Ўзбекистон, Ҳиндистон ва мусулмонлар: Акбаршоҳнинг Аллоҳободини Праягражга ўзгартиришди

Аллоҳобод Фото муаллифлик ҳуқуқи ANKIT SRINIVAS

Исмингиз нима? Қаердансиз?

Ҳиндистондаги кўп танишувлар ана шундай саволлар билан бошланади. Иккинчи саволга эса мен доимо "Аллоҳобод" деб жавоб берар эдим. Биринчи Бош вазир Жавоҳарлал Неру ва Болливуд юлдузи Амитабҳ Баччан билан бир шаҳардан эканимдан фахрланардим.

Бироқ одамларнинг «Қаердансиз?» деган саволига ортиқ "Аллоҳободдан" дея олмайман, чунки шаҳарнинг номи Праягражга ўзгартирилди.

Аллоҳобод шимолий Уттар Прадеш штатида жойлашган шаҳар бўлиб, ҳинду миллатчилигига асосланган Бҳаратия Жаната Партияси (БЖП) томонидан бошқариб келинади. Штат ҳукумати шаҳар номи ўзгаришини кўҳна йирик ҳинду зиёратгоҳ марказини қайта тиклаш ишлари билан изоҳлашга уринди.

БЖП етакчилари шаҳарнинг 435 ёшга тенг номи мусулмон ҳукмдор томонидан берилганидан норози бўлиб келаётган эди.

Ҳиндистон: Мусулмонлар қатлиомида яна 24 киши айбдор

Гога Ҳидоятов: 'Ҳиндистон Ислом Каримов ташрифини анчадан буён кутаётганди'

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга ташрифини баҳсли Тож Маҳалдан бошлади

Ҳиндистон: Тож Маҳал яна қизғин мунозаралар марказида

Ҳақиқатан, Аллоҳобод номи шаҳарга бобурий ҳукмдор Акбаршоҳ томонидан танланган. Шаҳар бобурийлар салтанатининг маъмурий, ҳарбий ва маданий марказларидан бири эди.

Шаҳарнинг бундай улуғворлиги Британия мустамлакаси даврида ҳам сақланиб қолади. Ҳиндистон мустақилликка эришгач эса, Аллоҳобод Шимолий Ҳиндистондаги асосий сиёсий ва маданий марказга айланади.

Шаҳар ҳиндуийлик эътиқодида ҳануз муҳим ўрин тутади. Ҳар 12 йилда иккита муқаддас дарё - Ганга ва Ямунанинг қўшилишига яқин жойда ҳиндларнинг йирик диний тадбири Кумбҳ Мела бўлиб ўтади. Бу маросимда ўн миллионлаб ҳиндуий дини издошлари иштирок этади. Буларнинг барига эса Аллоҳобод мезбонлик қилади.

Аллоҳободнинг тарихида ҳиндуийлар, мусулмонлар ва насронийлар бирдек муҳим роль ўйнаган.

Шу сабабдан шаҳарнинг ҳар бурчида ўзгача тарихга гувоҳ бўлиш мумкин: Нерулар оиласига тегишли Ананд Бҳаван уй-музейи, икки дарё қўшилиши - Сангам, шаҳарни тошқиндан асраб қолган ва Акбаршоҳ томонидан қурдирилган маҳобатли қалъа.

"Шунинг учун ҳам бу шаҳарни бошқа ном билан тасаввур қилиб бўлмайди. Турли динларга тегишли жойлар ўзида бир умум қилиб, Аллоҳободни акс эттиради," дейди ўқитувчи Азимур Сиддиқий.

Нега унда шаҳар номи ўзгартирилди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ANKIT SRINIVAS

«Сиёсат туфайли,» дейди Аллоҳобод Университетида тарихдан дарс берувчи Ҳерамб Чатурведи. «2019 йилда шаҳар ҳокимияти учун сайлов бўлиб ўтади, Менимча, бу қарор шаҳарнинг ҳинду кўпчилиги хайрихоҳлигини олишга қаратилган.»

Сиёсат сабабли Шимолий Ҳиндистонда жой номлари илк бор ўзгартирилаётгани йўқ.

Уттар Прадеш штати ҳукумати яқинда Британия мустамлакаси давридан қолиб кетган машҳур Мўғулсарой вокзали номини БЖП мафкурасига монанд Диндаял Упадҳяя билан алмаштирган эди.

Мазкур ҳафтада эса штатнинг бош вазири Файзобод тумани бундан буён Аёдҳя деб аталишини эълон қилди. Сўнг Гужаратнинг БЖП ҳукумати штатдаги энг йирик шаҳар бўлмиш Аҳмадобод номини Карнаватига ўзгартириш тўғрисида қарор олди.

Аксарият одамлар Аллоҳободнинг Праягражга ўзгаришини БЖП томонидан мусулмон шаҳарлар номини ўзгартириш сиёсати давоми сифатида кўрадилар.

Бироқ партия шаҳар номи ўзгаришидан сиёсат қидирмасликни таъкидламоқда. БЖПга кўра, Праяграж шаҳарнинг ҳақиқий номидир.

Партия етакчилари Акбаршоҳ 1583 йилда шаҳар номини Праяграждан Илоҳабасга ўзгартиргани ва эндиликда улар тарихий ҳақиқатни қарор топтиришга уринаётганларини даъво қиладилар.

Бироқ ҳамма тарихчилар ҳам бундай фикрга тўлиқ қўшилмайди.

Муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи ANKIT SRINIVAS

Аллоҳобод Университети раисининг собиқ ўринбосари, профессор Фаруқий Праяграж ҳеч қачон катта шаҳар бўлмаганини исботловчи қатор тарихий манбалар мавжудлигини айтади.

"Праяг зиёратгоҳи номи тарихий манбаларда келтирилган. Шунингдек, ҳиндуийлик динининг муқаддас битикларида ҳам бу номни кўришингиз мумкин, аммо у ҳеч қачон шаҳар бўлмаган," тушунтиради профессор.

Профессор Фаруқийнинг айтишича, Акбаршоҳ 1574 йилда янги шаҳарга асос солади ва унга Илоҳабас деб ном беради. У улкан қалъа барпо этиб, ундан Шимолий Ҳиндистонни бошқаришда маъмурий ва ҳарбий марказ сифатида фойдаланади.

Кейинчалик, шаҳар номи Илоҳободга айланади. Ниҳоят, мамлакатни босиб олган инглизлар талаффузга осон бўлсин, деб шаҳарни "Аллоҳобод" дея айта бошлайди.

Аммо маҳаллий ҳинд ва урду тилларида шаҳар номи Илоҳободлигича қолиб кетади,

Шаҳар 1574-2018 йиллар давомида жуда кўплаб тарихий воқеаларга гувоҳ бўлади.

Бобурий ҳукмдорлар учун у шимолий бошқарув маркази вазифасини ўтайди. Инглизларга қарши ҳинд халқ озодлик ҳаракати бошланганда эса Нерунинг уйи мустақиллик етакчилари ва, кейинчалик, Конгресс қароргоҳига айланади.

Ҳиндистон мустақил бўлгандан сўнг илк ўн йилликларда шаҳар йирик маданий ва сиёсий марказ сифатида гуллаб-яшнайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ANKIT SRINIVAS/ANAND BHAWAN

Бу шаҳардан кўплаб машҳур ёзувчилар, сиёсатчилар, актерлар, олимлар етишиб чиқиб, ўз соҳасининг афсоналарига айланади.

Уларни бирлаштириб турган ягона маскан эса Аллоҳобод эди. Энди у йўқ.

"Кичик бир шаҳардан Ҳиндистоннинг шунча афсонаси етишиб чиққани қувонарли. Машҳурликка эришган шахс ҳинд бўладими ё мусулмон - бундан ҳар бир аллоҳободлик фахрланади," дейди профессор Чатурведи.

У Праяграж номини эътироф этишини тан олсада, шаҳарликлар ўзини аллоҳободлик, деб аташда давом этишини айтади.

"Номини Праягражга ўзгартирасизми ё бошқагами - шаҳар ҳиндуларнинг йирик зиёратгоҳи бўлиб қолаверади, лекин Аллоҳобод номини ўчириб ташлаш шаҳар руҳини ўлдириш билан тенг."

Фото муаллифлик ҳуқуқи ANKIT SRINIVAS

Профессор Фаруқий бунга қўшилади.

"500 йиллик тарихни шунчаки ўчириб ташлолмайсиз. Аллоҳобод шунчаки ном эмас. У шаҳарда вояга етган ҳар бир инсон қалбидан чуқур жой эгаллаган."

Бироқ профессор Ражеш Кумар Сингҳ каби баъзи бир одамлар БЖПнинг шаҳар номини ўзгартириш қарорини қўллаб-қувватлайди.

"Ўйлашимча, шаҳарнинг маданий ўзлигини қайта тиклашга уриниш жуда ажойиб иш. Праяграж номи шаҳарнинг муҳим ҳиндуийлик маркази эканини эслатиб туради ва кўпчилик ҳукумат тўғри қарор олди, деган фикрда," сўзлайди профессор Сингҳ.

Аммо шаҳарликларнинг аксарияти янги номни қабул қила олмаяпти.

Улар ўзларини аллоҳободликлар деб аташга ўрганиб қолган. Машҳур урду шоирларидан бири ҳам ўзига Акбар Аллоҳободий тахаллусини танлаган.

Энди у ўз номини "Акбар Праяграж"га ўзгартириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаса керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek