Ўзбекистон ва дунё: Ўзбеклар қаршисида танлов - “Нонми, жонми ва ё сиёсат”?

17.10.2018 - британ вақти билан соат 16:35 да янгиланди.

Афғонистонлик ўзбеклар ҳам шу шанба, 20 октябрь куни парламент сайловларида овоз беришади.

Давомий қуролли низолар ва устма-уст кузатилган сиёсий инқирозлар боис, сайловлар бир неча бор ортга сурилган.

Мавжуд вазият сабаб, мамлакат президентининг қарори билан амалдаги муддати тугаб битган парламентнинг ваколати кейинги сайловларга қадар, деб узайтирилган.

Бу ўз вақтида мазкур қарорнинг қанчалик Афғонистон конституциясига мувофиқ эканига оид ташвиш, хавотир ва танқидларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Шунча кечикишлар ортидан бўлиб ўтаётган парламент сайловларида жаъми 2500 нафар номзод беллашади.

Улар парламентдаги 250 ўрин учун кураш олиб боришади.

Бунча номзоддан бор-йўғи 400 нафарининг хотин-қизлар экани айтилади.

Сайловлар Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатлари билан бевосита чегарадош ва ўзбеклар зич яшовчи шимолий, шимолий-шарқий минтақаларида хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Кобулдаги мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, мавжуд вазиятга қарамай, бу минтақалар учун ҳам етарли сондаги овоз бериш марказларининг фаолият юритиши кўзда тутилган.

Аммо айнан хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб, бу марказларнинг анчагина қисми сайловлар куни ҳатто очилмаслиги ҳам мумкин.

Қуролли низолар ва исёнчиларнинг таҳдидлари боис, қўлларида сайлов варақалари бўла туриб, жон қайғусида овоз беришдан хавотирда бўлган одамларнинг сонлари ҳам озмунча эмас.

Мухбиримизнинг айтишича, айрим ҳудудларда хавфсизлик билан боғлиқ вазият шу қадар танглигидан, ҳатто овоз бераман, деган одамлар расман қайддан ўтишга ҳам муваффақ бўлишмаган.

Устига устак, одамларда ҳафсаласи пир бўлганлик ҳисси кучли, зўравонликлар боис, ўз турар-жойларини ташлаб чиққан одамларнинг сони кўп. "Уларнинг қаерда, қандай овоз беришни билмай, бошлари қотган, яна қанчаси оддий бир нон қайғусида".

Маҳаллий аҳоли орасида "вакиллар ижтимоий адолатни амалда таъмирлашга қодир бўлмагунча, бу каби сайловлар ва "бунга ўхшаш парламент" Афғонистонга ҳақиқий ўзгаришлар келтиришга хизмат қилмайди", деган бир кайфият ҳам ҳукмрон, дейди мухбиримиз.

Бу минтақаларда истиқомат қилувчи ўзбекларнинг сони турли манбаларда бир неча миллионга нисбат бериб келинади.

17.10.2018 - британ вақти билан соат 14:00 да янгиланди.

Керч Политехника коллежи яқинидаги Миллий гвардия қўшинлари Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Россия аннексия қилган Қримдаги коллежда рўй берган портлашда 18 инсон ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар жароҳатланган.

Масъулларга кўра, портлашни коллеж ўқувчиси уюштирган. Ўзини ўзи ўлдирган.

Россия Тергов Қўмитаси юз берган ҳодиса юзасидан жиноий иш очган.

Шу соатларга келиб, бунинг "теракт" эмас, "қотиллик" бўлгани гумонига ўтган.

Президент Владимир Путинга кўра, "бу жиноят бўлган".

Россия раҳбари Керчдаги воқеага Миср президенти билан учрашуви чоғида ўз баҳосини берган.

Унга кўра, "фожиа сабаб ва омиллари синчковлик билан ўрганилмоқда".

Аммо юз берган воқеа тафсилотлари ўзгариб бормоқда.

Дастлабки хабарларда газ баллони портлагани хабар қилинган.

Бунинг ортидан масъуллар Керч Политехника Коллежи биносида "номаълум портловчи модда" портлатилганини айтишган.

Россия Тергов қўмитаси портлашни атайдан уюштирилган террорчилик хуружи деб таснифлаган.

Тергов қўмитаси ичига металл буюмлар ва портловчи модда солинган рюкзак коллеж ошхонасида қолдириб кетилганини тахмин қилганди.

Расмийлар ҳодисада коллеж ўқувчиларидан бири гумонланаётганини айтишган.

Шу соатларда Тергов қўмитаси гумондорнинг номини ҳам эълон қилган.

Тергов томони фаразича, отишма ва портлашни тўртинчи курс ўқувчиси Владислав Росляков уюштирган.

Бу ҳақда қўмита вакили Светлана Петренконинг "Интерфакс" ахборот агентлигига маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, терговчилар йигитча аввалига коллеждагиларга қарата ўт очиб, кейин ўзини ўлдирган, деган гумонда.

Қурбонларнинг аксари Политехника коллежининг ўсмир ўқувчилари экани хабар қилинмоқда.

Портлаш жойига Миллий гвардия қўшинлари ташланган.

17.10.2018 - британ вақти билан соат 14:15 да янгиланди.

Ўзбекистонликлар нега яшаш учун Қозоғистонга кўчиб кетишмоқда?

Ўтган тўққиз ой ичида Ўзбекистонни 14 мингдан зиёд киши тарк этган бўлса, улардан ярмига яқини доимий яшаш учун қўшни Қозоғистонни танлашган.

Шунга бироз яқин сондаги ўзбекистонликлар Россияни афзал билишган, бир фоиздан сал ортиқроғи эса, АҚШга кетишган.

Бунга Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси томонидан яқинда эълон қилинган маълумотлар далолат қилган...

Шундай экан, нима учун Қозоғистон?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай савол билан асли ўзбекистонлик, аммо ҳозирда Қозоғистонда доимий яшовчи минтақавий эксперт Сапарбой Жубаевга мурожаат қилди.

Сиз ҳам бугун яшаш учун четга кетган бўлармидингиз?..

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар