Саудия Арабистони ва Ғарб манфаатлари журналист ўлими манзарасида қандай намоён бўлади?

A Saudi Arabia flag flies in front of the Saudi consulate in Istanbul, 13 October 2018 Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп агар Саудия Арабистони Истанбулдаги Саудия консуллиги биносида ғойиб бўлган саудиялик таниқли журналист Жамал Хашоқжининг ўлимида айбдор, деб топилса, у ҳолда ар-Риёдга нисбатан «қаттиққўл жазо» қўллаши билан пўписа қилди.

Жамал Хашоқжининг саудиялик махфий агентлар томонидан консулхона ичида ўлдирилгани борасидаги турк расмийлари илгари сурган иддаоларни «ғирт ёлғон» дея рад этган Саудия Арабистони Ғарб жорий қилган ҳар қандай жазо чорасига қарши «янада кескинроқ» жавоб қайтаришга сўз бермоқда.

Хўш, бу икки томонлама дўқ пўписаларнинг амалга оширилиши эҳтимоли қанчалик асосли ва Саудия Арабистонининг Ғарб учун аҳамияти қанчалик юқори? Агарда жазо чоралари жорий этилса, улар қандай оқибатларга сабаб бўлиши мумкин?

1. Нефть таъминоти ва нархлар

Нефть Экспорт Қилувчи Мамлакатлар Ташкилоти (OPEC)га кўра, Саудия Арабистони дунёда аниқланган нефть захираларининг 18 фоизига эгалик қилади ва дунёнинг энг йирик нефть экспорт қилувчи мамлакатидир.

Бундай табиий имконият мамлакатни жаҳон саҳнасида сезиларли қудрат ва таъсир билан таъминлайди.

Мабодо АҚШ ёки бошқа мамлакатлар Саудия Арабистонига нисбатан санкциялар жорий қилгудек бўлса, у ҳолда ар-Риёд бунга нефть қазиб олишни кескин камайтириш орқали осонгина жавоб бериши мумкин. Оқибатда бошқа экспортчилар юзага келган тақчилликни тўлдирмагунча, жаҳондаги нефть нархи осмонга сакраб кетади.

Ўтган ҳафта Саудия ҳукуматига қарашли Al Arabiya телеканали бош менежери Туркий Алдоҳил қиролликка нисбатан санкциялар қўллаш «бутун дунёни силкитиб юборувчи иқтисодий фалокатга сабаб бўлиши»ни таъкидлаган эди.

"Агар нефтнинг нархи $80 га чиқиши президент Трампни ғазаблантирган бўлса, ҳеч ким нархнинг $100 ёки $200 ё бунданда икки баробар ошиб кетишини тўхтатиб қола олмайди," деб ёзган эди у.

Жаҳон бўйлаб нефть нархининг кескин ошиши, алал-оқибат, якуний истеъмолчига салбий таъсир ўтказади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

2. Ҳарбий шартномалар

БМТ журналист Жамол Хашоқжининг йўқолиб қолиши юзасидан изоҳ талаб қилмоқда

Исроил ва Саудия Арабистони алоқалари илиқлашмоқдами?

Стокҳолм Халқаро Тинчликни Тадқиқ Қилиш Институти (SIPRI)га кўра, Саудия Арабистони 2017 йилда дунёдаги учинчи энг йирик мудофаа бюджетига эга давлатга айланган.

Ўша йили қироллик ва АҚШ ўртасида кейинги 10 йил давомида $350 миллиардга қадар кўпайиш имконияти билан $110 миллиардга тенг қурол олди-сотдисига доир шартнома имзоланган. Оқ Уй буни АҚШ тарихидаги ягона энг йирик келишув, деб эътироф этган эди.

Саудия Арабистонига қурол сотувчи бошқа асосий мамлакатлар Буюк Британия, Франция ва Германия ҳисобланади.

Жаноб Алдоҳил ҳар қандай санкцияга қарши жавоб тариқасида ар-Риёд ўзининг ҳарбий эҳтиёжларини таъминлаш учун Россия ва Хитой томон юзланиши мумкинлигини тахмин қилган.

3. Хавфсизлик ва терроризм

Ғарб давлатлари Саудия Арабистонининг Яқин Шарқ минтақасидаги барқарорликни сақлаш ва терроризм ҳамда экстремизмга қарши курашда муҳим роль ўйнашини эътироф этади.

Буюк Британия Бош вазири Тереза Мей Яманда уруш жиноятларини содир этганликда айбланишига қарамай, Саудия Арабистони билан яқин алоқаларни сақлаб қолишни ёқлаб чиққан ва у «Британия кўчаларида одамлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бергани»ни таъкидлаган эди.

Ислом динининг бешиги ҳисобланмиш қироллик АҚШ етакчилиги остида Исломий Давлатга қарши курашувчи коалиция аъзоси ҳисобланади ва ўтган йили 40 та мусулмон давлат билан биргаликда Терроризмга Қарши Исломий Ҳарбий Коалицияга асос солган.

Жаноб Алдоҳил агар журналист Жамол Кашакчининг ғойиб бўлиши ортидан қандайдир жазо чоралари кучга кирса, у ҳолда «ар-Риёд, Америка ва Ғарб давлатлари ўртасидаги ишончли ахборот алмашиш ўтмишга айланиши» борасидаги ўз қарашларини илгари суради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Иттифоқчилар?

4. Минтақавий иттифоқлар

Саудия Арабистони шу вақтга қадар Эроннинг таъсир доирасини тийиб туришда АҚШ билан яқиндан ҳамкорлик қилган.

Шиа ва сунний мусулмон кучлари ўн йиллардан буён Яқин Шарқ минтақаси бўйлаб бир-бирига қарши билвосита уруш ҳаракатларини амалга ошириб келади.

Сурияда Саудия Арабистони президент Ассадга қарши қўлига қурол олган исёнчиларни дастаклаган бўлса, Эрон Россия билан бир қаторда Сурия ҳукуматига урушни ўз фойдасига ҳал қилиши учун ёрдам қўлини чўзиб келди.

Жаноб Алдоҳил эса санкциялар жорий қилиниши ортидан катта эҳтимол билан яхшиланадиган Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабат ва янги қурол савдоси бўйича йирик шартномалар ар-Риёднинг «Эрон билан яқинлашуви, ҳатто, икки давлатнинг ярашуви томон етаклаши»дан Ғарбни огоҳлантирмоқда.

5. Савдо ва сармоя

Al Arabiya телеканали бош менежери АҚШ компаниялари Саудия бозорига кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам гапирган.

Саудия Арабистонига сотилган АҚШ товар ва хизматлари қиймати 2017 йилда $46 миллиардни ташкил қилган. АҚШ Савдо вазирлиги 2015 йилда икки давлат ўртасидаги икки томонлама иқтисодий алоқалар АҚШда 165,000 иш ўрнини яратганини маълум қилган эди.

Жорий йилнинг август ойида Оттаванинг ҳибсга олинган ижтимоий ва аёллар ҳуқуқи фаолларини озод этишга даъватини қироллик суверенитетини қўпол равишда бузишга тенглаштирган Саудия Арабистони Канада билан барча савдо алоқаларини музлатиб қўйган эди.

Қироллик, шунингдек, Канададан буғдой импорт қилишни тўхтатган ва давлат грантлари асосида Канада университетларида таҳсил олаётган минглаб саудиялик талабаларни уйга қайтаришга қарор қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek