Покистон суди шаккокликда айбланган насроний аёлни оқлаб, ‘тарихийʼ қарор олди

Asia Bibi
Image caption Осиё Бибининг иши диний анъанадор Покистон одамларининг орасини бузувчи иш бўлди

Шаккоклик ва Муҳаммад Пайғамбар(САВ)ни ҳақорат қилишда айбланган насроний аёл Биби Осиё иши саккиз йилдан буён жаҳон афкор оммасини ўзига қаратиб келаётган эди.

2009 йил июнь ойида оддий қишлоқ аёли Биби Осиё (асл исми Осиё Нурин) Лаҳордан 50 чақиримча наридаги далада меҳнат қилаётган эди. Саратонда қақраган Осиё мусулмон деҳқон аёллар учун қудуқдан олинган сувдан ичади. Буни кўрган баъзи мусулмонлар насронийларнинг "ифлос" бўлишини иддао қилиб, Осиёни бу йўл билан ўзларини таҳқирлаганликда айблайдилар.

Сув баҳонасида чиққан диний асосдаги жанжал кейинги ҳафталар ичида Осиёнинг Муҳаммад Пайғамбар(САВ) номини ҳақорат қилишда айблашгача етиб боради ва у ҳибсга олинади.

Далиллар ва гувоҳлар кўрсатмаси етарли эмаслигига қарамай, Биби Осиё 2010 йил ноябрь ойида суд томонидан шаккокликда айбдор, деб топилади. Тез орада унга ўлим жазоси тайинланади.

Полицияга расмий шикоят асл воқеадан беш кун ўтиб берилгани кўпчиликда Осиёнинг ноҳақ айбланаётгани борасида гумонларни уйғотган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty
Image caption Покистон суди қароридан мутаассиб анъанадорлар норози бўлдилар

Аксарият давлатлар каби Покистонда ҳам гумондорнинг айбини қораловчи томон исботлаб бериши лозим, аммо саккиз йил давомида Биби Осиё ишида бундай бўлмади.

Дунё Покистон ҳукуматини мамлакатдаги диний озчиликларга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлишда янада қаттиқроқ айблай бошлади.

Покистон ўттиз йилдан зиёд вақт давомида диний озчилик вакиллари ва мусулмон фуқароларини шаккоклик айби остида жазога тортиб келиши билан маълум.

Бироқ Биби Осиёнинг иши оддий эмас эди - у шаккокликда айбланган илк мусулмон бўлмаган аёлдир.

Бундан ташқари, Биби Осиёга хайрихоҳлик билдирган икки юқори мартабали ҳукумат амалдори суиқасд оқибатида ҳалок бўлган.

Биби Осиё устидан суд ҳукми ўқилгандан сўнг у билан кўришган Панжоб ҳокими Салмон Тасир унга нисбатан адолатсизлик қилинганини маълум қилади. Бир неча кундан сўнг ҳоким ўз тансоқчиси томонидан ўлдирилади.

2011 йил март ойида Покистоннинг Этник ва диний озчиликлар масалалари вазири Шаҳбоз Бҳатти - ўша пайтда вазирлар маҳкамасидаги ягона насроний амалдор - мамлакатнинг шаккоклик бўйича қатъий қонунларини танқид қилиб чиқади. Сўнг у ўз машинасида ўққа тутилиб, ҳалок бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PRESS INFORMATION DEPARTMENT/AFP/Getty
Image caption 1999 йили қурбонсиз давлат тўнтариши билан ҳокимиятга келган Президент Парвез Мушарраф 2008 йили истеъфо берди

Биби Осиёнинг қамоққа ташланилиши ҳарбийларнинг узоқ саккиз йиллик ҳукмронлигидан сўнг ҳокимият тепасига демократик кучларнинг келиши билан боғлиқ кўрилган эди.

2008 йилда мамлакатни саккиз йил муваффақиятсиз бошқарган генерал Парвиз Мушаррафнинг ҳарбий режими дунёвий Покистон Халқ Партияси(ППП)га ҳокимиятни топширишга мажбур бўлгандан сўнг мамлакатдаги диний кучлар бош кўтара бошлайди.

Янги ҳукуматдан норози бўлган мутаассиб диний кучлар имкон қадар тартибсизлик уруғини сочишга интиладилар, одамларни ҳам бунга даъват этадилар. Биби Осиё айнан шундай сиёсий ўйин қурбонига айлангани тахмин қилинади.

Ўша вақтларда Покистон маҳаллий судлари адолат байроғини тиклаш ўрнига суд бинолари атрофини ўраб олган оломон раъйига бўйсунишга мажбур бўлади. Масалан, 2010 йили Биби Осиё суд томонидан шаккокликда айбдор, деб эълон қилинганда, бино атрофида кўп сонли оломон бу хабарни тантана билан кутиб олган эди.

Шу тариқа насроний аёл узоқ йиллар давомида ҳибсхонада қолиб кетади. Бироқ иш юзасидан халқаро босим ҳам анчайин юқори эди. Бу омил ҳам аёлнинг ўтган йиллар ичида дорга тортилишдан сақлаб қолади.

Шу сабабдан 31 октябр куни Покистон Олий судининг Биби Осиёни оқлаши дунё бўйлаб "тарихий қарор" сифатида эътироф этилаётгани бежиз эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty
Image caption Уч ҳакамдан иборат ҳайъат Биби Осиёни оқлади

Зўравон гуруҳлар нишонига айланишдан қўрқмай, Биби Осиёни оқлаш ҳақида қарор олган Олий суд ҳакамларидан бири Сақиб Нисор ҳам олқишланмоқда.

Суд қарорида Ислом ва Муҳаммад Пайғамбар(САВ) номи муқаддаслиги эътироф этилиши билан бир пайтда "шаккоклик бўйича қонунлар, баъзи ҳолларда, ғараз мақсадли шахслар томонидан суиистеъмол қилиниши мумкин"лиги алоҳида таъкидланади.

Покистон Олий судига кўра, 1990 йилдан бери камида 62 шахс "қонунларга асосан суд қилинишидан олдин" шаккокликда айбланиб, ўзбошимчалик билан ўлдирилган.

Олий суд, шунингдек, Муҳаммад Пайғамбар(САВ)нинг бошқа динларга нисбатан адолат билан муносабатда бўлганини ҳам алоҳида тилга олган.

Мажлис давомида Олий суднинг яна бир ҳаками жаноб Хоса Муҳаммад Пайғамбар(САВ) Исломий давлатда насронийлар хавфсизлигини қандай кафолатлаганига насроний манбалардан мисоллар ўқиб берган.

Жаноб Хосанинг бош ҳакам Сақиб Нисордан кўра мутаассиб гуруҳлар ҳужумига учраш эҳтимоли юқори эканлиги айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty
Image caption Бир неча гуруҳлар Олий суд қарорига норозилик сифатида намойиш уюштирдилар

У Панжоб ҳокими Салмон Тасирни отиб ўлдирган тансоқчи Мумтоз Қадри судига бошчилик қилган. Ўз айбига иқрор бўлган тансоқчи суд ҳукми билан 2016 йили осиб ўлдирилган.

Жаноб Тасирни отиб ташлагандан сўнг тансоқчи Қадри мутаассиб гуруҳлар кўз ўнгида қаҳрамонга айланган эди. Қатлдан сўнг унинг майити Исломобод яқинидаги қишлоғига катта ҳурмат билан дафн этилди. Бироз вақтдан сўнг қабри устида мақбара барпо этилиб, бу жой зиёратгоҳга айланди.

Мутаассиб гуруҳлар етакчилари Олий суддан Қадрининг хуни эвазига Биби Осиёни осиб ўлдиришни талаб қилиб келаётган эди.

Аммо ҳаёти хавф остида эканлигини яхши англасалар-да ҳакамлар адолат йўлини танладилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ