Россия: Рус жосуслари нега дунёга кулги бўлмоқда?

Тўрт россиялик шу йилнинг апрел ойида дипломатик паспорт билан Голландияга келган эди Фото муаллифлик ҳуқуқи Dutch Government
Image caption Тўрт россиялик шу йилнинг апрел ойида дипломатик паспорт билан Голландияга келган эди

Россиялик спортчилар билан юзага чиққан допинг можаросини ўрганган халқаро спорт қўмиталари ва Голландиядаги кимёвий қуроллар масаласи бўйича кузатув агентлигига нисбатан кибер ҳужум уюштиришда гумонланаётган рус жосусининг яшаш манзилини аниқлаш унчалик мушкуллик туғдирмаганлиги ўтган бир ҳафтадан бери дунё матбуоти тилга олаётган асосий мавзулардан бирига айланди.

Алексей Моренец исмли жосус Москвадаги яшаш манзилидан аэропортгача такси чақирган, такси учун тўланган пул чекини эса ёнида сақлаб қўйган. У ва шериклари голланд хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинганда эса ёнидан паспортлар, кибер ҳужум уюштиришда қўлланиладиган техника воситалари ҳамда такси чеки чиққан. Чекдаги маълумотлар орқали Моренецнинг халқаро аэропортлардан бирига қандай манзилдан йўлга отланганини яққол кўриш мумкин эди.

Мазкур ҳолатни синчиклаб ўрганган журналистларга кўра, аниқланган манзилда ҳарбий разведка билан шуғулланувчи Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Генерал штабининг Бош бошқармаси (собиқ ГРУ номи билан кўпроқ машҳур)га қарашли кибер хавфсизлик маркази жойлашган.

Би-би-си мухбири бу манзилга бориб кўрди. У эшик олдида турган аскардан ҳақиқатан ҳам бу ерда кибер хавфсизлик маркази жойлашгани ҳақида сўраганида, аскар кимгадир сим қоқиб, сўнг мухбирдан зудлик билан бинони тарк этишни талаб қила бошлади.

Би-би-сининг аниқлашича, голланд хавфсизлик хизмати томонидан Кимёвий Қуролларни Тақиқлаш Бўйича Ташкилот қароргоҳи ёнидаги Wi-Fi тармоғини бузиб киришга уриниш чоғида ҳибсга олинган тўрт рус эркагидан икки нафари ёнидан хусусий мулк сифатида Россия Мудофаа вазирига қарашли бинолар манзили кўрсатилган ҳужжатлар топилган.

Шунингдек, топилган ҳужжатларнинг бири транспорт воситаларининг рўйхатга олиш маълумотлари сақланган онлайн база томон етаклаган. Bellingcat текширув гуруҳи бир ҳарбий объект жойлашган манзилга 305 автомобиль рўйхатга қўйилганини аниқлашга муваффақ бўлган.

Би-би-си Рус Хизматига кўра, бу назарий жиҳатдан махфий бўлиши лозим бўлган хавфсизлик хизмати қоидаларининг қўпол равишда бузилганидан дарак беради.

«Хавфсизлик хизмати ходимлари машиналарни ўз яшаш манзилига рўйхатга қўйса ҳам бўларди, лекин улар алоҳида имтиёзларга эга бўлиш - масалан, йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун жарима тўламасликни истаган,» изоҳлайди Москвадаги Карнеги Марказидан Александр Габуев. У мазкур ҳолатни «ёппасига коррупцияга ботиш» белгиси, деб билади.

Ғарб билан муаммолар совуқлаша бориши билан Россия махсус хизматлари ҳам фаоллаша бошлагани кўзга ташланмоқда. Бироқ ГРУ томонидан ташкилланган махфий амалиётлар нафақат фош бўлмоқда, балки ўзининг баъзи жиҳатлари билан одамлар кулгисига учрамоқда ҳам.

Бироқ: "Уларнинг жосуслик фаолиятига Keystone Cops каби муносабатда бўлиш керак, деб ўйламайман," ҳисоблайди хавфсизлик бўйича мутахассис Марк Галеотти. [Keystone Cops - ўтган асрнинг бошларида суратга олинган овозсиз киноларда тасвирланган анқов полициячиларга берилган ном. - Таҳ.]

«ГРУ сўнгги вақтларда ҳаддан ошиқ фаол ҳаракат қилмоқда ва қайсидир ҳаракатларининг фош этилишидан қочиб бўлмайди. Бу улар аҳмоқ дегани эмас,» қўшимча қилади мутахассис. Жаноб Галеотти замонавий технологиялар ва кузатув камералари шиддат билан такомиллашаётган дунёда Россия махфийликни сақлаш осон бўлмаслигини тушуниши лозим, дейди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Department of Justice
Image caption Жосусликда гумонланган шахслар Америкада қидирувга берилган

«Кўриниб турибдики, жосусларни маълум вазиятларда юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий оқибатлардан хавотир олмасликка ўргатадилар,» дейди Галеотти.

Буни махфий агент томонидан такси чекини сақлаб қолингани ҳам тасдиқлаши мумкин.

«Буни аниқ бизнинг ҳайдовчи имзолаган,» тасдиқлайди таксопарк директори Бениамин Шагинян Би-би-сига. «У бу чек билан боғлиқ хизматни яхши эслолмайди, чунки унга анча бўлган. Аммо чек ҳақиқий.»

Ижтимоий тармоқларда манзили аниқ ёзилган чекни ёнида кўтариб юрган жосуснинг устидан кулишмоқда.

«Хизмат сафари бўйича ҳисобот топшириш - доимо даҳшат,» заҳарханда қилади фойдаланувчилардан бири.

Россия ҳукумати номидан гапирган Ташқи ишлар вазирлиги, одатдагидек, бу иддаоларни қатъиян рад этган.

Вазирликка кўра, Буюк Британия, АҚШ ва Голландия томонидан бир вақтда янграётган бундай айбловлар - олдиндан режалаштирилган аксил-россия кампанияси исботи.

Image caption ГРУнинг Москва шаҳри Комсомольский кўчасида жойлашган ҳарбий биноси

Захирадаги генерал-лейтенант Евгений Бужинский тўрт рус жосуси Голландиянинг Гаага шаҳрида жиноят устида далиллар билан қўлга олинган бўлишига қарамай, вазирликнинг қарашини маъқуллайди.

«Сиз буни далил, деб атайсиз. Мен учун бу далил эмас,» дейди ГРУнинг нўноқликда айблашларидан жаҳли чиқишини яширмайдиган генерал-лейтенант.

"Россия истихборот хизмати дунёда энг зўрларидан бири ҳисоблаб келинган. Энди бизга ўз ишини эплолмайдиган мутлақо аҳмоқ жосусларни кўрсатишяптими? Бу шунчаки нафсониятга тегади," давом этади у.

Ғарб ҳукуматлари томонидан фош этилган рус жосусларнинг баъзилари махфий агент номига зид равишда интернетда анчайин фаол.

Уларнинг иккитаси Москвадаги ҳаваскор футбол лигаларидан бирининг собиқ ўйинчилари рўйхатидан жой олган ва лига сайтида уларнинг суратини кўриш мумкин. Ҳали ҳам фаолият юритадиган "Радикс" клуби ўйинчиларидан бири олдин у ерда кўплаб махфий хизмат ходимлари тўп сурганини айтади.

«Олдин шунақа эди, аммо замон ўзгармоқда,» дейди Алексей Бакликов. У олдин гумон остидаги агентлар билан шахсан учрашмаганини маълум қилади.

Ўтган йили ГРУ агенти эканлиги тахмин қилинган Артем Малишев интернетда бир неча буюм, жумладан, эски гитара ва смартфон сотгани маълум.

Шу ҳафта Федерал Қидирув Бюроси томонидан кибер ҳужумларда гумонланиб қидирувга берилган эркак ҳам бир танишув сайтида рўйхатдан ўтган ва ўз саҳифасига спорт билан шуғулланиш чоғида туширилган суратларни қўйиб боради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу шахслар исм-шарифини очиқ эълон қилган Ғарб давлатлари Россияни хакерлик ҳужумларини тўхтатишга ундашдан умид қилмоқда.

Бироқ кибер хавфсизлик маркази дея иддао қилинаётган бино яқинида жойлашган бозор сотувчилари Ғарб илгари сураётган айбловларга унча ишонмаслигини билдиради.

«Кимга ишонишни ҳам билмайман, ҳаммаси чалкашиб кетган,» сўзлайди сотувчи Валерий.

«Бунинг ҳаммаси қуруқ гап,» таъкидлайди яна бир сотувчи аёл. "Сиз бизнинг жосусларимиз ғирт ландавур, деб ўйлайсизми? Фикримча, улар ишини қойиллатиб бажаради."

Кузатувларга қараганда, Россия ҳукумати бу можароларга шунчаки кўз юмишни режалаштирмоқда. Айрим таҳлилчилар бундай айбловлар ва рус жосусларининг аёвсиз фош қилиниши ортидан Россия ўз ҳаракатларини ўзгартиришига ишонмаслигини айтади.

«Бу воқеадан сўнг Путиннинг уйқуси бузилиб қолмайди. Асосий масала - бундай можаролардан сўнг янги санкциялар жорий қилинадими ёки йўқлиги,» тахмин қилади Марк Галеотти.

«Биз уруш ҳолатидамиз. Бирор жангни бой бериш мумкин, лекин бу тўлиқ таслим бўлишни англатмайди. Менимча, Кремл ҳам шундай фикрда,» дейди Александр Габуев.

«Ҳа, биз бу жангда мағлуб бўлдик. Бироқ биз уйга қайтамиз, бундан хулоса чиқарамиз ва яна жангни давом эттирамиз,» қўшимча қилади у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар