Танлов: Соғликми ёки ҳаром вакцина?

эмдори Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Буюк Британиянинг Соғлиқни сақлаш миллий хизмати томонидан таркибида чўчқа желатини (елимшак) мавжуд эмдориларнинг ишлатилиши мамлакатдаги вегетариан ва мусулмон жамоаларнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлмоқда.

Британиядаги Вегетарианлар Жамияти етакчиси Лян Эллиот тиббиётда ҳайвонлардан олинган қўшимчалардан фойдаланишни қоралаб чиққан.

Мазкур желатин чўчқадан олиниб, грипп, тепки, қизамиқ каби касалликлар олдини олиш учун қўлланиладиган эмдорилар таркибига қўшилади.

Британия Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги қошидаги махсус агентлик эмдорилар таркибидаги чўчқа желатини мувозанатлаштирувчи вазифасини ўташини маълум қилиб, унинг ўрнига муқобил «ишлаб чиқиш ҳеч қачон бўлмаслиги» мумкинлигини таъкидлаган.

Ҳукумат агентлиги желатиннинг «юқори даражада тозаланганлиги» ва «қатъий гигиена ва хавфсизлик қоидалари»га амал қилинган ҳолда ишлаб чиқарилганлигини ҳам қўшимча қилган.

Мазкур агентлик сўзчиси желатиннинг эмдори таркибидаги фойдали вирусларни мувозанатда сақлаб туришини айтган.

Эллиот хоним эса "барча дори ва эмдориларнинг веган шакли бўлиши лозим"лигини билдириб ўтган.

Ҳозирда таркибида чўчқа желатини борлиги айтилаётган учта эмдори кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Уларнинг бари умуммиллий эмлаш дастури таркибига киритилган.

Бироқ эмдорилар фақат ҳайвон маҳсулотларини истеъмол қилишдан воз кечган вегетарианларнинг ғазабига сабаб бўлмаяпти.

Британия Мусулмонлар Кенгаши ҳаёт хавф остида қолмагунча ва бошқа муқобиллар топилмагунча бундай эмдориларни қабул қилишга Исломда рухсат берилмаслигини айтиб чиққан.

Кенгашнинг тадқиқот ва ҳужжатлаштириш қўмитаси раиси доктор Шужа Шафи "эмдориларга муқобил топиш учун кўп ишлар қилиниши зарур"лигини таъкидлаган.

Жаноб Шафи эмдорилар таркибидаги чўчқа желатинидан ташвишга тушган ҳар бир мусулмонга шифокор билан маслаҳатлашиб, «онгли қарор» қабул қилишни маслаҳат берган.

Би-би-си билан боғланган бир мусулмон эркак «ҳаром» эмдорилар унинг ҳамиятига текканидан ўз норозилигини билдирган.

Унга кўра, фарзандларини эмлашга олиб борган аёли шифокордан эмдори таркибида чўчқадан олинган модда борлигини билиб қолади. Сўнг у эмлашдан воз кечади.

"Сал қолганда, болаларим ҳаром эмдори билан эмланиб қолар эди," дейди эркак.

Британиядаги яҳудийлар жамоати вакили Марк Фрезер эса ҳазм қилинмагани сабабли "чўчқали" эмдорилар яҳудийлар учун ҳеч қандай муаммо туғдирмаслигини маълум қилган.

'Муносабатлар кузатилмоқдаʼ

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги қошидаги махсус агентлик вакиласи буруннинг ичига сепиладиган гриппга қарши болалар эмдориси мажбурий эмаслиги ва ундан фойдаланиш «ёлғиз ота-оналарнинг ихтиёрида» эканини айтади.

"Биз баъзи жамоатлар орасида мазкур эмдорини қабул қилиш юзасидан маълум иккиланишлар борлигидан хабардормиз. Биз барча муносабатларни кузатишда давом этамиз ва уларни эҳтиёткорлик билан кўриб чиқамиз."

Давлат агентлиги таркибига чўчқа желатини қўшилмаган эмдориларнинг ҳам мавжудлиги, аммо уларнинг самараси «бироз паст»лигини маълум қилган.

Бундай эмдорилар эса фақат «грипп асоратларидан қийналаётган» болалар ва катталар ҳамда тавсия қилинган "чўчқали" эмдорилардан воз кечган шахсларга нисбатан муқобил сифатида қўлланилиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek