Россия: Путиннинг троллари мусулмонларга қарши иғво қўзғашмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи iStock

Россия троллари Twitter'да Британия жамиятида мавжуд мусулмонлар ва мусулмон муҳожирларга нисбатан салбий кайфиятдан фойдаланиб қолишга интилмоқда, деб ёзади Британия чоп этиладиган Times нашри.

Айни хулоса Демос Институти эълон қилган тадқиқотга асосланган. Мазкур институт экспертлари Санкт-Петербургда жойлашган "троллар фабрикаси"га алоқадор аккаунтлар томонидан қолдирилган тўққиз миллион твитни ўрганиб чиқиб, уларнинг орасида Ислом тўғрисидаги изоҳлар салмоқли миқдорни ташкил қилади, деган хулосага келган.

Алоқадор мавзулар:

Ёшлар Иттифоқи тролларни тайёрлайдими?

Кремлнинг троллари армияси

Путин Ўзбекистоннинг дўстими?

Бундан олдинроқ тадқиқотчилар россиялик тролларга алоқадор Twitter аккаунтлар британияликларни Брексит учун овоз беришга ундаганлигини қайд этган эди.

Референдум куни улар ўз фолловерларини Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиб кетиши учун овоз беришга тинмай даъват этган.

Ҳозирда эса бундай аккаунтлар исломофобия уруғини сочишга уринаётгани аниқланди.

Демос Институти тадқиқотчилари бундай тролл аккаунтларнинг яна бир ўзига хос жиҳатига эътибор қаратган. Улар тармоқда рўйхатдан ўтгандан сўнг бир неча йил давомида Британия сиёсати ҳақида ҳеч нарса ёзмаган ва, асосан, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган.

Британияда юз берган бир неча террор хуружи силсиласидан сўнг троллар сиёсат ҳақида тез-тез ёза бошлаган. Масалан, ўтган йилнинг март ойида Вестминстер саройи олдида бўлган хуруж ортидан бундай аккаунтлар шу мавзуда 815 та твит қолдирган ва улар 32 минг фойдаланувчи томонидан қайта улашилган.

Июнь ойида Лондон кўпригида юз берган ҳужумдан кейин 544 та твит ёзилган ва улар 60 мингдан зиёд фойдаланувчи томонидан улашилган.

Ўтган йилнинг март ва июнь ойлари ўртасида қолдирилган энг машҳур твитлар Ислом ҳақида экани ҳам аниқланган. Уларнинг ичида шундай твитларни ҳам учратиш мумкин: "Эслатма: Лондон мэри Содиқ Хон 11 сентябр воқеаси бўйича судланган Закариас Муссауининг адвокати бўлган ва халқаро исломий ҳаракат билан алоқадор."

"Душманона кайфиятдаги томонлар демократиямизнинг заиф томонини топиб олишди - матбуот ва янгиликлар. Аниқланган маълумотлар улар бу заиф томонлардан қандай фойдаланмоқчи эканини англашга ёрдам беради. Улар қандай вақтларда жамиятнинг ёлғон ва сохта хабарларга кўпроқ учишини ҳам кўрсатади. Кўриниб турибдики, фожиалар ва оммавий норозиликлар ортидан таъсир ўтказиш бўйича бундай ҳаракатлар кўпроқ самара беради," дейди Демос Институти вакили Алекс Красодомски-Жонс.

Демос Институти ўрганиб чиққан россиялик тролларга алоқадор кўрилаётган аккаунтлардан қолдирилган тўққиз миллион твитдан 3.1 миллиони инглиз тилида бўлиб, уларнинг 83 мингтаси айнан британиялик фойдаланувчиларга йўналтирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek