Facebook мусулмонларга қарши нафрат қуроли бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Роҳингалар дунёдаги энг таҳқирланган ва хўрланган озчилик саналади.

БМТга кўра, Мянмада Facebook Роҳинга мусулмонларига қарши нафрат уйғотиш йўлида "Ҳал қилувчи" қурол сифатида ишлатилган.

Facebook ҳам буни тан олган ва нафратга тўла постларни аниқлаб, ўчириб ташлашга уринмоқда.

Facebook дунёси

"Бугунги кунда исталган одам интернетдан фойдалана олиши мумкин" - дейди Мянмадаги этник гуруҳлар ўртасида дўстона ришталарни ўрнатишни тарғиб қилиш билан шуғулланувчи Synergy ташкилоти директори Тет Свей Вин.

Бироқ беш йил аввал Мянмада интернетга ҳамма ҳам кира олмас эди.

Аун Сан Су Чи мусулмонлар геноциди учун масъулми?

Роҳинга мусулмонлари ким?

Роҳингалар кўрган даҳшатлар

Ўн йиллар давомида мамлакатни бошқарган ҳарбий хунта халқни ҳар қандай ташқи таъсирдан иҳоталаб тутиб туришга уринган.

Озодликка чиқиб, Мянманинг де факто етакчисига айланган Аун Сан Су Чи ҳукумати эса бизнесни, жумладан, телеком секторини эркинлаштира бошлади.

Би-би-сининг халқаро тараққиёт йўлидаги хайрия ташкилоти бўлмиш BBC Media Action ходимаси Элизабет Мирнсга кўра, бундай либерализация натижаси мисли кўрилмаган бўлган:

"Ҳарбий ҳокимият даврида битта сим картанинг нархи $200 эди. 2013 йилда бошқа телеком компаниялари ҳам бозорга кириш имкониятини қўлга киритди ва сим карталар нархи икки долларга тушиб кетди. Бирданига барча интернетга кириш имконига эга бўлди."

Мянмаликлар арзон қўл телефонлари ва сим карталар сотиб ола бошлайдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Айрим буддавий роҳиблар мусулмонларга қарши зўравонликка чақиришда Facebook тармоғидан фойдаланган.

Ўша вақтда Мянмада барчанинг истагига мос тушган бир илова оммалаша бошлайди: Facebook. Нега айнан бу илова?

Сабаби Google ва бошқа йирик онлайн порталлар ичида фақатгина Facebook маҳаллий алифбони қўллар эди.

"Имконият пайдо бўлиши билан одамлар интернетга кириш имконини берувчи қўл телефонлари сотиб ола бошладилар ва биринчи қиладиган ишлари Facebook иловасини юклаб олиш бўларди" - эслайди Мирнс хоним.

Тет Свей Виннинг ишонишича, бунга қадар аҳолининг жуда озчилик қисми интернет тўғрисида бирор тасаввурга эга бўлгани туфайли мянмаликларнинг аксарияти Facebook орқали тарқатилган пропаганда ва ёлғон маълумотларга лаққа туша бошлайди.

"Бизда умуман интернет саводхонлиги йўқ" - дейди у Би-би-си билан суҳбатда - "Одамларимиз интернетдан қандай тўғри фойдаланиш, ёлғон ва чин янгиликни қандай ажратишни билмайди. Буни ўрганишга бизда имкон ҳам бўлмаган.»

Зиддиятлар

Мамлакатнинг умумий 50 миллионга яқин аҳолисидан 18 миллион одам Facebook тармоғидан мунтазам фойдаланиб келади.

Бироқ Facebook ва телеком компаниялари бу ҳолат зиддиятларни низога айлантириб юборишини кутишмаган.

Роҳингалар Мянма фуқаролигини олиш ҳуқуқидан маҳрум. Ҳокимиятдаги буддавийлар уларни "банголлар" деб аташади. Шу йўл билан роҳингаларнинг Мянмага алоқадорлиги рад этилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Мянмадан 700 мингдан зиёд мусулмон қочиб чиқди.

Ўтган йилдан бери 700 мингдан зиёд Роҳинга мусулмони бу мамлакатдан қочиб чиққан.

БМТга кўра, Мянма ҳарбий раҳбарлари инсониятга қарши жиноят учун жавоб бериши лозим. Мянма ҳукумати эса бундай айбловни қатъиян рад этади.

Қуролга айланган Facebook

Кузатувчилар фикрича, этник зиддият юқори бўлган мамлакатда ижтимоий тармоқларнинг оммалашиши салбий оқибатга етаклайди.

Мянмаликлар интернетга киришни ўрганганидан буён Facebook кенгликларида Роҳинга озчилигига нисбатан нафратга тўла пост ва изоҳлар ёзилиши одатий ҳолга айланган.

Август ойида Reuters агентлиги томонидан ўтказилган текширув роҳингаларга қарши зўравонликка чақирган мингдан зиёд бирма тилида ёзилган нафратли постлар, изоҳлар ва порнографик суратларни юзага чиқарди.

"Очиғини айтсам, биз, нари борса, икки юзтача шундай пост ва изоҳларни топсак керак, деб ўйган эдим" - дейди текширув устида ишлаган Reuters мухбири Стив Стеклоу.

Жаноб Стеклоу топилган материаллар ҳаддан ташқари зўравонликни тарғиб қилганини айтади.

Огоҳлантиришлар

Facebook Мянмада оммалашаркан, тармоқ роҳингаларга қарши адоват уйғотиш йўлида қўлланилаётгани айтилган кўплаб огоҳлантиришлар олган.

Бир неча таниқли тадқиқотчилар, журналистлар ва фаоллар бу борада кўплаб далилларни Facebook раҳбариятига тақдим қилганлар.

Ўчирилган аккаунтлар

Facebook вакилларидан бири Би-би-сига компания бирма тилида сўзловчи модераторларни кўпайтириш билан бирга Мянмадаги мавжуд муаммони юмшатиш йўлида бошқа қадамларни ҳам ташлашни режалаётганини маълум қилади.

"Мисол учун, ўтган йили постлар ва изоҳлар устидан арз қилиш имкониятини янада соддалаштириш ва самарали қилиш, ҳаётда одамларга реал хавф туғдириши мумкин бўлган ёлғон ахборотларга қарши курашиш учун янги тартиб-қоидалар ишлаб чиқиш, келиб тушган арзларга имкон қадар тезроқ жавоб бериш йўлларини жорий қилишга бел боғлаган мутахассислар жамоасини ташкил қилдик" - дейди тармоқ вакили.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Роҳинга мусулмонларининг аксари қочқинларга айланди.

Ўтган йилдан бери Facebook Мянма расмийларига алоқадор 18 аккаунт ва 52 саҳифани тармоқдан ўчириб ташлади. Бунга сабаб - "мазкур шахслар ва ҳукумат ташкилотлари мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини поймол қилган ёки поймол қилинишига йўл қўйиб берган".

Ўчирилган аккаунтлар ва саҳифаларга деярли 12 миллион фойдаланувчи обуна бўлган.

Шу йил бошиад Facebook ўзининг мусулмонларга қарши нафратли нутқлари билан танилган роҳиб Ашин Виратҳу аккаунтини ҳам тармоқдан ўчириб ташлади.

'Жуда секинʼ

Ўзининг расмий баёнотида Facebook Мянмадаги «ёлғон ахборот ва нафрат тарқатишга қарши кураш ишлари жуда секин» кетаётганини тан олган ҳамда интернетга уланиш имкониятига эндигина эга бўлган мамлакатларда ижтимоий тармоқларнинг нафрат сочувчи қуролга айланиб қолиш эҳтимоли анчайин юқори эканини таъкидлаган.

"Нафрат бизнинг сиёсатимизга қарши ва биз уни йўқотиш учун энг қатъий чораларни қўллаймиз" - дейди Facebook бош ижрочи нозири Шерил Сендберг.

Апрел ойида АҚШ Конгресси олдида чиқиш қилган Facebook раҳбари Марк Цукерберг улар энди бирмазабон модераторларни кўпроқ ёллашни режалаётгани, тармоқда нафрат уйғотишга интилаётган шахсларни аниқлаш учун Мянмадаги маҳаллий фаоллар билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилганди.

"Биз, ниҳоят, ижтимоий тармоқлар одамларнинг ҳаётига бевосита таъсир ўтказиши мумкинлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. У одамларнинг ўзаро муносабатига таъсир қилмоқда, зўравонлик ва зиддиятлар урчишига сабаб бўлмоқда" - дейди Элизабет Мирнс.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek