Алишер Усмонов Alibabа билан йирик онлайн ширкатга асос солмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Аввалроқ Президент Мирзиёев Алишер Усмоновни "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлаган.

Mail.Ru Group ва "МегаФон" эгаси бўлган Алишер Усмоновнинг айтишича, электрон тижорат соҳасидаги ушбу қарор россиялик ишлаб чиқарувчиларнинг янги бозорларга чиқишига йўл очади.

Россиянинг Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (РФПИ), Хитойнинг Alibaba Group ширкати ва Россия мобил алоқа оператори "Мегафон" ҳамда Mail.Ru Group ширкатлари биргаликда асос солаётган ширкат AliExpress Russia деб аталади.

Янги ширкат Россия ва МДҲда электрон тижорат соҳасидаги энг йирик қўшма корхона бўлиши кутилмоқда.

Алишер Усмоновга кўра, электрон тижорат соҳасида глобал лидер саналган Alibaba Group билан ҳамкорлик Россиянинг рақамли иқтисодиётга ўтишида катта аҳамиятга эга бўлади.

"Бу ҳамкорлик Хитой ширкати билан экани инобатга олинса, аминманки, Россия-Хитой бизнес алоқаларининг мустаҳкамланиши учун улкан салоҳият юзага келади",- дея Усмоновнинг сўзларидан иқтибос келтирган РБК нашри.

Миллиардер Алишер Усмонов "Арсенал"даги ҳиссаларини сотади

Алишер Усмонов: 'Мирзиёевга маслаҳат беряпман'

Мирзиёев "хавфсизлик сабаб Алишер Усмонов самолётини ижарага олган"

Миллиардернинг айтишича, AliExpressниг ҳозир Россияда мавжуд бизнеси доирасида қўшма корхона барпо этилади ва томонлар ўзларининг стратегик активларини бирлаштиради.

Бундан ташқари, янги сармоя, менежмент ва заҳиралар жалб этиш режаланган.

AliExpress ҳозирнинг ўзида хориждаги россияликлар ўртасида онлайн савдо бўйича энг оммабоп платформа ҳисобланади.

Битимга мувофиқ, Алишер Усмоновнинг "Мегафон"и Alibaba Group ширкатига Mail.Ru Groupдаги 10 фоиз ҳиссасини сотади.

Эвазига AliExpress Russiaнинг 24 фоиз ҳиссаларини қўлга киритади.

2019 йилнинг биринчи чорагида якунланиши мўлжалланган битим сўнггида Alibaba Group 48%, "Мегафон" 24%, Mail.Ru Group 15% ва Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (РФПИ) эса 13% фоиз ҳиссаларга эгалик қилиши кутилади.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ўтган дам олиш кунлари 65 ёшини Тошкентда нишонлагани хабар қилинган.

Маҳаллий нашрлар Усмоновнинг туғилган кунида иштирок этиш учун бутун дунёдан олигархлар Ўзбекистон пойтахтига йиғилгани ҳақида ёзган.

Аввалроқ Президент Мирзиёев "USM Holding" ширкати эгасини "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлаган эди.

Ўзбекистон матбуоти Усмонов "Пахтакор" футбол клубига 100 миллион доллар хайрия қилгани ҳақида хабар берган.

2017 йил декабрида Усмонов Ўзбекистоннинг Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги раҳбариятига маслаҳат ва ёрдам бераётганини айтган.

У Ўзбекистон иқтисодига сармоя киритишга тайёрлигини айтган, аммо ҳозирга қадар қайси соҳаларга ва қанча сармоя киритгани ҳақида маълумот йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.