Россия асрнинг энг йирик уруш-уруш ўйинини бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Хитой ва Россия қўшинлари бирга машғулотлар бошлашди

Россияда Совуқ Урушдан бери энг йирик ҳарбий машғулот бошланмоқда.

11-17 сентябр кунлари Шарқий Сибирда Россия Совуқ Уруш давридан бери кузатилмаган энг йирик ҳарбий машғулотни ўтказиш ниятида. Мазкур машғулотда 300,000 га яқин ҳарбий иштирок этиши кутилмоқда.

Восток-2018 номли мазкур машғулотга Хитой ҳам ўзининг 3,200 нафар ҳарбийини жўнатмоқда. Монголиядан ҳам бир қанча ҳарбий бўлинмалар машғулотда иштирок этиши айтилади.

Россия мезбонлиги остидаги охирги бор бундай йирик кўламли ҳарбий машғулот Совуқ Уруш авжига чиққан 1981 йилда ўтказилган эди. Бироқ Восток-2018'га кўпроқ ҳарбий жалб этилиши режалаштирилган.

Машғулот Россия-НАТО ўртасидаги зиддият ўзининг юқори чўққисига чиққан бир пайтда ўтказилмоқда.

Икки томонлама муносабатлар 201 -йили Россия томонидан Қрим яриморолининг аннекция қилиниши ортидан янада ёмонлаша бошлаган эди.

Расмий Кремл сўзчиси Дмитрий Песков Россияга нисбатан мавжуд "тажовузкор ва душманона" муносабат ҳисобга олинса, бу машғулотни ўтказиш асосли ва ўринли эканини айтган.

Машғулот давомида нималар режаланмоқда?

11-12 сентябр кунлари машғулотнинг тайёргарлик қисми бўлиб ўтади, ҳарбий амалий машқларнинг асосий қисми эса 13 сентябрдан старт олиб, 17 сентябрга қадар давом этади, деган Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Генерал Штаб бошлиғи Валерий Герасимов.

Россия Мудофаа вазирлигига кўра, 36, 000 танк ва зирҳли транспорт воситалари 1,000 ҳарбий учоқ билан бирга 11-17 сентябр кунлари Восток-2018 ҳарбий машғулотида қатнашади.

Машғулотлар бешта полигон, тўртта авиабаза ва Япон, Охотск денгизлари ҳамда Беринг Бўғози соҳилларида бўлиб ўтади. Россия флотидан 80 та ҳарбий кема ҳам машғулотларга қўшилади.

Image caption Ҳарбий машқлар харитаси

Машғулотлар Япония шимолидаги баҳсли Курил ороллари яқинида ўтказилмайди, демоқда рус расмийлари.

Мудофаа вазирлигининг телеканали ҳисобланмиш Звезда ёйинлаган кўрсатувдан маълум бўлишича, учта десант бригадаси Россиянинг Хитой ва Монголия билан чегара ҳудудида жойлашган Цуголдаги машқларда асосий роль ўйнайди.

Восток-2018'дан кўзланган асосий мақсад минглаб пиёда аскарлар, хусусан, ҳарбий транспорт воситалари ва учоқларни Россия ғарбидан минглаб километр олисдаги шарқий ҳудудларга кўчириб ўтказишни машқ қилишдир, дейилади Звезда канали репортажида.

Восток-2018'да иштирок этаётган ҳарбий куч Иккинчи Жаҳон Урушининг энг йирик жангларидан биридаги аскарлар ва машиналар сонига тенгдир.

Россия ва Беларус ўтган йили биргаликда кичикроқ кўламдаги ҳарбий машқларни ўтказган эди.

Нега айнан ҳозир?

Президент Владимир Путин ҳарбий қудратни модернизация қилиш, жумладан, янги ядровий каллакларга эга бўлишни Россия олдида турган асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб берган эди.

Россия армиясида, умумий ҳисобда, бир миллионга яқин ҳарбий хизмат қилиши тахмин этилади.

Россиялик сенатор ва захирадаги полковник Франц Клинтсевич шундай дейди: «Бизнинг ҳарбийларимиз жанговар маҳорат ва координация бўйича ортда қолганда Ғарб бундан манфаатдор эди, аммо у даврлар ўтиб кетди; энди биз жанговар тайёрликка бошқача эътибор қаратамиз.»

Хитой нега иштирок этмоқда?

Хитой Мудофаа вазирлиги ҳарбий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликнинг кучайиши ва икки давлатнинг «хавфсизликка нисбатан турли таҳдидларга қарши» биргаликда жавоб қайтариш қобилияти ошиб бораётгани ҳақида гапирган. Айни вақтда, вазирлик бу қандай таҳдидлар бўлиши мумкинлигига изоҳ бермаган.

"Машғулотда Хитой томонидан 3,200 нафар ҳарбий хизматчи, 900 дан ортиқ ҳарбий техника, 30 учоқ ва тикучарлар қатнашади" - дейилади Хитой Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Хитой ва Россия давлат раҳбарлари дўстона дастурхон атрофида.

Монголия томони ҳозирча ўзининг машғулотда қатнашиши борасидаги маълумотларни очиқламаган.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуга кўра, Марказий Осиёдаги исломий экстремизм хавфи Россия учун асосий таҳдиддир.

Айни вақтда Хитой ўзининг Шинжон ўлкасидаги уйғур мусулмонларини янада босим остига олиб, ҳудуддаги хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда.

Шинжон йиллардан буён Хитойнинг энг ғалаёнли ҳудудларидан бири бўлиб қолмоқда. Хитой ҳукумати исломий экстремистлар ва айирмачиларни мазкур тартибсизликларни ташкиллашда айблаб келади.

Жаноб Песков Хитой қўшинларининг Восток-2018'да қатнашишини Москва ва Пекин барча соҳаларда ҳамкорлик қилиб келаётганининг белгиси сифатида кўрсатган.

Охирги йиллар ичида икки давлатнинг ҳарбий соҳадаги ҳамкорлиги кучайганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Совуқ Уруш даврида эса Хитой ва СССР глобал коммунист етакчига айланиш йўлида курашган рақиблар сифатида кўрилар эди. Ўша йилларда, ҳатто, икки томон қуролли кучлари чегара ҳудудларда бир неча бор тўқнашган ҳам.

Куч-қудрат намойиши

Восток-2018'нинг қамрови ва кўлами замонавий Россия учун мисли кўрилмагандир, аммо бунинг ажабланарли жиҳати йўқ. Бундай улкан ҳарбий машғулот билан Владимир Путин ўз қудратини кўрсатиб қўймоқчи. бу билан мудофаа соҳаси санкцияларга учраганига қарамай, Россия кучга тўлалигича турибди, демоқчи.

Бу, шунингдек, Россия Ғарбда тажовузкор куч ҳисоблансада, Москва НАТОни узоқ вақтдан бери ўзига таҳдид сифатида кўриб келганининг яна бир белгисидир.

Яқинда Россия ҳарбий машғулот ўтказмаганмиди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Қанчалик қиммат бўлмасин, Россия ҳарбий соҳага пулини аямайди.

Ҳа, яқинда Россия Ўрта Ер денгизида ҳарбий машғулот ўтказганди - унда ҳарбий кемалар ва учоқлар ўртасидаги координацияни яхшилашга эътибор қаратилганди.

Яна Россиядан учган Ту-160 бомбардимончилари қанотли ракеталар отишни машқ қилган эди. Бундай ракеталар Россия томонидан Сурияда ҳам қўлланилган.

Бироқ бу машғулот кўлами Восток-2018'га солиштирганда анча кичик бўлган эди: 26 ҳарбий кема (2 сувости кемасини қўшиб ҳисоблаганда) ва 34 учоқ. Машғулот бир ҳафта давом этган.

Ғарблик таҳлилчилар ушбу машғулотни Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётининг бир қисми сифатида кўрган. Россия ҳаво кучлари Башар ал-Ассаднинг кўп жангларда қўли баланд келишига ҳисса қўшган эди.

НАТОнинг муносабати қандай?

НАТО сўзчиси Дилан Уайт иттифоқ Восток-2018 ўтказилишидан май ойидаёқ бохабар бўлгани ва машғулотларни диққат билан кузатиб боришини айтган.

Жаноб Уайтнинг маълум қилишича, «барча давлатлар ўз ҳарбий кучларини тайёргарликдан ўтказиш ҳуқуқига эга, аммо бундай машғулотлар шаффоф тарзда ва бошқалар учун кутилмаган ҳол бўлмайдиган усулда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ»дир.

"Восток-2018 Россиянинг асосий эътибори катта кўламли ҳарбий зиддиятларга қаратилганини намойиш этади. У сўнгги вақтда биз илгари сурган тахминлар қандайдир даражада тўғри эканлигини ҳам кўрсатади: мудофаа харажатлари ва ҳарбий мавжудиятини тобора ошириб бораётган тажовузкор Россия."

Нега Россия ва НАТО ўртасида зиддият мавжуд?

Икки ўртадаги зиддият Россия 2014 йили Қримни аннекция қилгандан ва Украина шарқидаги россияпараст айирмачиларни дастаклай бошлагандан бери кучайиб бормоқда.

Муносабатлар ёмонлашиши ортида НАТО Шарқий Европадаги иттифоқчи давлатлар ҳудудига 4,000 аскарни жойлаштирган.

Россия НАТОнинг ҳаракатлари шубҳали ва тажовузкор дейди. Шунингдек, расмий Москва Украинада 2013-2014 йилларда бўлиб ўтган тўнтариш Ғарб томонидан уюштирилган, деб ҳисоблайди.

Март ойида Англияда россиялик собиқ жосус Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлиянинг заҳарланиши ортидан рус дипломатлари НАТОга аъзо давлатлардан ҳайдаб чиқарилган эди. Британия мазкур заҳарлаш актини амалга оширишда Россиянинг махфий хизматларини айблаб чиқди, расмий Москва эса бу айбловни рад этмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek