Британия: Озари аёл Лондондаги савдо уйида $21 миллион сарфлаб юборган

Лондон Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Буюк Британияда коррупцияга қарши қабул қилинган янги қонуннинг илк нишонига айланганидан сўнг Лондондаги $15 миллионли уйини мусодарадан сақлаб қолиш учун кураш бошлаган аёл озарбайжонлик 55 яшар Замира Ҳожиева экани маълум бўлди.

Матбуот жамоатчилик коррупцияга оид ишлар юзасидан тафсилотларни билишга ҳақли эканини иддао қилгандан сўнг Ҳожиева хонимнинг шахси расмийлар томонидан ошкор қилинди. Бунга қадар аёл ва унинг эри номи матбуотда фақат Жаноб ва Хоним сифатида тилга олиб келинаётган эди.

Озарбайжонлик банкирнинг рафиқаси бўлмиш бу аёл Лондондаги Harrods савдо уйида сўнгги ўн йилдан ошиқ вақт давомида нақ 16 миллион фунт стерлинг ($21 миллиондан зиёдроқ) маблағни совуриб юборгани айтилади.

У айни савдо уйига яқинроқ ердан уй ва Беркшайр графлигида голф майдончаси ҳам сотиб олган.

Британия Олий Суди аёлдан бойлигининг манбасини изоҳлаб беришни талаб қилган ва Ҳожиева хоним пуллари қандай йўл билан топилганини очиқлаб бера олмаса, у ҳолда мулкидан айрилади.

Буюк Британиянинг янги қабул қилинган коррупцияга қарши қонуни талабларига мувофиқ, Ҳожиева хоним Жиноятчиликка Қарши Кураш Миллий Агентлигига ўзи ва турмуш ўртоғи Жаҳонгир Ҳажиев Лондоннинг қиммат мавзесидан қандай қилиб каттакон уй сотиб ола олганини тушунтириб беришига тўғри келади.

Ҳожиева хонимнинг адвокатлари Unexplained Wealth Order (Изоҳланмаган Бойлик Манбайи тўғрисида) номли янги қонун у ёки унинг эри томонидан амалга оширилган «бирор нотўғри ҳаракатга нисбатан қўлланилмаслиги лозим»лигини даъво қилмоқда - уларга кўра, Жиноятчиликка Қарши Кураш Миллий Агентлиги томонидан Олий Судга киритилган сўров эр-хотиннинг бирор жиноятга қўлга ургани исботланганини англатмайди. Ҳозирда адвокатлар аёлнинг ҳимояси учун аппеляция берган.

Бойлар ва камбағаллар орасидаги фарқ кенгайиб бормоқда

Ўзбек миллиардер бойлари ватанга қайтишмоқда

Собиқ Шўро давлатларида бойлар ва камбағаллар орасидаги фарқ қанчага етди?

Изоҳланмаган Бойлик Манбайи тўғрисидаги қонун

Бу қонун катта эҳтимол билан ўғирлик ёки талон-тарож орқали топилган пулларни Буюк Британияда ювган ёки ювишга интилган хорижий шахсларни таъқиб остига олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Британия терговчилари миллиардлаб фунт стерлингга тенг «ҳаром» пул хорижликлар томонидан мамлакатда мулклар сотиб олишга ишлатилганига ишонишини билдиради - аммо далиллар етишмаслигидан гумон остидаги мулк эгаларига нисбатан айбловлар эълон қилиш ёки мулкларни мусодара қилиш мушкул масала бўлиб қолмоқда.

Мазкур янги қонун мулкларнинг асл эгалари шахсини юзага чиқаришда қонуний мажбурловчи куч сифатида ишлатилиши кўзда тутилмоқда.

Агар коррупцияга аралашганликда гумонланган хорижий амалдор ёки унинг оиласи ўз бойлигининг қонуний манбайини кўрсатиб беришнинг уддасидан чиқа олмаса, Жиноятчиликка Қарши Кураш Миллий Агентлиги унинг мулкини мусодара қилиши учун Олий Судга сўров киритиши мумкин.

Озарбайжонлик жуфтлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Жаҳонгир Ҳажиев Озарбайжон Халқаро Банкининг собиқ раиси ҳисобланади.

У банкдан миллионлаб долларга тенг маблағнинг ғойиб бўлгани фош этилиши ортидан фирибгарлик ва талон-тарожда айбланиб, 2016 йили сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бундан ташқари ҳакамлар унинг гарданига $39 миллион товон тўлаш мажбуриятини ҳам қўйган.

Бундан етти йил бурун Буюк Британияга қарашли Виргин Оролларида жойлашган бир компания Лондондаги Harrods савдо уйидан атиги бир неча дақиқали йўл нарида қиймати 11,5 миллион фунт стерлинг ($15,1 миллион)га тенг каттакон уй сотиб олган.

Олий Судга мазкур уйнинг якуний соҳиблари Ҳожиева хоним ва унинг турмуш ўртоғи экани борасидаги далиллар тақдим этилган.

2013 йили Ҳожиева хонимга тегишли бўлган яна бир компания Беркшайр графлигида голф майдончаси сотиб олиш учун 10 миллион фунт стерлинг ($13,2 миллион) пул сарфлаган.

Британия ҳукумати бадавлат сармоядорларга мўлжалланган виза тартиби асосида Ҳожиева хонимнинг Буюк Британия ҳудудида яшашига изн бериб келган.

Британияга олиб келинган миллионлар

Июль ойида бўлиб ўтган Олий Суддаги тингловда Ҳожиева хоним катта даромадга эга бўлгани аниқланган эди.

У ўн йилдан кўпроқ вақт давомида қимматбаҳо кийим-кечак, зеб-зийнат ва бошқа буюмлар сотиладиган Harrods савдо марказида $21 миллиондан зиёд маблағни ишлатиб юборган - бу кунига $5,200 деганидир.

Текширувлар давомида Ҳожиева хоним бир куннинг ўзида қимматбаҳо тақинчоқлар, атир-упа ва соатлар билан савдо қилувчи Boucheron марказида 150,000 фунт стерлинг (деярли $198,000) совургани маълум бўлган.

Бундан ташқари аёл 1,800 фунт стерлинг ($2,300)га тенг вино ҳам сотиб олган.

Яна бир ҳолатда эса у Cartier заргарлик буюмларига 100,000 фунт стерлинг ($131,200) ва қимматбаҳо эркаклар буюмлари учун 20,000 фунт стерлинг ($26,300) сарфлаган.

Ҳожиева хоним ихтиёрида учта машҳур савдо уйининг жамғарма картаси ва эри бошқарган банкка тегишли 35 та кредит картаси бўлган.

Жуфтлик яна Harrods савдо уйидан икки машина тўхташ жойи ва қиймати $42 миллионга тенг шахсий самолёт сотиб олгани айтилмоқда.

Ҳожиева ўзини айбдор, деб тан оладими?

Жорий йилнинг февраль ойида Изоҳланмаган Бойлик Манбайи тўғрисидаги қонун нишонига айлангандан бери у ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб келмоқда.

Жуфтликнинг адвокатлари Олий Судга эр-хотин мисли кўрилмаган адолатсизлик қурбони бўлаётганини таъкидлаган.

Жаҳонгир Ҳожиев Озарбайжон Халқаро Банки мулкини талон-тарож қилгани юзасидан илгари сурилган айбловларни тан олмайди. Унинг адвокатлари эса собиқ банк раҳбарининг Озарбайжонни бошқариб келаётган оила ўйинлари қурбонига айланганини иддао қилади.

Жаноб Ҳожиев Европа Инсон Ҳуқуқлари Судидан Озарбайжонда ўзига қарши очилган ишга аралашишни сўрамоқда.

Ҳожиева хонимнинг даъвосича, унинг эри банк раиси бўлгунга қадар бир қанча ҳалол бизнеслари орқали шу даражадаги бойликка эришган.

Бироқ Жиноятчиликка Қарши Кураш Миллий Агентлиги жаноб Ҳожиевнинг 1993 йилдан 2015 йилга қадар давлат амалдори сифатида фаолият юритганига ишора қилиб, бир амалдорнинг қонуний маоши бундай мисли кўрилмаган бойликка асос бўла олмаслигини таъкидлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek