Саломатлик: Ихлос қилиш орқали бел оғриғидан фориғ бўла оласизми?

Саломатлик

Фақат эзилган гуручдан иборат пласебо таъсирини ҳосил қилишдан бошқа нарсага ярамайдиган ҳапдори ростдан ҳам бел оғриғидан қутилишга ёрдам бера оладими?

Пласебо таъсири (беморнинг бирор бефойда усул ёки доридан даво топишига ўзи англамаган ҳолда ишониши, яъни ихлос қилиши ортидан юзага келадиган ҳолат) фанда яхши ўрганилган, лекин айни вақтда кўп томони сирлилигича қолмоқда.

Қадим замондаги сохта табиблар беморларга ҳеч қандай фойдаси йўқ дориларни алдаб сотгани билан бизга маълум. Ўша вақтлар бундай бефойда дорилардан даво топишига чин дилдан инонган беморлар муолажадан сўнг ўзини қандайдир енгил ҳис қилгандек сезар эди.

Мазкур усул замонавий тиббий синовларнинг ҳам ажралмас қисмига айланиб улгурган. Тадқиқотчилар беморларга сохта ёки ҳақиқий ҳапдори бериб кўради, сўнг уларнинг қайси бири пласебо таъсирини юзага келтиришини кузатади.

Хўш, бел оғриғига нисбатан ҳам шундай пласебога асосланган синов ўтказиб кўрилса, у бемор аҳволини ҳақиқатан енгиллаштира оладими? Аҳволи яхшиланишига ишонган одамлар билиб туриб ҳам фойдасиз дориларни сотиб олаверадими? Мия ўзини ишонтириш орқали бел оғриғини даволай оладими? Би-би-си шу юзасидан текширув ўтказиб кўрди.

Оксфорд Университетида пласебо таъсири бўйича мутахассис саналган доктор Жереми Ҳовикнинг ёрдами билан Би-би-си сохта дорилар ростдан ҳам бел оғриғини даволай олиши ёки йўқлигини тадқиқ этиб кўрди.

Тадқиқотда юз нафар кўнгилли иштирок этди.

Иштирокчиларнинг бир қисмидан «назорат» гуруҳи ташкил қилинди, яъни тадқиқот давомида улар ҳеч қандай муолажа олмади ва тадқиқотдан сўнг муолажа қабул қилган иштирокчилар билан аҳволи солиштириб кўрилди.

Қолган кўнгиллиларга улар бел оғриғига қарши янги дори синовида иштирок этаётгани айтилди.

Бироқ дориларнинг бари бор-йўғи гуруч унидан тайёрланган безарар ва бефойда капсула эди, холос.

Сохта дорилар узоқ йиллик тадқиқот ортидан яратилгандек кўринарди. Юзасига мовий-оқ чизиқлар туширилган ҳапдорилар одамда кучли ва қимматдек тасаввур уйғотарди.

Дорилар профессионал даражада қадоқланган, ёрлиғида эҳтимолий акс таъсирлар ва болалардан узоқ сақлаш ҳақида огоҳлантиришлар ёзилган эди. Умуман олганда, барчаси ишонарли чиқди.

'Янги тажрибаларʼ

Сурункали бел оғриғи кенг тарқалган, уни даволаш ҳам мушкул.

Тадқиқотда иштирок этган кўнгиллиларнинг бари узоқ йиллардан буён бел оғриғидан азоб чекар, шу вақтга қадар олган бирор муолажасидан ўзини яхши ҳис қилмаган эди.

Улар тасодифий равишда икки гуруҳга бўлиб чиқилди.

Биринчи гуруҳ ташхисчи мутахассис билан 9 ўртача дақиқаю 22 сония давомида бел оғриғини муҳокама қилди. Амалда ҳам ўртача консултация давомийлиги шунча вақтни ташкил қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Everyone who took part was taking painkillers for their back pain

Икки гуруҳга ташхисчи мутахассис икки баробар кўп вақт ажратди.

Бу йўл билан тадқиқотчилар мутахассис билан муаммоси ҳақида узоқроқ суҳбатлашиш беморнинг аҳволига қандай таъсир қилиши мумкинлигини аниқлашни мақсад қилган эдилар.

Ҳозирда аксарият пласебони уйдирма ва у фақат лақмаларга таъсир қилади, деб ҳисоблайди.

Бироқ фан бунинг аксини кўрсатмоқда. Яқинда ўтказилган кичик тадқиқот давомида бел оғриғидан азоб чекаётган беморларнинг шахсияти ўрганиб кўрилди ва «ўзида янги тажрибалар ўтказишга тайёр» беморлар соғлиғи пласебо таъсири остида сезиларли яхшилангани кузатилди.

Шунингдек, тадқиқотчилар пласебо таъсир қилган ва қилмаган иштирокчилар миясини сканердан ўтказиб, уларда анатомик ўзгаришлар юзага келганини ҳам аниқладилар.

Бу ўзгаришлар нимани англатишини ҳозирча ҳеч ким аниқ билмайди.

Оксфорд Университети профессори Ирин Треси таркибида кимёвий моддалар бўлмаса ҳам, пласебо дорилар юзага келтирадиган таъсирни сохта, деб бўлмаслигини таъкидлайди.

"Кўп одамлар пласебо таъсирини сохта, одамларнинг ёлғон нарсага ишониши, деб ўйлайди."

"Аммо фан, айниқса охирги 20 йил ичида, бизга пласебонинг қанчаликдир ҳақиқатга яқинлигини кўрсатди. У бизнинг физиология ва нейрокимёга таъсир ўтказишимиз натижасидир."

Бундан ташқари юқорида тилга олинган кичик тадқиқот пласебонинг эндорфинлар - табиий оғриқ қолдирувчилар ажралиб чиқишини тезлаштиришини ҳам аниқлади.

'Оғриқ бошқа бирор марта хуруж қилганини сезмадимʼ

Би-би-си ва тадқиқотчилар кўнгилли иштирокчилар билан уч ҳафтадан сўнг яна кўришди, уларни қатор тестлар ва сўровлардан ўтказиб кўрди.

Натижада, сохта дори қабул қилганига қарамай, иштирокчиларнинг ярми синовдан сўнг ўзини яхши ҳис қила бошлагани аниқланди.

Уларнинг кўпчилиги узоқ йиллар давомида бел оғриғи туфайли амалга оширолмаган баъзи жисмоний ҳаракатларни қила бошлагани ҳам маълум бўлди. Бундайлар ичида 71 яшар Жим ҳам бор эди.

Тадқиқотдан олдин Жим, асосан, аравачада ҳаракатланар эди. Тадқиқот давомида бел оғриғига қарши янги ҳапдори синовида иштирок этаётганига ишонган Жимнинг сўнгги уч ҳафта ичида жисмоний ҳаракатланиши кўпайган эди. У тадқиқотчилар берган ҳапдори ёки морфин (оғриқ қолдирувчи дори)дан қайси бирини афзал кўриши борасидаги саволга шундай жавоб берди.

"Морфин ичишни тўхтатдим. Ҳозир фақат сиз берган мовий дориларни ичяпман."

Тадқиқотга қадар баъзида азобли бел оғриғидан ўтириб қоладиган Жо «уйдан чиқиш учун» морфин ва кетамин қабул қилишга мажбур бўлгани ҳақида ҳикоя қилади.

У янги ҳапдорини ичишни бошлагандан буён бел оғриғи қайталанганини сезмаганини айтади.

Шундай қилиб, кўнгиллиларнинг ярми бел қисмида сезиларли ижобий ўзгариш бўлганини маълум қилди.

Улар бунга қадар Трамадолдан тортиб морфинга қадар ҳар қандай оғриқ қолдирувчини ичиб кўрган эдилар.

Бундан ташқари ташхисчи мутахассис билан кўпроқ суҳбатда бўлиш ҳам беморларга ижобий таъсир қилиши аниқланди.

Хўш, бу ихлос қилиш замонавий тиббиётдан кўра самаралироқ эканини англатадими?

Британиялик олимлар томонидан яқинда British Medical Journal журналида чоп этилган мақолада агар шифокорлар қилаётган ишини яхши билса, у ҳолда беморга пласебо дориларни ёзиб бериш ахлоқан нотўғри иш бўлмаслиги тўғрисида фикр юритилади.

Мақолада баъзи кичик синовлар беморлар, ҳатто, дориларнинг сохталигини билишига қарамай, уларни ихлос билан ичганда, пласебо иш бергани ҳақида сўзланади.

Бу эса беморлар ихлос орқали ҳақиқий дориларнинг акс таъсирларидан зарар чекмай, танасидаги оғриқни бостириши мумкин, деганидир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek