Мусиқа юлдузи Шинейд О'Коннор Ислом динига кирди

Дунёга машҳур хонанда Шинейд О'Коннор Ислом динига кирди.

Атоқли хонанда Исломни қабул қилгани ҳақида интернетда эълон қилган.

Ирландиялик имом Умар ал-Қадрий ўзининг Twitter саҳифасидаги видеода, Шинейд О'Коннор "Алҳамдулиллаҳ" деб Яратганга ҳамд-сано ўқийд ва шаҳодат калимасини қайтарганини тасдиқлайди.

1990 йилда Nothing Compares 2 U қўшиғи билан бутун дунёга танилган юлдуз муслима бўлгандан сўнг Шуҳада Давитт (ўзебкча талаффузда Шаҳодат Довуд) исмини қабул қилган.

Тwиттер хабарида қўшиқчи уни қўллаб-қувватлашгани учун мусулмонларга ташаккур изҳор қилган.

Шинейд О'Коннор янги динни қабул қилиш борасидаги қарори "ҳар қандай онгли илоҳиётчининг табиий хулосаси"га асосланганини маълум қилган.

Ўтган йили у исмини Магда Давитт деб ўзгартирганди.

Папа расмини йиртган хонанда

Қўшиқчининг 1992 йили АҚШ телевидениесида Рим Папаси суратини намойишкорона йиртиб ташлагани кўпчиликнинг эсида бор.

Орадан етти йил ўтиб, Франциядаги мустақил черковлардан бири О'Коннор хонимни роҳиба деб атайди. Аммо аёлларнинг руҳоний бўлишига йўл қўймайдиган Католик Черкови бу амални тан олмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter/MagdaDavitt77
Image caption Шинейд О' Коннорнинг исми энди Шуҳада ёки ўзбекча талаффузда Шаҳодат.

Шинейд О'Коннор қўшиқчи сифатида 1990 йилларда анча шуҳрат қозонганди.

У ўзининг Nothing Compares 2 U қўшиғи билан миллионлаб инсонлар қалбини забт этади. Бу қўшиқ ижрочига кўплаб мукофотлар олиб келган.

Қўшиқчи шу пайтга қадар 10 та яккахон албомни ўз мухлисларига тақдим этган. 2018 йил август ойида у ўзининг сўнгги тўрт йил ичидаги илк қўшиғини эълон қилган эди.

Яна қайси машҳур инсонлар Исломни қабул қилишган?

•Оскарга номзод этиб кўрсатилган мисрлик актер Омар Шариф бўлажак рафиқаси Фатен Ҳамамага уйланишдан олдин 1955 йилда исмини ўзгартиради ва Исломни қабул қилади. Унинг асл исми Мишель Димитри Чалҳуб бўлиб, Мисрдаги христиан оиласида дунёга келади.

•Саҳнада Кат Стивенс номи билан машҳур бўлган қўшиқчи Юсуф Ислом 1977 йилда Исломга ўтиб, икки йилдан сўнг мусулмон жамоати билан ишлашга бор диққатини қаратиш мақсадида ашулачиликни ташлайди. Аммо 2006 йили яна санъатга қайтади.

•Реппер Айс Кюб 1990 йилларда мусулмон бўлади. 2017 йилда у ҳануз Исломга эътиқод қилишини айтган, аммо «Ўлишимдан олдин динимни яна уч-тўрт марта ўзгартиришим мумкин,» деб қўшимча ҳам қилган.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбек хонандаси Дониёр Файз қандай муаззинга айланди?

Самарқанд: Уч дини сиғинадиган сағана кимники?

Ислом дини ўзгармоқдами?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek