашларни ҳам ўқитиб бориш зарурлиги мутахассислар томонидан таъкидланмоқда.

«Британия, хусусан, дунёдаги ҳозирги ҳаёт 1970 йиллардаги ҳаётдан кескин фарқ қилади. Айнан ўша даврда диний таълимга, христианликдан ташқари, бошқа жаҳон динлари ва ақидаларини ўргатиб боришни қўшган эдилар,» дейди доктор Ҳол.

Доктор Ҳолнинг ишонишича, ҳозирги даврга қадар одамларнинг асосий диний қарашлардан ташқари бошқа кўплаб турфа дунёқарашларни тушуниши учун зарурат бунчалик юқори бўлмаган. У турли анъаналар ва қарашларга эга одамлар билан муносабатга киришишда ўзаро бағрикенглик ва англашувга эришиш лозим, деб ҳисоблайди.

«Бугунги кунда аксар мактаблардаги диний таълим сифати ўқувчиларни келажакда ўзга дунёқараш вакиллари билан муносабатга кирганда ўзини муносиб тутишга ўргатмайди,» огоҳлантиради доктор Ҳол.

Айни вақтда Комиссия диний мактаб ва академиялар бўладими - ҳар қандай турдаги мактаб ўқувчиларининг таклиф этилаётган Дин ва Дунёқарашлар фанини ўқишига имконият яратиш учун ҳукуматдан диний таълим бериш тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритишни сўрамоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NATRE

Агар шундай ўзгариш амалга оширилса, у ҳолда мактаблар мазкур фанни ўқитишни қандай йўл қўйиш стратегияси батафсил акс этган баёнот эълон қилиши лозим бўлади ва мамлакатдаги таълим сифатини ўрганиб борувчи Ofsted ҳукумат департаменти фанни ўқитиш бўйича қўйилган талаблар бажарилишини таъминлаш мақсадида назоратни ўз қўлига олади.

Англия Черковининг бош маориф нозири Найжел Жендерс ҳисоботдаги диний таълимни замонавийштиришга чақириқ тўғри ва ўз вақтида бўлганини эътироф этган.

«Агар биз фарзандларимизни дин ва ишонч муҳим рольга эга бўлган замонавий дунёда муаммоларсиз яшашга ўргатмоқчи бўлсак, бу чақириққа лаббай, деб жавоб беришимиз зарур,» дейди у.

Бироқ Британ Яҳудийлари Кенгаши вице-президенти Эдвин Шукер шундоқ ҳам диний таълим учун жуда кам соат ажратилган бир вақтда унга «яна барча дунёқарашларнинг аралаштирилиши»ни танқид қилиб чиққан.

«Бу юқори диний саводхонлик жуда муҳим бўлган замонамизда диний таълим сифатини бўшаштириш учун эътиқод душманлари томонидан бошланган фитна бўлиши мумкин,» дейди жаноб Шукер.

Диний бўлмаган қарашлар

Буюк Британия Гуманистлари хайрия ташкилоти раҳбари Эндрю Копсон ҳисоботда илгари сурилган чақириқ-тавсияларни «бир авлод умри давомида диний таълим ва диний бўлмаган дунёқарашларни сақлаб қолиш учун бир марта келадиган имконият», деб атайди.

«Агар газанда ўт вақтида юлиб ташланмаса, у атрофни босиб кетади. Шундай экан, диний таълим ҳам замонга мослаштирилмаса, у билим ва ўзаро тушуниш ўта муҳим бўлган бугунги даврда ўз аҳамиятини йўқотиб бораверади.»

Диний Таълим Ўқитувчилари Миллий Уюшмаси раиси Бен Вуд диний таълим сифати юқори бўлган аксарият мактабларда диний бўлмаган бошқа дунёқарашларни ҳам ўқитиб бориш амалиёти аллақачон йўлга қўйилганини таъкидлаб, қонуншунослар билан янги фанни шакллантириш ишларида ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини айтган.

Британия Таълим вазирлиги ҳисоботда келтирилган тавсияларни кўриб чиқишини маълум қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek