Лотереядан ютилган миллиард доллар нега баракали бўлмайди?

пул Фото муаллифлик ҳуқуқи Drew Angerer

Бундан бир неча кун олдин АҚШда бир омадли инсон лотереядан нақ $1.5 миллиард ютиб олди. Ҳамма унга ҳавас билан боқаётган бир вақтда, тадқиқотчилар бундай катта ютуқ омадли чипта соҳиби ҳаётини буткул тескари томонга ўзгартириб юбориши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Америкада бир шахс Mega Millions лотереясини ўйнаб, $1.537 миллиард миқдорига тенг жекпот эгасига айланди.

Бу тарихда лотереяга чиққан иккинчи энг катта ютуқдир. Ҳозирча бу борадаги биринчилик 2016 йилда Powerball ўйинидан чиққан $1.6 миллиардли жекпотда қолмоқда.

Бундай йирик миқдордаги маблағни лотереядан ютиб олиш имконияти 1/303 миллионга тенг. Бу лотереядан миллиард доллар эгасига айланишдан кўра яшин остида қолиш эҳтимоли 400 марта юқорироқ деганидир.

Аммо миллион ёки миллиард долларли жекпот ютиб олишнинг ўзи бахтли якун, дегани эмас. Барчаси айнан ғолиб аниқ бўлгандан сўнг бошланади.

Парчаланган ютуқ

Америка солиқ тизими талабларига биноан лотереяда ҳаммага кўз-кўз қилинган ютуқ миқдори ҳеч қачон ғолиб қўлига тўлиқ берилмайди.

Айтайлик, сиз АҚШ фуқаросисиз ва лотереядан $1.537 миллиард ютиб олдингиз. Энди сиздан бахтли одам йўқ. Сиз ютуқни олиш мақсадида лотерея таъсисчиси бўлган компания офисига ташриф буюрасиз ва у ерда пулларингизни олишнинг икки йўли мавжудлигини тушунтиришади: бир марталик нақд ва йиллик тўлов.

Албатта, аксарият одам ютуқни бир марталик нақд тўлов тарзида олишни истайди, аммо шу ерда ютилган пул миқдори деярли тенг ярмига камайиб кетади. Сабаби, Mega Millions лотерея ўйинини мисол сифатида олсак, катта миқдордаги ютуқ айни вақтда ўйин ҳисобидаги нақд пул миқдорига қараб берилади. Яқинда ютиб олинган $1.537 миллиардли жекпот мисолида бу рақам $878 миллионга тенг.

Шубҳасиз, $1.5 миллиардли ютуғининг деярли ярмига камайишини ҳеч ким истамайди. Мабодо сиз йиллик тўлов йўлини танласангиз, сизнинг пулларингиз тўлиқ ҳолда кейинги 30 йил давомида йилма-йил тўлаб борилади.

Тасаввур қилайлик, ютуқни бир марталик нақд тўлов кўринишида олишга қарор қилдингиз ва $878 миллионга рози бўлдингиз. Бироқ хуш кайфиятда пул солинган жомадонларни уйга олиб келишингиз биланоқ ортингиздан солиқчи эшикни тақиллата бошлайди.

Америка штатларининг ҳар бири алоҳида солиққа тортиш тизимига эга. Масалан, ғолиб лотерея ютуғи солиққа тортилмайдиган Флорида ёки Техас штатидан бўлса ҳам, марказий федерал ҳукумат $878 миллиондан $211 миллионини солиқ сифатида олиб қолади ва, натижада, ютуқ эгасига $667 миллион қолади.

Куни кеча Mega Millions лотереясидан жекпот ютиб олган бахтли фуқаронинг Жанубий Каролина штатидан экани айтилмоқда. Демак, мазкур штат қонунларига кўра, унинг $878 миллионга тенг нақд пул кўринишидаги ютуғи 7 фоизли солиққа тортилади. Якуний ҳисоб бўйича, бу омадли америкалик қўлига $1.537 миллиарддан атиги $606 миллион тегади, холос. Агар у 30 йиллик тўлов йўлини танламаган бўлса, албатта.

Осмондан тушган бойлик

Мана, бир ярим миллиард доллар ютган инсоннинг аслида миллиардерга айлана олмаслигини ҳам билиб олдик, лекин унинг қўлида барибир ҳозирги замон учун ақл-бовар қилмас даражадаги пул қолмоқда. Энди унинг ҳаёти қанчайин ўзгариб кетар экан?

Молия соҳасида фаолият юритувчи тадқиқотчилар қўлига бирданига йирик миқдордаги пул келиб тушган инсонларнинг ҳаёти, ҳамма ўйлагандек, яхши бўлиб кетмаслигини таъкидлайди.

2001 йилда амалга оширилган тадқиқотда кутилмаган бойлик ўртахол инсонни пулни ҳавога совурувчи машинага айлантириб юбориши мумкинлиги ҳақида айтилади.

Ўрганилган маълумотларга кўра, сўнгги 10 йил давомида лотереядан катта миқдорда пул ютиб олган инсонларнинг аксарияти ютилган бир доллардан атиги 16 сентни ўз қўлида сақлаб қола олган, холос.

Кутилмаганда катта миқдордаги мерос ёки молиявий ҳадяга эга бўлганлар ичида, айниқса, 20-40 ёшли инсонларнинг пулни ақл билан сарфламасликка мойиллиги юқори бўлиши аниқланган.

Яна бошқа тадқиқотларда лотерея ютуғи унга қадар молиявий қийинчиликда яшаган одамларга деярли ёрдам бермаслиги тўғрисида хулоса қилинади. Яқин тарихдаги жекпот совриндорларининг учдан бир қисми охир-оқибат яна қашшоқликка қайтгани ҳам маълум. Кутилмаган бойлик бундай инсонлар юзлашиши аниқ бўлган молиявий синишни бирозга кечиктиради, холос.

Пулни совуриш ҳам осон иш эмас

Лотереядан юзлаб миллион ютиб олган инсон уни қанча вақт ичида сарфлаб юбориши мумкин? Бу ҳамма ўйлаганчалик осон иш эмас.

Статистик маълумотларга кўра, лотерея ютуғи совриндорининг ёши қанчалик катта бўлса, унинг пул сарфлаш даражаси шунча паст бўлади.

Дейлик, 30 ёшлардаги шахс $900 миллион ютиб олди ва у йилига тўлиқ $20 миллион ёки кунига $55 минг сарфлади. Агар унинг йиллик харжи шу миқдорда сақланиб қолса, бутун ютуқни ишлатиб юбориш учун деярли 45 йил вақт керак бўлади.

Йилига $20 миллион сарфлаш ҳашаматли уйлар, Феррари ёки Астон Мартин каби қимматбаҳо машиналар сотиб олиш учун бемалол етарлидир. Бу лотереядан юзлаб миллион доллар ютиб олган инсоннинг бутун умр роҳат-фароғатда яшаш учун имконияти анча юқори эканини англатади.

Аммо ҳамма инсон ҳам бундай имкониятни қўлда ушлаб қолишнинг уддасидан чиқа олмайди.

Тўкинликдан қашшоқликка

АҚШда яшаб ўтган Ҳантингтон Ҳартфорд ана шундай шахслардан бирига ёрқин мисол бўла олади.

1911-2008 йилларда умр кечирган жаноб Ҳартфорд йирик Great Atlantic & Pacific Tea Company компаниясининг меросхўри эди.

Ўз фаолиятини бундан деярли 160 йил аввал бошлаган мазкур компания ўтган асрнинг 60 йилларига қадар АҚШдаги энг йирик супермаркетлар тармоқларидан бирига эгалик қилар эди.

Жаноб Ҳартфорд эндигина 12 ёшга тўлганда компаниянинг $90 миллион долларга тенг меросига эга бўлади. Бу маблағ ҳозирги курсда нақ $1.3 миллиардга тенгдир.

Шунга қарамай, жаноб Ҳартфорд меросни қўлга киритгандан тахминан 70 йил ўтиб, аниқроғи, 1992 йилда банкротлик эълон қилади.

Ҳантингтон Ҳартфорд кўчмас мулк сотиб олиш, санъат музейи ташкил этиш, театрлар ва кўргазмаларга ҳомийлик қилиш ишларига миллионлаб доллар сарфлаб юборади. У пуллари ҳисобини назорат қилиш ўрнига фақат бойлигини совуриш билан банд бўлади.

Банкротликдан сўнг жаноб Ҳардфорд Баҳама оролларида тарки дунё қилиб яшай бошлайди ва ўша ерда вафот этади.

Ушбу ҳаётий ҳикоя юқорида таъкидлаганимиз пулни совуриш осон иш эмаслигининг аксини кўрсатади. Зеро осмондан тушган бойлик оғушидаги ҳаёт ҳар доим ҳам бахтли якун топмаслиги мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek