Ҳиндча ишқ фожиаси: 'Отам эримни ўлдириш учун қотил ёлладиʼ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Justice for Pranay
Image caption Пранай ўз севгилиси Амрутадан анча қашшоқ табақадан бўлган

14 сентябр куни ҳиндистонлик Пранай Перумалла рафиқаси Амрута кўз ўнгида ўлдириб кетилди. Полиция Пранай оила шаънини ҳимоя қилмоқчи бўлган қайнотаси ёллаган қотилнинг қурбони бўлганини тахмин қилмоқда. Би-би-си бева қолган Амрута билан суҳбатлашиб кўрди.

Ҳиндистоннинг жанубий Телангана штатидаги кичик Миривалагуда шаҳарчасидан бўлган Пранай ва Амрута мактаб давридаёқ бир-бирига кўнгил қўйган эди.

«Бир-биримизни жондан ортиқ кўрардик. Телефонда узоқ суҳбатлар қуриб ўтирардик,» дейди Амрута ғамгин табассум қилганча.

21 яшар Амрута юқори табақага мансуб бой оила фарзанди. 24 ёшли Пранай эса Далит (собиқ «ҳазар қилинганлар») кастаси (табақаси)дан чиққан эди.

Улар қизнинг ота-онаси раъйига қарши ҳолда 2016 йил апрелидан бирга яшай бошлайдилар. Ҳозирда беш ойлик ҳомиласи билан бева қолган Амрута эрининг ўлимида энг яқин инсони - отасини айблайди.

«Отам мен билан тенг табақада бўлмагани учун эримни ўлдиртирди.»

Оила шаънини ҳимоя қилиш важи билан амалга ошириладиган қотилликлар бўйича расмий маълумот мавжуд эмас, аммо бир тадқиқотда таъкидланишича, Ҳиндистонда ҳар йили ўз оиласи ихтиёрига қарши севиб қолган ёки турмуш қурган юзлаб одам бундай қотиллик қурбонига айланади. Ҳалига қадар кўплаб оилалар қиз олди-бердисини ўз кастаси ёки дини доирасида амалга оширишни афзал билади.

Полиция қотилликда гумонлаб, Амрутанинг отаси Марути Рао дохил яна олти кишини ҳибсга олган. Улар ичида Амрутанинг амакиси ва уч эҳтимолий ёлланма қотиллар ҳам бор. Терговчилар маҳаллий мухбирларга жаноб Рао ва унинг укаси Пранайни ўлдирган қотиллар ва қотилларни топишда ёрдамлашган шахсларга $138,000 тўлаганини маълум қилган.

Шунингдек, бунга қадар ҳам қайнота ва унинг укаси Пранайни йўқ қилиш учун камида уч марта урингани айтилмоқда.

Полиция жаноб Рао барча айбловларни тан олгани ва куёви паст табақадан бўлгани ҳамда оиласи камбағал эканлиги туфайли бу ишга қўл урганини айтгани ҳақида хабар тарқатган.

Лекин жаноб Рао ва бошқа ҳибсга олинганлардан бу ҳақида мустақил баёнот олишнинг имкони ҳозирча бўлмаган. Би-би-си жаноб Раонинг адвокати билан боғланган ва у иш бўйича изоҳ беришдан бош тортган. Гумондорнинг оила аъзолари ҳам Би-би-сининг саволларига ҳеч қандай жавоб бермаган.

Қотиллик содир бўлган кун Амрута кеч уйғонади. Бели оғриётгани сабабли у касалхонага боради. Пранай ва қайнонаси унга ҳамроҳлик қилади.

Амрутанинг хотирлашича, улар касалхонани тарк этаётганида у орқасида келаётган эридан бир нарсани сўрайди. Эри жавоб беравермагач, ортига ўгирилади ва ерда қонга беланиб ётган Пранайни кўради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AMRUTHA VARSHINI
Image caption Пранайнинг ўлдирилиши Ҳиндистондаги табақалар мавзусини яна диққат марказига чиқарди

Касалхонадаги кузатув камераларида оиланинг ортидан пойлаб келаётган бир эркак кўринади. У Пранайнинг ортидан келиб, танасининг юқори қисмига болтага ўхшаш жисм билан зарба беради, йигит ерга йиқилгандан сўнг уни яна бир бор чопади. Бу тасвир мамлакат миллий телеканаллари орқали ҳам намойиш этилди.

Амрута, шундан сўнг, қайнонаси қотилни қўли билан итариб, ёрдам олиб келиш учун касалхонага югуриб кетганини айтади.

"Сўнг мен дадамга қўнғироқ қилдим, бўлган воқеани айтдим. У: 'Мен нима қилай? Касалхонага олиб бор эрингни,ʼ деб айтди," ҳикоя қилади Амрута.

Амрута болалигида онаси уни бошқа касталардан бўлган болалар билан ҳам дўст тутинишдан қайтаришга уринганини эслайди. Улар Пранай ва Амрута ўртасидаги муносабатлардан хабар топган кунданоқ икки ёшни ажратишга ҳаракат қиладилар, аммо бу Амрутани тўхтатиб қола олмайди.

«Биз яширинча кўришардик. Мен ҳеч қачон у қайси табақадан эканлиги ёки оиласининг аҳволига эътибор бермаганман. Мен учун муҳими - бу севгимиз эди.»

2016 йил апрел ойида ота-онаси Амрутани уйга қамаб қўяди, лекин қиз тутқинликдан қочиб кетишга муваффақ бўлади.

Шу вақтдан икки ёш бирга яшай бошлайди ва улар 2018 йил январида турмуш қурадилар. Ёш келин-куёв Пранайнинг уйига келадилар, йигитнинг оиласи уларни қабул қилади.

Амрута ҳомиладорлиги маълум бўлгандан сўнг Канадага кўчиб кетишни режалай бошлаганликлари ҳақида сўзлайди. Улар бола дунёга келгунча сабр қилишга қарор қиладилар.

У ота-онамнинг қаҳри юмшармикан, деган илинжда уларга ҳомиладорлигини айтади. Бироқ қайтанга отаси болани олдириб ташлашни буюради. Сўнг ота қизи билан ҳар сафар гаплашганда бу гапни такрорлайди.

«Бизнинг биргаликда ҳаётимиз доимо қўрқувда ўтар эди, лекин отам бунчалик ваҳшийликка боради, деб ҳеч ўйламаган эдим,» дейди Амрута.

Ўша фожиали кундан бери ўз оиласидан ҳеч ким, ҳатто, яқин бўлган онаси ҳам Амрута билан алоқага чиқмаган.

Айни вақтда жамоатчилик Амрута ва Пранайнинг оиласини кенг қўллаб-қувватламоқда.

Далит табақаси ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бир қанча гуруҳлар ўз ҳамдардлигини билдириш учун марҳумнинг уйига ташриф буюрган. Уйнинг тўрига қўйилган гулбаргларга бурканган суратда эса Пранай кулиб турибди. Уй атрофига йиғилган қўлловчилар "Пранайга шон-шарафлар!" дея ҳайқиради.

Буни эшитган Пранайнинг онаси Ҳемалата хоним кўзидаги ёшини тутиб тура олмайди. Бағри тилка бўлган Амрута эса уни овутишга уринади.

"Бутун оиламни қоралайман. Уларнинг ёнига ҳеч қачон қайтиб бормайман. Пранайнинг ота-онаси бундан буёқ менинг ота-онам," дейди Амрута қатъиян.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Justice for Pranay
Image caption Қотиллик оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлди

Амрута Facebook'да Justice for Pranay (Пранай учун Адолат) номли саҳифа очган. Атиги бир неча кун ичида саҳифа аъзолари сони 112,000 дан ошиб кетди. Айни номдаги яна кўплаб саҳифалар пайдо бўлиб, улар шаънни ҳимоя қилиш йўлидаги асоссиз қотилликларни кескин қоралаб, одамларни адолатни тиклаш учун бирлашишга чақирмоқда.

Амрута ўзи ва Пранайнинг ёшликда бирга тушган суратини саҳифасига жойлаган. Сурат остида шундай ёзув турибди: «Абадий бирга бўлиш учун туғилганлар».

У, шунингдек, полиция зобити олиб кетаётган отасининг расмини ҳам ўқувчиларига улашган. Суратга «Дадамни қўйиб юборманг» деган изоҳ берилган.

Амрутанинг тақдири турмуш ўртоғи ўз оиласи томонидан ўлдирилган яна бир юқори табақага мансуб аёл - Каусалянинг эътиборини ўзига тортди. Каусаля эри Шанкар ўлдирилгандан сўнг судда ота-онасига қарши кўрсатма берган ва ўшандан бери табақалаш ҳамда оила шаъни учун одам ўлдириш удумига қарши тарғибот ишларини амалга ошириб келади.

"Пранайнинг ўлими менга Шанкарим тақдирини эслатди," дейди у Би-би-сига. Эрига бўлган қаттиқ севгиси уни янада кучли аёлга айлантирган.

У касталарга қарши ҳаракатини давом эттириши ва Пранай учун адолатни қарор топтириш йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслигини таъкидлайди.

"Биз Амрутага елкадош бўламиз."

Амрута Пранайнинг доим унга 'Каста севги йўлига тўғаноқ бўлмаслиги керак,ʼ деб такрорлаган сўзларини эслайди.

«Иккимиз ҳам севгимиз учун курашиш йўлини танлаган эдик. Энди эса мен адолат учун курашаман,» дейди у. «Аммо отам фарзандим ва эримнинг оиласига зарар етказишидан ҳам хавотирдаман.»

"Муҳаббат жиҳоди" Ҳиндистон суди муҳокамасида

Ҳиндистон: Янги йилда аёллар таҳқирланди

Уч карра талоқ: Ҳиндистон аёлларининг кураши