Россия - Сурия: Президент Ассад режимига Эрон нефтини ким етказиб берган?

АҚШнинг таъкидлашича, Эрон нефти ортилган танкерлардан кемаларни танитувчи тизимни ўчириб қўйишади. Суратда Форс кўрфазидаги Эрон танкери Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption АҚШнинг таъкидлашича, Эрон нефти ортилган танкерлардан кемаларни танитувчи тизимни ўчириб қўйишади. Суратда Форс кўрфазидаги Эрон танкери

АҚШ Молия вазирлиги, қўйилган санкцияларни четлаб ўтган ҳолда, миллионлаб баррел миқдоридаги Эрон нефтини президент Башар Ассад режимига етказиб бериш схемасида иштирок этган компаниялар номини очиқлади.

АҚШ Молия вазирлигининг расмий сайтида пайдо бўлган хабардан маълум бўлишича, қатор рус компаниялари Эроннинг Сурияга нефть етказиб беришида ўртакашлик қилган.

Сурия ҳукумати эса, ўз навбатида, миллионлаб долларга тенг маблағни Эроннинг катта қудратга эга ҳарбий-сиёсий тузилмаси - Ислом Инқилоби Ҳимоячилари Корпусига юборган.

Пуллар, кейинроқ, Фаластиндаги Ҳамас ҳаракати ва Ливандаги Хезболла шиалар ҳарбий ташкилотига берилган.

АҚШ томонидан жорий этилган санкциялар Башар Ассад режимини дастаклаш, унинг назорати остидаги денгиз портларига нефть етказиб бериш ва терроризмга алоқадор кўрилган қуролли гуруҳлар ҳамда ташкилотларни молиялашни тақиқлайди.

Хезболла ва Ҳамас АҚШ ва бошқа қатор давлатлар томонидан террорчи ташкилот, дея топилган.

АҚШ Молия вазирлигининг тасдиқлашича, Эрондан юборилган нефть Сурия фуқароси бўлмиш Моҳаммад Амер Алшвики исмли шахс ва унинг номидан Россияда рўйхатдан ўтган Global Vision Group компанияси орқали Сурияга етказиб келинган.

Айнан Алшвики ва унинг Россияда асосланган компанияси Эрондан Сурияга нефть етказиш ва пулларни белгиланган манзилларга жўнатиш ишлари бошида турган, дейилади вазирлик хабарномасида.

Молия вазирлиги, шунингдек, бошқа бир қанча рус компаниялари ҳам ушбу схемага аралашганини таъкидлаган.

Мазкур схема қандай ишлайди?

АҚШ Молия вазирлигига кўра, яратилган схема қуйидаги кўринишда ишлаган: Global Vision Group Россия ҳукуматига қарашли Промсырьеимпорт компанияси (Россия Энергетика вазирлиги қошидаги ташкилот) билан ҳамкорликда Эрон Миллий Нефть Компанияси (NIOC)дан олинган юкларни Европа суғуртасига эга бир қанча кемалар орқали Сурияга етказган.

АҚШ Молия вазирлиги Эрон нефти, камида, 2014 йилдан бери Сурияга жўнатиб келинган. Нефть ортилган кемалар Сурия соҳилларига яқинлашишдан олдин кемаларни автоматик тарзда аниқлаш тизими (AIS)ни ўчириб қўйган ва шу тариқа уларнинг якуний манзили номаълумлигича қолган.

Шу муносабат билан 20 ноябрь куни АҚШ Молия вазирлигининг хорижий активларни назорат қилиш бўйича бошқармаси (OFAC) сув йўли бўйлаб юк ташувчи компанияларга, Сурияга нефть етказиб берган тақдирда санкцияларга учрашидан огоҳлантириб, хабар йўллаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter
Image caption OFAC маълумотларига кўра, Алшвики пул маблағларининг юборилишида асосий одам ҳисобланади

АҚШ Эроннинг Алшвики ва унинг компанияси орқали Сурия ҳукуматига берилиши лозим бўлган молиявий кўмакни Россияга жўнатиб келганини ҳам таъкидлайди.

Бунинг учун Эрон Марказий Банки (CBI) мамлакатда рўйхатдан ўтган Tadbir Kish Medical and Pharmaceutical Company (қисқача Tadbir Kish) орқали Москвадаги Мир Бизнес Банкга пул жўнатгани айтилади. Tadbir Kish компанияси ноқонуний пул ўтказмаларини амалга ошириш билан бир неча бор шуғулланган.

Tadbir Kish'дан олинган маблағлар Global Vision Group орқали Промсырьеимпорт ҳисобига тушган, деб хулоса қилади АҚШ Молия вазирлиги.

Мир Бизнес Банк Эронда жойлашган Bank Melli Iran банкининг филиали ҳисобланади. Айнан ушбу банк Ислом Инқилоби Ҳимоячилари Корпусининг молиявий айланмаси базаси, дея кўрилади. АҚШ Bank Melli Iran ва Ислом Инқилоби Ҳимоячилари Корпусига нисбатан 5 ноябрь куни санкциялар жорий қилган эди.

Мураккаб схема

Бундан ташқари OFAC мазкур схемага алоқадор қатор шахслар исмларини ҳам келтириб ўтган. Улар орасида Эрон Марказий Банкининг халқаро бўлими директори Расул Сажажа ва халқаро ишлар бўйича вице-президенти Хоссейн Ягхуби номларини кўриш мумкин.

Бу икки шахс Алшивикига пул юбориш ишларини бошқаргани айтилади.

Шунингдек, Молия вазирлиги хабарномасида Промсырьеимпорт компанияси директорининг биринчи ўринбосари Андрей Догаев номи ҳам очиқланган. OFAC'га кўра, Догаев Эрон нефтини Сурия ҳукуматига сотиш масалаларида Ягхуби билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келган.

Бундай мураккаб схема асосида Промсырьеимпорт ва Global Vision Group компаниялари биргаликда Сурияга миллионлаб баррелга тенг Эрон нефтини етказиб берган.

Алшивики нефть етказишдан ташқари миллионлаб АҚШ долларини минтақадаги Эроннинг иттифоқчилари, хусусан, Ҳамас ва Хезболлага элтишга бош бўлган.

Сурия Марказий Банки орқали Алшивики юборган пулларни Хезболла ташкилотининг қурол, технология ва бошқа ёрдамларни тақсимлашга масъул шахси бўлмиш Муҳаммад Касир қабул қилиб олган, таъкидлайди АҚШ Молия вазирлиги.

АҚШ Касирга нисбатан 2018 йилнинг 15 майида санкция жорий қилган.

АҚШ Молия вазирлиги сайтида Алшвикининг Догаев билан бирга тушгани доҳил бир қанча сурат ҳам эълон қилинган. Суратлар орасида Алшвикининг Муҳаммад Касирга 63 миллион АҚШ долларини қабул қилиб олиш борасида юборган хатининг фотонусхаси мавжуд.

"Бугун биз Ассад режимини қўллаб-қувватлаш мақсадида Эрон ва Россия томонидан фойдаланиб келинган ва унинг асосида Эроннинг ғараз ниятли ҳаракатлари учун маблағ йиғилган мураккаб схемага қарши кураш олиб бормоқдамиз," таъкидлаган АҚШ молия вазири Стивен Мнучин.

Ноябрь ойининг бошида президент Трамп маъмурияти 2015 йилда бекор қилинган Эронга нисбатан санкцияларни қайтадан жорий қилган эди.

Би-би-си АҚШ Молия вазирлиги томонидан тилга олинган рус компанияларга изоҳ сўраб, мурожаат қилди ва уларнинг жавобини кутмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek