Илм-фан: Жинсий тажовуз ҳақида 5 нотўғри тасаввур

Jinsiy tajovuzga qarshi protest Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дунёдаги аёлларнинг, тахминан, ҳар бешинчиси ҳаётида ҳеч бўлмаганда бир маротаба жинсий зўравонлик билан юзлашади. Бироқ жинсий тажовузнинг ўзи нималиги ва бунга нисбатан қурбонлар қандай муносабат билдириши борасида кўплаб нотўғри тасаввур шаклланиб қолган.

Сўнгги бир неча йил давомида бирор ҳафта дунё матбуоти саҳифаларида юз кўраётган бирор оламшумул жинсий тажовуз ҳақидаги хабарсиз ўтмаяпти. Бироқ жинсий зўравонликнинг ўзи нима эканлиги борасида ҳар кимнинг қараши турлича ва у ҳақида кўплаб нотўғри тушунчалар юзага келиб қолган. Бундай ҳолатларда ҳамма қурбоннинг оғзига қарайди, унинг ҳикояларини эшитиб даҳшатга тушади ва зўравонга нисбатан нафрати ортади. Жинсий тажовуз ишлари судга чиққанда эса ҳакам бўрттирилган ҳикоя ортида нима ҳақиқат, нима тўқима эканлигини англолмай қолади, ишга холис ёндашишга қийналади.

Қуйида жинсий тажовуз тўғрисида шаклланиб қолган беш нотўғри тушунча ва баъзи далиллар билан танишиб чиқишингиз мумкин.

1. Кўплаб жинсий тажовуз ҳолатлари бегона томонидан амалга оширилади

Матбуотда босилиб чиқаётган хабарларнинг аксариятида қурбон аёллар қоронғи тунда кўчадаги қандайдир бегона томонидан зўрлангани ҳақида ҳикоя қилган бўлади. Бироқ, аслида, жинсий тажовуз, кўп ҳолларда, қурбоннинг ўз уйида бирор яқин шахс томонидан амалга оширилади. Англия, Уэлс ва Австралияда ҳар бешинчи аёл ҳаётида бир марта бўлсада жинсий зўравонлик қурбони бўлиши айтилади. АҚШда ҳам аёллар бўйича ўхшаш рақам мавжуд. Фақат бу ерда ҳар 71 бир эркакдан биттаси зўрланиши ҳақида маълумотлар бор.

Буюк Британиядаги мавжуд вазият бўйича маълумотлардан аён бўлишича, зўрлаш ва жиддийроқ жинсий зўравонликнинг атиги 10 фоизигина бегона шахс томонидан амалга оширилади. Зўравонлик ҳолатларининг 56 фоизи қурбоннинг турмуш ўртоғи ёки бирга яшайдиган кишиси, 33 фоизи эса дўсти, таниши ёки оила аъзоси қўли билан содир этилади.

2. Ҳақиқатан жинсий тажовузга учраган қурбон бу ҳақида кимгадир дарҳол хабар беради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Зўравонлик ҳолатларининг аксарида қурбон тажовузкорни танийди

Маълумотларга кўра, Буюк Британияда содир бўлган жинсий тажовуз ҳолатларининг 46 фоизи ҳақида жиноят кунининг ўзида хабар қилинган бўлса, 14 фоиз ҳолатнинг юзага чиқишига қадар орадан олти ойдан кўпроқ вақт ўтган. Агарда қурбон вояга етмаган шахс бўлса, у ҳолда бундай ҳолатларнинг ошкор бўлиши учун янада кўпроқ вақт талаб этилади: жинсий тажовузга учраган 16 ёшдан кичик қурбонларнинг атиги 28 фоизи бу ҳақида ўша куннинг ўзидаёқ хабар берган, учдан бир қисми воқеа тўғрисида олти ойдан зиёд вақт сукут сақлаган.

Бу хабар берилган ҳолатлар борасидаги рақамлар, холос. Қурбон ёки қурбонлар жинсий зўравонлик ҳолати тўғрисида, аксар ҳолларда, оғиз очмасликни маъқул кўради. Мисол учун, АҚШда жинсий тажовуз ҳолатларининг учдан икки қисми ҳеч қачон юзага чиқмайди.

Қурбонлар нега кеч хабар бериши ёки ҳеч қачон бу ҳақида бировга чурқ этмаслигига таъсир этувчи турли сабаблар мавжуд.

«Кўплаб қурбонлар зўравон ўзининг севгилиси ёки оила аъзоси ё яқин кишиси бўлгани ва у қамоққа тушишини истамагани сабабли бу ҳақида ҳеч кимга айтмайди,» дейди Британияда жойлашган Зўравонлик ва Таҳқирни Тадқиқ Қилиш Бўйича Дурам Маркази директори Никол Уэстморленд. «Мен қурбонлардан эшитган яна бир сабаб - улар кимнингдир ҳаётини барбод қилишни истамайдилар.»

3. Агар зўравонлик ҳолати ҳақида зудлик билан хабар берилса, ишни тергов қилиш ва зўравонга айблов эълон қилиш осонлашади

Мободо қурбон ҳолат тўғрисида дарҳол хабар бергудек бўлса, уни тиббий текширувдан ўтказиш, тана қолган уруғ, сўлак ва ДНК изларини олиш орқали ишга ойдинлик киритиш осонлашиши бор гап. Шунингдек, танада қолган шиш, кўкариш, ғурра аломатлари асосида зўравонлик даражасини юқори бехатоликда аниқлаш ҳам мумкин.

Бироқ жисмоний белгилар ҳар доим ҳам зўравонлик содир этилганидан дарак беравермайди. Руҳий текширувдан ўтказилган қурбон эса ҳар доим ҳам рост гапиравермайди.

«Ҳозирги кунда жинсий яқинликнинг бўлгани ёки йўқлиги муҳим эмас. Муҳими бу яқинлик томонлар розилиги асосида бўлганми ёки йўқлигида ва буни аниқлашнинг доим ҳам имкони йўқ,» дейди Уэстморленд.

Статистик маълумотлар Буюк Британияда содир этилган куннинг ўзидаёқ хабар этилган жинсий тажовуз ҳолатларининг 26 фоизида кимдир жавобгарликка тортилганини кўрсатади. 14 фоиз ҳолатда эса иш бир ёки бир неча кундан сўнг далиллар етишмаслиги сабабли ёпилган.

Бундан ташқари тажовуз ҳақида ўша куннинг ўзидаёқ хабар берган шахсларнинг ҳаммаси ҳам қурбон бўлиб чиқмайди, балки кимнингдир қамалиши учун шу баҳонани ўйлаб топган бўлади. Масалан, АҚШда, хабар қилинган жинсий тажовуз ҳолатларининг атиги 18 фоизида кимдир ҳибсга олинган ва 2 фоизидагина гумондор жазога тортилган.

4. Агар қурбон зўрланишни ростдан истамаса, унда зўравонга кучи борича қарши туриши лозим

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Жинсий тажовуз ҳолатларининг учдан икки қисми ҳақида хабар берилмайди

Зўрлаш ва жинсий тажовуз ҳақида одамлар турлича қарашларни билдиради. Веллингтон Университети криминологи Жен Жордан ўзининг «Омон қолганлар» китобида бир эркак томонидан тажовузга учраган 15 аёл уни ниятидан қайтариш учун турли усулларни қўллагани ҳақида ёзади: кимдир уни гап билан йўлга солишга уринган; бошқаси жанжаллаша бошлаган, қолганлари эса ўзини руҳшунослар "диссосация" деб атовчи ҳолатга солиб олган - яъни вазиятда ютиб чиқишга ожизлигини билган ҳолда миясини шунчаки «ўчириб» қўйиб, зўравонга эътибор бермасликка ҳаракат қилган.

АҚШ полицияси ихтиёрида 274 ҳолат бўйича мавжуд маълумотлардан қурбонларнинг атиги 22 фоизигина зўравонга уриш ёки чинқириш орқали қаршилик қилишга интилгани англашилади. Қурбонларнинг катта қисми - 56 фоизи эса ўтиниш ва ёлвориш орқали зўравоннинг «кўнглини юмшатиш»га уринган.

У ёки бу усулнинг самараси ҳар бир ҳолатда турлича бўлади. Мисол учун, зўравонга ташланган ёки уни уришга ҳаракат қилган аёллар, катта эҳтимол билан, зўрланишдан қутилиб қолади, аммо уларнинг енгил ва, ҳатто, оғир жисмоний тан жароҳат олиш эҳтимоли ҳам юқори. Агар зўравон ёнида қурол бўлса, қурбон ҳаётидан ҳам айрилиши мумкин. Бошқа томондан ялиниш, йиғлаш ва ёлвориш, аксар ҳолларда, жиноятчини яна зўравонлаштириб юборганига далиллар мавжуд. Айниқса, зўрлаш уй ичида содир бўлаётган бўлса, ўзига ишончи ортган жиноятчи ёлвораётган қурбонини янада аямасликка интилади.

Шунингдек, қурбонларнинг катта қисми зўрлаш вақтида ўз ҳаракатларини бошқара олмай қолишини англаш ҳам муҳим. Қўрқувдан ўта даражада шокка тушган қурбонларнинг кўпчилиги зўрланиш вақтида жисмонан ҳаракатлана олмай қолади, танаси фалажга учрайди.

Швецияда қайд этилган 298 ҳолатда 70 фоиз аёл зўрланиш давомида сезиларли фалажланиш ва 48 фоизи юқори даражадаги фалажланишга учрагани аниқланган. Бундан ташқари баъзи қурбонларнинг бир неча ой руҳий бузилиш ва стрессдан қийналиб юргани кузатилган.

5. Даҳшатли воқеалар хотирани ишдан чиқаради: қурбон нима содир бўлганини аниқ эслай олмаслиги мумкин

Зўрланган ёки жинсий тажовузга учраган одамларнинг кўпчилиги бўлган воқеани - ҳатто, у ўн йиллар аввал содир бўлган бўлса ҳам - яхши эслай олишини иддао қилади. Бироқ полиция ёки судда кўрсатма бериш чоғида уларнинг гапларни бир-бирига зид кела бошлайди, полиция ёки ҳакамларда қурбоннинг кўрсатмалари ҳақиқатлигига шубҳа уйғонади.

«Шу ерда адлия тизими қоидалари ва инсон хотирасининг табиий тузилмаси ўртасида кескин номувофиқлик юзага келади,» дейди Лондондаги Қироллик Коллежидан руҳшунос Эми Ҳарди.

Бунинг сабаби кундалик хотиралар ва қўрқинчли вазиятлардаги хотираларнинг мия томонидан турлича қайд этиб борилишидадир. Одатда, биз кўрган, эшитган, ҳидлаган, таъмини тотиб кўрган ва жисмонан ҳис қилган нарсаларимизни бирлаштириб, бирор ҳолат юзасидан умумий хотирани шакллантирамиз. Бироқ шахсни қўрқувга солувчи вазиятларда бизнинг танамиз стресс гормонлари билан тўлиб тошади, миянинг бўлаётган воқеаларга нисбатан диққат қилиши кескин ўзгаради. Бу эса қўрқувга солувчи ҳолатлар хотирани ишдан чиқармаслиги, аксинча мия атайин шундай ишлай бошлашини англатади.

Миядаги бундай номувофиқлик эволюция жараёни давомида шаклланиб келган.

«Биз хавф остида қолганимизда миямиз нималар бўлаётганини англашдан кўра бу вазиятдан чиқиб кетиш йўлларига асосий диққатини қарата бошлайди,» дейди Ҳарди хоним. "Шу сабабдан ўзи учун қўрқинчли ҳолатда диссосацияга учраган, яъни миясининг англовчи қисми вазиятдан омон чиқиб олиш учун вақтинча ўчиб қолган шахс, кейинчалик, бу ҳолат ҳақида хотирасида элас-элас қолган воқеаларни бирлаштиришга уринади ва, аксар ҳолларда, бўлган нарсаларни бўрттириб юборади."

Ҳарди хоним хотира жараёнларининг жинсий тажовуз юзасидан полицияга мурожаат қилган қурбонларнинг кўрсатмаларига қандай таъсир қилишини ўрганади. У жиноят давомида юқори даражали диссосацияга учраган қурбоннинг кўрсатмалари, кўпинча, бирор маънога эга бўлмаслигини аниқлади.

Оқибатда бундай кўрсатмалар асосида камдан-кам ҳолларда жиноий иш очилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ