Дунё ва медицина: Жинсий аъзоси қўлида ўсган эркак

Шу йил бошида гермофродит ёки икки жинсли одам тўлақонли эркакка айланди.

Ҳам аёллик, ҳам эркаклик хусусиятлари билан дунёга келган 23 яшар Аник ўзига мукаммал олат ато этувчи жарроҳлик амалиётларининг сўнггисига тайёргарлик кўраётган пайтда Би-би-си унинг ҳолидан хабар олиб турди.

Аник на ўғил болалар, на қиз болаларникига ўхшаш жинсий аъзо билан туғилган.

Гермофродит ёки икки жинсли одамларда ҳам аёл, ҳам эркакка хос жинсий аъзо белгилари, гормонлар аралашиб кетган ёки тўлиқ ривожланмай қолган бўлиши мумкин.

БМТга кўра, дунё аҳолисининг 1,7 фоизини интерсекс ёки гермофродит одамлар ташкил қилади. Бу қарийб ҳар 50-60тадан битта одам икки жинсли дегани.

Алоқадор мавзулар:

12 ёшида чўчоғи чиқадиган қизлар

Соғлигингиз учун ҳаром вакцина оласизми?

Аникда ҳам шундай бўлган. У туғилганида шифокорлар гўдакнинг жинси бўйича бир тўхтамга кела олмаганлар.

Унда ўғил бола аломатлари кўпроқ бўлса-да, мояклари нотўғри жойлашганди.

Аник ҳаётидаги илк жарроҳликни тўрт ойлигида бошдан кечиради - моякларни жойига тўғрилаб қўядилар.

Болалиги давомида одамлар Аникнинг бошқа ўғил болаларга ўхшамаслигини айтиб келади.

Image caption Аник энди йигитга айланди, унинг ҳатто севган қизи ҳам бор.

«Мен бошқалардан фарқли эканлигимни билар эдим, аммо бу фарқ айнан нимада эканлигини тушуна олмасдим,» дейди Аник.

"Ота-онамнинг менга бўлган муҳаббатини ҳис қилардим, аммо улар ҳар олти ойда мени шифохонага олиб бориб, шифокорлар билан мен ҳақимда 'ғалатиʼ ва 'ғайритабиийʼ каби сўзларни қўллаган ҳолда суҳбатлашар эди."

Кейинчалик Аник ўзининг бошқалардан фарқли жиҳати нима эканини англай бошлайди. Мактаб даврида дўст орттиришга қийналади ва ёлғизликдан ўз жонига қасд қилишга бир неча бор уринади.

Ниҳоят, 14 ёшида Аникни руҳшуносга олиб борадилар. Аммо Аник унга муаммоси сабабини айтишдан қочади.

«Мен бу ҳақида ҳамма ҳам билишини истамас эдим. Жуда-жуда одамлардан ажралиб қолгандим.»

«Ҳеч ким менинг қандай ўзгача инсон эканлигимни билмайди, мен дунёда ягона шундай одамман, деб ўйлардим,» давом этади Аник.

Аник 18 ёшга тўлганда, яъни бундан атиги беш йил бурун ўзига ўхшаш фарқли инсонлар қандай номланишини билиб олди: "интерсекс". Бундан ташқари у жарроҳлик йўли ва гормон муолажалари орқали «эркак»ка айланиш имкони мавжудлигидан ҳам хабар топади.

Дунёда ўзи каби бошқа инсонлар ҳам борлигини билган Аник шундай дейди: «Тўсатдан ўзимнинг кимлигимдан ва шундай туғилганимдан уялишим шарт эмаслигини ҳис этдим.»

Image caption Аник ўсмирлигида кўп қийналган ва ўзини ўлдиришга уринган.

Шифокорлар Аникка бекаму кўст ишлай оладиган олат яратишнинг иложи борлигини маълум қилади, аммо уни қарор қабул қилишда шошилмасликка чақирадилар.

Орадан уч йил ўтиб - 2016 йилда - Аник шифокорларга жарроҳлик амалиёти учун тайёр эканлигини айтади.

«Шундан сўнг одамлардан ўзлигимни яширмай қўйдим. Уларга аслида қандай эканлигимни очиқ айта бошладим. Сабаби олдимда жуда кўп жарроҳлик амалиёти турган эди. Ҳар сафар кўричагимни олдирдим, деб баҳона қила олмасдим уларга.»

У ўзининг хунаса эканлигини биринчи бўлиб амакиваччалари, амаки ва холаларига очиқлайди. Улар бу воқеликни тўғри қабул қилганда эса ҳайрон қолади.

«Мен умр бўйи сақлаб келган сиримни одамлар шунчалик осон қабул қилишини билмас эдим,» сўзлайди Аник.

Сўнгги жарроҳлик амалиёти 2018 йилнинг июнь ойига белгиланган эди. У муваффақиятли ўтди ва эндиликда Аник ўзини ҳаётидаги илк севгилисини учратишга тайёр сезмоқда.

Image caption Олат ўсган қўлида чандиқ қолган.

Би-би-си Аник билан 2018 йилнинг февраль ойида илк бор учрашган эди. Ўшанда у Дания пойтахти Копенгагенда бўлиб ўтадиган Халқаро Интерсекс Ташкилоти (ХИТ) конференциясига жўнаб кетаётган эди.

«Жуда ғалати ҳиссиёт. Ҳаётимда биринчи бор ўзимга ўхшаган инсонлар билан учрашаман, ҳаётимда илк бор ўзимни ёлғиз сезмайман,» деган эди Аник.

Бутун дунёдан Аник каби интерсекслар Копенгагенга йиғилаётган эди.

«Ғалати эшитилиши мумкин, аммо учрашув давомида биз, асосан, жинсий аъзоларимиз ҳақида суҳбатлашдик.»

Бироқ конференция давомида Аник барча интерсекслар ҳам ўзи сингари эмаслигини пайқаб қолади. У танишган чикаголик Пижеон Пагонис ҳам тўлиқ шаклланган олат ёки мойлиқсиз дунё келган эди, аммо шифокорлар Аникдан фарқли ўлароқ уни «қиз»га айлантирадилар.

Пижеон ҳам Аникдек университет йилларидагина ўзининг интерсекс эканлигидан хабардор бўлади.

Пижеон ҳозирда жинсни ўзгартириш операцияларини кераксиз ҳисоблайди, интерсекс боланинг танасига тиғ теккизишни инсон ҳуқуқларини поймол этишга тенглаштиради.

"Интерсекс фарзандларингизни қандай бўлса, шундай ўстиринг ва уларнинг бир кун келиб ўз танасига мустақил эгалик қилишига имкон беринг," даъват этади Пижеон.

Пижеоннинг фикрларини эшитган Аникнинг ҳам аксар интерсекс инсонлар болалигидан бошдан кечирадиган жарроҳлик амалиётларига нисбатан қараши ўзгара бошлайди.

У белгиланган сўнгги жарроҳлик амалиётини бекор қилиш-қилмаслик тўғрисида ўйлаб қолади.

Бироқ Аник охиригача боришга қарор "Олатимни чап қўлимда ўстирганман," кулади Аник қўлидаги каттакон чандиқни кўрсата туриб.қилади.

Сўнгги амалиётдан бир йил аввал шифокорлар олат яратиш учун Аникнинг чап қўлидан тери олган эди.

Охирги жарроҳлик давомида Аникга олати билан жинсий яқинлик қилиш имконини берувчи протез мослама ўрнатилади.

«Ҳалигача ўзимни қандайдир роботдек ҳис қиламан,» жилмаяди у.

Аник бир томондан олатини турғазиш учун ўрнатилган мосламадан хурсанд бўлса, иккинчи томондан буларнинг барини бўлажак севгилисига қандай тушунтиришни билмай гаранг. Энди у ҳаётидаги илк муҳаббатини учратиш умидида.

"Шу пайтга қадар ўз танамга бўлган нафрат туфайли қизлардан ўзимни нари тутиб келдим. Энди ҳамма йигитларда бор нарса менда ҳам бор, йигитлар учун одатий иш бўлган нарса менинг ҳам қўлимдан келади."

Жарроҳликдан сўнг ўтган бир ой Аник учун жуда оғриқли кечди. Бироқ унинг руҳи шодон эди.

Image caption Аникнинг янги олатини қўлида ўстиришган.

Қайта-қайта давом этган кўриклар, текширувлар ва муолажалардан сўнг у шу йилнинг ёз кунларидан бирида бошқа интерсекс жамияти аъзолари билан биргаликда Лондон кўчалари бўйлаб юришга чиқди.

"Бугун тарихий кун. Биринчи марта интерсекс одамлар Лондон бўйлаб юриш қилмоқда," деган эди Аник ўша куни.

Орада протез мослама моягига ўралиб қолгани сабабли Аник яна бир азобли жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Ҳозирда у кейинги беш-етти йил ичида жарроҳлик столига ётмасликдан умид қилмоқда. Айни шунча вақтдан сўнг унинг олатига ўрнатилган мослама созланиши ёки алмаштирилиши лозим.

Бугунги кунда Аник ўзи тамомлаган университетга ишга жойлашган. Шунингдек, танасидан ортиқ нафратланмаяпти - олатига аста-секин кўникиб бормоқда.

Бундан ташқари ота-онаси билан яқинлиги ҳам янада ортган.

У танишув сайтларидан бўлажак муҳаббатини излашни бошлаб юборган. Ҳатто, бир-икки бор учрашувга ҳам чиқиб келган.

«Илк учрашувларим яхши кечмади. Мен учрашган бир қиз менда эркаклик хусусиятлари етарли эмаслигини дангал айтди. Кейин бир йигит билан учрашиб кўрдим, лекин ҳеч нарса ҳис қилмадим. Қисқаси, оддий одамлар бошдан ўтказадиган ишқий саргузаштлар менда ҳам бошланди ва бу жуда ажойиб.»

Аник ўзининг ҳаёт қиссаси шундай вазиятда турган бошқа инсонларга ёрдам беришидан умид қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek