Сохта янгиликлар: WhatsApp’даги миш-миш туфайли тириклайин ёқилганлар

A host of mobile phones are raised to capture the moment Ricardo and Alberto Flores died Фото муаллифлик ҳуқуқи Enfoque
Image caption Рикардо билан Албертога ўт қўйилган пайти ҳамма мобиль телефонини қўлига олди
BBC

Мексиканинг кичик бир шаҳарчасида WhatsApp орқали тарқалган миш-миш ортидан ғазабга минган оломон хабарнинг ҳақиқийлигини текшириб ҳам ўтирмай, икки эркакни тириклайин ёқиб юборди.

grey_new

29 август куни тушликдан сўнг Акатлан шаҳарчасидаги ҳунармандчилик маҳсулотлари сотиладиган дўкон эгаси Маура Кордеро маҳаллий полиция бўлинмаси ёнида ғазабнок кайфиятдаги одамлар тўпланаётганини сезиб қолади.

75 яшар Кордеро хоним байрам кунларидан ташқари Акатланда шунча одамнинг бир жойга йиғилганини ҳеч кўрмаган эди. Оломон сони тез орада юз нафардан ошиб кетади.

Бироздан сўнг икки гумондор ўтирган полиция машинаси Кордеро хонимнинг дўкони ёнидан ўтиб кетади. Шунда оломон машина томон «Бола ўғрилари!» дея қичқира бошлайди. Полиция овозкучайтиргич ёрдамида булар бола ўғриси эмас, балки оддий майда безорилар эканини одамларга тушунтиришга ҳаракат қилади, аммо ҳеч ким бунга қулоқ солмайди, оломон кўлами яна катталаша боради.

Машинада бўлинмага олиб келинган гумондорлар 21 яшар Рикардо Флорес ва унинг 43 ёшли амакиси Алберто Флорес эди. Амаки-жиян Акатланнинг шундоқ четидаги кичик маҳалладан бўлиб, бошқа ҳудудга кўчиб кетган Рикардо яқинда шаҳарчадаги қариндошларини кўришга келган эди.

Ўша куни тонгда икковлон шаҳарча марказидаги қурилиш моллари сотиладиган бозорга борадилар. Алберто уйида бошлаб қўйган қурилишини тугатиш ниятида эди. Ўша ерда уларни полиция тўхтатади. Полиция икки шахснинг бирор жиноятга қўл урганига далил йўқлиги, улар шунчаки маҳаллий аҳолининг мурожаати асосида «тинчликни бузиш» гумони билан вақтинча ҳибсга олинганини таъкидлайди.

Аммо оломоннинг бу икки эркакка нисбатан нафратининг сабаби бошқа эди. Айни ўша кунлари номаълум манба тарқатган огоҳлантириш WhatsApp мессенжери бўйлаб айланиб юрган эди.

"Ҳамманинг диққатли бўлишини сўраймиз: бир гуруҳ бола ўғрилари мамлакатда юрибди. Бу жиноятчилар тана аъзолари савдоси билан шуғулланади. Ўтган кунлар ичида учта бола йўқолди ва бир қанча боланинг жасади ички аъзоларисиз топилди. Уларнинг тана аъзолари суғуриб олинган эди," дейилади огоҳлантириш хабарида.

BBC
A municipal police officer walks into the local police station in Acatlán, Puebla Фото муаллифлик ҳуқуқи Brett Gundlock
Image caption Рикардо ва Алберто тириклайин ёқилган жойда ҳаёт давом этмоқда
BBC

'Бола ўғрилариʼ

Маҳаллий мактаб ёнидан бозор томон ўтиб кетаётган икки нотаниш эркакни кўрган маҳаллий одамлар уларни хабардаги бола ўғрилари, деб ўйлаб, қўрқувга тушади ва полицияга хабар беради. Тез орада «Бола ўғриларини полиция қўлга олибди,» деган хабар шаҳарча бўйлаб яшин тезлигида тарқала бошлайди.

Ёлғон хабар кўпчиликнинг эътиборини осонлик билан ўзига тортади ва ғазаб ўтида ёнаётган акатланликлар «бола ўғрилари» олиб келинаётган полиция бўлинмаси томон йўлга чиқади.

Оломоннинг катта қисмини Акатланнинг таниқли инсонларидан бири Франсиско Мартинез бошқариб туради. Полицияга кўра, айнан Мартинез Facebook ва WhatsApp орқали тарқатилган хабарлар ортида турган шахсларнинг бири бўлган. Мартинез полиция бўлинмаси ёнидан туриб, Facebook'да жонли ёйинга чиқади.

"Акатлан аҳли, илтимос, ўз дастагингизни дариғ тутманг. Ишонинг, бола ўғрилари шу ерда," мурожаат қилади у ўз жонли ёйинида.

Айни бир вақтда полиция томонидан исми фақат Мануэл эканлиги аниқланган бошқа бир шахс полиция бўлинмаси биносининг томига чиқиб, полициячилар Рикардо ва Албертони қўйиб юбормоқчи, дея одамларни янада ғазаблантиради.

Учинчи шахс - Петронило Кастелан овозкучайтиргич ёрдамида «жиноятчилар»нинг қўйиб юборилишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлайди, уларни ёқиб юбориш мақсадида одамлардан бензин учун пул сўрайди ва ўзи оломон ичида юриб, пул йиға бошлайди.

Кордеро хоним буларнинг барини ўз дўконидан туриб, даҳшат ичра томоша қилади.

"Тўсатдан кимдир жой очинглар, ҳозир уларни ёқишади, деб қолди. Эй Худо, буниси энди ортиқча, деб оломоннинг қилмоқчи бўлаётган ишини сира ҳазм қила олмадим."

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳайқираётган оломон бирданига ваҳший тўдага айланади ва полиция машинасида одамлар орасидан ўтиб, эндигина бўлинмага олиб кирилган Рикардо ва Албертони судраб олиб чиқадилар. Тўда ичига отиб юборилган амаки-жиян ваҳшийларча калтакланади, сўнг бензин сепиб, ёқиб юборилади.

Шоҳидларнинг айтишича, Рикардо калтакларга чидай олмай, жон таслим қилади, аммо амакиси Алберто ёқилаётган пайтда ҳали тирик бўлган. Полиция ўрганаётган видео ёзувда ҳам унинг олов ичра секин ҳаракатланаётганини кўриш мумкин.

Кўмирдай қорайиб кетган жасадлар Акатлан шаҳарчаси жойлашган Пуэбла штати марказидан текширувчилар келгунга қадар икки соат давомида очиқ кўчада қолиб кетади.

Текширувчилар билан бирган Рикардонинг бувиси Петра Элия Гарсия ҳам жасадларни таниш учун олиб келинади.

«Нима қилиб қўйганингизни қаранг!» дод солиб йиғлайди Петра буви тарқала бошлаган оломонга қарата.

"Шунча вақт ичида Акатланда юз берган энг даҳшатли воқеа шу бўлди. Бечоралар ёнаётган пайтда осмонга ўрлаган қора тутунни шаҳарчанинг исталган нуқтасидан кўриш мумкин эди," дейди такси ҳайдовчиси Карлос Фуэнтес.

BBC
Guadalupe Flores, 45, walks through his family's ranch, in Acatlán, Puebla, Mexico, October 18, 2018 Фото муаллифлик ҳуқуқи Brett Gundlock
Image caption Рикардонинг отаси Хосе Гуадалупе боғига қараб хаёлга чўмади
BBC

Муҳожирлар юрти

Акатландаги оилаларнинг кўпчилиги Америкадаги яқинлари юборадиган пул эвазига кун кўради. Мексиканинг бошқа шаҳарлари каби бу ерда ҳам аксарият ёшлар яхши ҳаёт излаб, шимол томон бош олиб кетган.

Мария дел Росарио Родригез ва Ҳосе Гвадалупе Флорес ҳам икки ўғли - Кенжа Ҳосе Гвадалупе ва Рикардо учун ёрқин келажак яратиш орзусида 2000 йиллар бошида шимолий ҳудудларга кўчиб кетган эдилар.

Етти яшар Кенжа Ҳосе Гвадалупе ва уч яшар Рикардо Акатландан 250 километр олисдаги Ҳелапа шаҳрида яшайдиган бувиси Петра Элия Гарсия қарамоғида қолади. Уларнинг ота-онаси эса АҚШ бўйлаб кўчиб юриб, ниҳоят Балтимор шаҳридан қўним топади. Мария уй хизматкори бўлиб ишлай бошлайди, Ҳосе Гвадалупе қурилишда меҳнат қилади. Улар ватанда қолган ўғиллари билан доимий алоқада бўлиб турадилар.

BBC
A view of the town of Acatlán, Puebla, Mexico, October 18, 2018 Фото муаллифлик ҳуқуқи Brett Gundlock
Image caption Ўша зўравонлик ҳақида Акатлан шаҳрида гапиришни хоҳлайдиган одамлар кам
A picture baby photo of Ricardo Flores in his family's home in Acatlán Фото муаллифлик ҳуқуқи Brett Gundlock
Image caption Мариа ўғли Рикардони қўйнига олиб Акатланддаги уйида тушган сурат
BBC

Даҳшатли хабар

29 август куни Мариянинг Акатландаги дўстларидан бири Facebook орқали Рикардонинг полиция томонидан ҳибсга олингани ва амакиси билан бирга бола ўғирлашда гумонланаётганини маълум қилади. Она, аввалига, бу англашилмовчилик бўлса керак, деб ўйлайди. Бироқ бошқа дўсту қариндошлардан ҳам хавотирли хабарлар кела бошлайди. Сўнг Facebook'да қайниси ва ўғлининг оломон томонидан аёвсиз дўппосланаётгани тасвирланган видеолар пайдо бўлади.

Жигарларига қандай ёрдам беришни билмай қолган бечора онаизор видеолар остида ўтинчли изоҳлар қолдиради.

"Илтимос, уларга тегинманг, улар ҳеч қандай бола ўғриси эмас," ёлворади Мария.

Аммо ҳеч ким унинг ёзганларига эътибор ҳам бермайди. Аёл эса жигарпорасининг танаси шафқатсиз олов тиллари остида қолишини кўзда аччиқ ёшлар билан жонли томоша қилишдан бошқа чора топа олмайди.

Чуқур ғамга ботган эр-хотин ўша куннинг ўзидаёқ сўнгги ўн йил ичида илк бор Акатланга қайтади. У ерда Албертонинг бева қолган аёли Жасмин Санчез билан учрашадилар. Жасмин ва Алберто умр бўйи Акатландан 14 километр наридаги маҳаллада яшаган эдилар. Алберто ҳар куни шаҳарча ёнидаги маккажўхоризорда меҳнат қилар эди. Унинг ортидан чала битган уйида аёли ва уч қизи чирқираб қолади.

«У ажойиб инсон эди. У бундай ўлим топмаслиги керак эди,» сўзлайди Жасмин кўзда ёш билан.

Мария ва Ҳосе Гвадалупе ҳам Албертонинг маҳалласидаги ўғиллари учун қолдирган кичик уйга қайтади. Уйнинг ҳовлисида ўтирган Мария ўғлини хотирлайди.

«Болалигида шу уй атрофида капалакларни қувиб юришни яхши кўрар эди. У ҳуқуқшунослик бўйича таҳсил олаётган эди, одамларни адолатсизликдан ҳимоя қилишни истарди.»

Акатланда ғамга ботган оиланинг кўзига ҳеч қарай олмайди. Кордеро хонимдан бошқа воқеа бўлиб ўтган кўчадаги дўкондорлар бирор нимани кўрмаганини иддао қилади. Уларга кўра, ҳаммаси бошланганда дўкондорларнинг кўпи оломондан қўрқиб қочиб кетган ёки ўша куни ишга чиқмаган.

«Ҳеч ким бу ҳақида гапиришни истамайди. Қотилликка бевосита бош қўшганлар эса сувга тушган тошдек ғойиб бўлган,» дейди такси ҳайдовчиси Фуэнтес.

BBC
(L-R) Xiamara Kaori Flores, Jazmin Sanchez, 34, and Maria del Rosario Rodriguez, talk about their murdered relatives, in Acatlán, Puebla Фото муаллифлик ҳуқуқи Brett Gundlock
Image caption Албертонинг беваси Жазмин Санчес қизчасига гул тутмоқда
(L-R) Xiamara Kaori Flores, Jazmin Sanchez and Maria del Rosario Rodriguez, with marigolds flowers, to be used for Day of the Dead celebrations, on their family's ranch in Acatlán, Puebla Фото муаллифлик ҳуқуқи Brett Gundlock
Image caption Алберто Флорес уч қизнинг отаси эди
BBC

Пуэбла штати расмийларига кўра, беш кишига жиноятга ундаш ва тўрт кишига қасддан қотилликка қўл уриш бўйича айблов эълон қилинган. Ҳаммасини жонли ёйинда кўрсатиб турган Мартинез, бензин учун пул йиғган Кастелан ва томдан туриб одамларга мурожаат қилган Мануэл жиноятга ундаш айби билан ҳибсга олинганлар ичида. Қолган икки шахсга нисбатан эса қидирув эълон қилинган.

Воқеанинг эртаси куни Акатланда Рикардо ва Албертони дафн маросими бўлиб ўтади. Мариянинг ишонишича, маросимга йиғилганлар орасида ҳақиқий жиноятчиларни ўз кўзи билан кўрган гувоҳлар ҳам бўлган.

«Уларни қандай ўлдирганингизни бир кўринг! Ҳаммангизни фарзандингиз бор! Мен хоҳлаган ягона нарса - жигарларим ҳаққи-ҳурмати адолат қарор топсин!» дея Мариянинг дафн маросимидаги оломонга қарата ҳайқиргани маҳаллий телевидение томонидан намойиш этилган.

Мария одамларнинг асоси йўқ ёлғонга нега осонлик билан лаққа тушганини ҳануз тушуна олмайди.

«Нега ҳеч ким тарқалган хабарни текшириб кўрмади? Ҳеч қандай бола ўғирланмаган ёки ўлдирилмаган, ҳеч ким бу ҳақида полицияга арз қилмаган. Бу сохта хабар эди, ахир,» ҳайрон бўлади у.

BBC
Guadalupe Flores, 45, his daughter Kimberly, 10, and other members of his family, walk through the streets of Acatlán, Puebla, Mexico, October 18, 2018 Фото муаллифлик ҳуқуқи Brett Gundlock
Image caption 45 ёшли Хосе Гуадалупе Флорес 10 яшар қизи Кимберли билан
A man rings the church bells in the town of Acatlán, Puebla, Mexico, October 18, 2018 Фото муаллифлик ҳуқуқи Brett Gundlock
Image caption Айни шу қўнғироқлар ўша машъум куни оломонни Акатлан марказига йиғиш мақсадида чалинган эди
BBC

Дунёга "достон" самосудлар

Дунё бўйлаб Рикардо ва Алберто каби сохта хабарлар қурбонига айланаётган бегуноҳ инсонлар кўплаб топилади. Facebook ва WhatsApp каби тармоқларда тарқалган ёлғон хабар ва миш-мишлар туфайли Ҳиндистон, Бирма ва Шри-Ланкада ҳам қатор зўравонликлар юзага келган.

2014 йилда Facebook томонидан $19 миллиардга сотиб олинган WhatsApp мессенжери Ҳиндистонда содир бўлган оломоннинг бир қанча ўзбошимча судларига боғлиқ кўрилади. Июнь ойида Ассам штатида Акатландаги каби ўхшаш ҳолатда икки бегуноҳ инсон икки юз киши томонидан калтаклаб ўлдирилган.

WhatsApp ва Facebook Мексикада янгилик алмашиладиган йирик тармоқлардан ҳисобланади. Рейтерс Журнализм Институтининг 2018 йилда тайёрлаган ҳисоботида таъкидланишича, мамлакат аҳолисининг 63 фоизи сохта хабарлар тарқалиши юзасидан хавотир билдирган.

BBC
Maria del Rosario Rodriguez, holds her son's Ricardo Flores' cell phone, in their family's home in Acatlán, Puebla, Mexico, October 18, 2018 Фото муаллифлик ҳуқуқи Brett Gundlock
Image caption Мариа ўғли Рикардонинг телефони билан. Ўғлининг ўлимига сабабчи бўлган сохта миш-мишларни кўришга унинг тоқати йўқ.
BBC

Акатландаги даҳшатли воқеанинг эртасига - 30 август куни жанубий Ваҳака штатида ҳам оломон ёлланма ишчилардан иборат етти кишини айнан бола ўғирлашда айблаб, самосуд қилишга уринган. Эркакларнинг бахтига полиция оломонни тарқатиб юборишга муваффақ бўлган.

Бола ўғрилари тўғрисидаги сохта хабарлар фақат Мексикада тарқалмаган. 16 октябр куни Эквадорда ҳам икки эркак ва бир аёл бола ўғирлаш гумони билан одамлар томонидан уриб ўлдирилган. 26 октябр куни Колумбия пойтахти Богота шаҳрида бир эркак WhatsApp орқали тарқатилган айни шу миш-мишга асосланган самосуд қурбони бўлган.

WhatsApp қўллайдиган юқори даражали шифрлаш технологияси сабабли хабарни тарқатган биринчи манбани излаб топиш имконсиз.

WhatsApp компанияси сўнгги янгиликлардан хабардор эканлиги ва тармоқ бўйлаб тарқатилаётган фейк нюсга қарши имкон қадар қатъий чоралар кўриш йўлларини излаётганини маълум қилади.

BBC
Cyberpolice in Mexico
Image caption Ахборот ва Кибер жосуслик вазирлиги ходимлари социал тармоқларни кузатиш билан шуғулланадилар.
BBC

"Биз ортиб бораётган оммавий зўравонликларга нисбатан технология компаниялари, фуқаролик жамиятлари ва ҳукуматлар қатъий чора кўриши лозимлигига ишонамиз,» дейилади компания Би-би-сига йўллаган изоҳда. "Биз фойдаланувчиларимизни дезинформация бўйича ўз билимини ошириши учун шароит яратишга киришдик ва WhatsApp'дан хабар манбаси сифатида фойдаланиш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мўлжалланган тренинглар ташкил қилдик."

Facebook вакили ҳам Би-би-сига компания оммавий зўравонликларнинг олдини олиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилаётганини билдирди.

Мексикадаги камида 10 та штат ҳукуматлари, жумладан, Пуэбла штати маъмурияти ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар бўйлаб тарқатилаётган бола ўғрилари тўғрисидаги сохта хабарлардан огоҳ бўлишга чақирмоқда.

Мексика полицияси фуқароларни жиноятлар тўғрисида хабарлар пайдо бўлганда дарҳол мурожаат қилишини сўрамоқда.

BBC
Marigold flowers Фото муаллифлик ҳуқуқи Brett Gundlock
BBC

"Биз ҳозирда содир бўлаётган 10 та оммавий зўравонликнинг тўққизтасини технология имкониятлари келтириб чиқараётганига ишонамиз," дейди Мексика шаҳрининг ахборот ва кибер хавфсизлик вазири ўринбосари Ҳосе Жил.

"Кўпчилик ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган хабарларни ҳақиқат сифатида қабул қилади. Сабаби улар ишончли ва таниш инсонлар томонидан улашилган бўлади. Одамлар шошиб хулоса чиқаришдан олдин нима ёлғон, нима рост эканини аниқлаб олиши зарур," таъкидлайди жаноб Жил.

"Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг малакаси етарли эмаслиги ва кўп жиноятларнинг жазосиз қолиши одамларнинг оммавий зўравонликлар ташкил қилишдан чўчимаслигига имкон яратади," дейди Мексика парламенти аъзоси Татяна Клозиер.

"Одамлар ўз фикрини эркин изҳор этиш ҳуқуқига эга бўлиши шарт, лекин бу эркинликнинг чегараси қаерда тугайди? Ҳеч ким фикрни изҳор қилиш эркинлигини бўғишни истамайди, аммо бу эркинлик ёлғон хабарлар тарқатиш кўринишида бўлмаслиги лозим. Бу жуда хавфли вазият."

24 октябр куни Рикардо ва Албертонинг 30 чоғли қариндош-яқинлари Акатланда хотирлаш маросимига йиғилди. Маросимдан сўнг оила аъзолари икки бегуноҳ инсон ҳалок бўлган жойга илк бор яқинлашиб, хоч ўрнатдилар. Хочни Рикардонинг отаси Ҳосе Гвадалупе ўғлининг тирик ҳолда охирги қадамлари теккан ерга ўз қўллари билан жойлаштирди.

"Шунчаки бир миш-миш туфайли икки жигаримиздан айрилдик," дейди Мария ерга маъюс боқиб.

Тарқатилган сохта хабарлар ҳамон Мариянинг қўл телефонидан сақланиб қолган.

"Балки бошқа жойларда ҳам одамлар бу хабарларга ишониб юргандир," тахмин қилади у.

Шу куни Мария ва Албертонинг беваси Жасмин ҳар ҳафта фожиа содир бўлган жойни зиёрат қилиб туриш, ёқилган шамларни ўчириб қўймасликка келишиб олдилар.

"Хоч ва шамлар шу ерда абадий қолади ва Акатлан аҳли ҳар сафар уларга боққанда, қилмишини эсга олади," аҳд қилади Мария.

BBC

Fake news branding

Ушбу мақола Би-би-сининг дезинформация ва ёлғон хабарларга қарши "Сохта янгилик ортида" лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Ушбу лойиҳа ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун қуйидаги инглиз тилидаги линкка босинг bbc.com/fakenews

.

Бу мавзуда батафсилроқ