Ўзбекистон - Би-би-сига айтаман: Самарқанднинг эгаси ким?

Самарқанд Фото муаллифлик ҳуқуқи Samshahar.uz

Би-би-сига Ўзбекистонда таниқли журналист Каримберди Тўрамуроддан Маданият вазирлиги маданий мерос объектлари (ММО)ни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси фаолиятига доир мақола келиб тушди.

Муаллиф инспекция ўз ваколат доирасидан чиққан ҳолда иш юритаётганини айтади. Шаҳардаги 200 дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг тақдири номаълум қолаётгани ёзилади.

Би-би-си мақолада ёзилган ҳолатлар бўйича Маданият вазирлигидан изоҳ олишга қилган ҳаракатлари зоя кетди. Иккинчи томоннинг ҳам фикрини чоп қилишга очиқ эканлигимизни билдирамиз. Мақолада ёзилган фикрлар муаллифга тегишли ва у Би-би-си таҳририяти нуқтаи-назарини билдирмайди.

Мақола таҳрир қилинган ҳолатда чоп қилинмоқда:

Самарқандда қурилган, қурилаётган кўп қаватли уйлар бузилаётгани, бунга асос қилиб ЮНЕСКОдек нуфузли халқаро ташкилот ҳужжатлари пеш қилинаётгани кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.

"Маданият вазирлиги маданий мерос объектлари (ММО)ни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси" бугун ҳеч қандай қонун билан асосланмаган қарорлар чиқармоқда.

Инспекция ўзи истаган бинони - масжид, мақбара, босқинчи Чор Россияси амалдорлари томонидан қурилган иншоотлар, ҳатто бирор жойига озгина "Николай ғишти" терилган бўлса, замонавий чойхона ва ошхоналарни ҳам ММО (маданий мерос объекти) дея эълон қилиб, уларни давлат муҳофазасига олиниши шартлиги тўғрисида ҳокимиятларга тавсиялар киритмоқда ва вилоят ва шаҳар ҳокимлари улар истаган қарорни чиқариб бермоқда.

ММО деб тан олинган бино алоҳида мартабага эга бўлади, муҳофазага олинади, унга тегилмайди, энг муҳими, бу бино ва унда фаолият олиб бораётган ишбилармонлар солиқ тўламайди.

ММОнинг муҳофаза ҳудудини ҳам бугун Вазирлар Маҳкамаси ёки ЮНЕСКО эмас, Инспекция белгиламоқда.

Бу идоранинг жуда улкан ҳудудни муҳофаза майдони дея қизилга бўяб олган харитаси бор. У Самарқандга кираверишдаги Чўпонота қирларидан бошланиб, шаҳарнинг эски шаҳар қисмини бутунлай, янги шаҳарнинг эса каттагина қисмини эгаллаган.

2004 йилда чизилган "ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд шаҳрининг тарихий-меъморий қўриқхонаси чегаралари харитаси" деб аталган бу чизманинг атрофларига "Тасдиқлайман", дея ўша пайтдаги маданият вазири, "Келишилган", дея вазирлик қошидаги ММОни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси бошлиғи, Самарқанд Давлат билан музей-қўриқхонаси директори ҳамда Инспекция бошлиғининг ўзи қўл қўйиб, муҳр уришган.

Бугун айнан Инспекция тепага олиб чиқаётган маълумотларга кўра, Самарқандда бинолар мулоҳазасиз бузилмоқда. Эътиборлиси, қурилганига анча бўлган, беш-олти йилдан бери аҳоли яшаб келаётган уйлар бузилмоқда.

Уйларнинг неча қават бўлиши кераклигини ҳам Инспекция белгилаб бермоқда ва истаган қурувчига ўзи истаган баландликда уй қуришга рухсат бермоқда.

Инспекция белгилаб берган ҳудуддаги уйлар бузилиши керак экан, аввало, Самарқанднинг марказида, шундоққина Регистон майдони биқинида қад кўтарган Самарқанд вилояти ҳокимлигининг 12 қаватли бинолари, унга тегишли бошқа кўп қаватли бинолар, "Афросиёб" ва осмонўпар "Марказ" меҳмонхонаси, вилоят прокуратураси ва "Асакабанк" бинолари бузилиши керак эмасми?

Аммо Инспекция ҳокимият бинолари бузилмаслигининг йўлини топиб берган: уларни ҳам ММО деб қарор чиқарган.

"Афросиёб" меҳмонхонаси ҳам Ҳиндистондан келган қурувчилар қурганидан кейин ММО бўлди.

Намозгоҳ масжидидан 50 қадам берига яқиндагина қурилган ҳашаматли "Қабуллар уйи" деган бинони бузишдан сақлаб қолиш учун Инспекция қандай ҳужжат тўғрилаб берди, деган савол туғилади.

Ўзбекистонда 2001 йилдаёқ "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида" Қонун қабул қилинган. Унда Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги бўлмиш ММО ким томонидан, қандай муҳофаза қилиниши, ким уни тартибга солиб бориши аниқ қилиб белгилаб берилган.

Унда ММОни Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритишни тавсия қилиш ваколатигина Маданият вазирлиги ва унга тегишли Инспекцияга берилган. ММОнинг муҳофаза ҳудудини белгилаш эса, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига юклатилган (6-модда).

Қонунда Маданият вазирлиги ва унинг ҳузуридаги назорат идораларининг вазифалари ҳам аниқ қилиб белгилаб берилган: "Маданият вазирлиги юридик ва жисмоний шахслар томонидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади. Бу борадаги давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади. Бу объектларни консервация қилиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш бўйича ишлаб чиқиладиган дастурларда қатнашади.

Шу объектларнинг маънавиятимиз дурдоналари эканини ўз тадбирларида тарғиб қилади" (7-модда).

Маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатлари ҳам кўрсатилган: "Ўз ҳудудларидаги ММОни аниқлайдилар, ҳисобга оладилар, асрайдилар, фойдаланадилар, ..." (9-модда).

Қонунда маҳаллий ҳокимият органлари ва Инспекцияга бундан ортиқ ваколат, яъни ММОнинг муҳофаза ҳудудини белгилаш, шаҳарда қурилаётган уйларнинг баландлигини чегаралаб бериш, уйларни буздириш, текислаш ваколатлари берилмаган.

Ғайриқонуний қарорлар ва ... ижролар

Кўп қаватли уйларни бузиш борасида маҳаллий ҳокимият раҳбарлари асоссиз ва ноқонуний тарзда шошма-шошарлик билан қарорлар қабул қилдилар.

Уларнинг шошиб қолишларига Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, хусусан, Бош вазирнинг "Тез бўлинглар, бир ёқли қилинглар", қабилидаги талаблари ҳам сабаб бўлди.

Биргина Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори билан қурилишига ноқонуний қарор берилган 200 дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг тақдири шубҳа остида қолди.

Бугунги кунда Прокуратура органлари ана шу уйларнинг 100 дан ортиғига оид қарорларнинг ноқонуний экани борасида текширув ишларини олиб бормоқда.

Қонун устуворлигини таъминлай олмаган маҳаллий ҳукумат органлари ва прокуратура идоралари Инспекция талаби билан бир қанча қурилиш фирмалари фаолияти устидан жиноий ишларни қўзғадилар ва улар қурган кўп қаватли уйларнинг бузилишига оид суд қарорларини чиқаришга ҳам муваффақ бўлдилар.

Самарқандлик тажрибали ҳуқуқшунослар Ўзбекистон Президентига, Ўзбекистон Бош прокурори ва Маданият вазирига мурожаат қилиб, таркибига қонунларни яхши тушунадиган, билимли, салоҳиятли фан, маданият арбоблари ва жамоатчилик вакиллари киритилиши лозим бўлган нуфузли комиссия ташкил этишни талаб қилишди.

ММОни муҳофаза қилиш борасидаги қонунлар ижроси қандай аҳволда эканига холис баҳо бериб, бу борадаги қонунбузарликларни тафтиш қилишни сўрадилар.

Инспекция берган маълумот асосида Самарқанд шаҳридаги 1600 иншоот маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олингани, у рўйхат яна ортиб бораётганига изоҳ талаб қилдилар.

Вазирлар Маҳкамасининг Самарқанддаги ММО атрофидаги муҳофаза ҳудудларини аниқ чегаралаб беришини, улардан фойдаланиш қоидаларини таърифлаб беришини талаб қилдилар.

Улар бу борадаги қонунлар ижросини таъминламаган мутасаддилар фаолиятига танқидий баҳо берилишини ҳам сўрадилар.

Афсуски, бу талаблар эътиборсиз қолди. Республика Бош Прокуратураси, Маданият вазирлиги, маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг мазмуни бир хилда бўлган, умумий гаплардан нарига ўтилмаган жавобларида Самарқандда бўлаётган тартибсизликларга аҳамият берилмади.

Самарқандда маҳаллий ҳукуматнинг ҳам, суд, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳам устидан ўз измини ўтказаётган Инспекция чизиб олган, ўзларича алоҳида қўриқланадиган ҳудуд ва ундан каттароқ бўлган яна бир ҳимоя ҳудуди - "буфер зонаси" деган тушунчанинг хаёлий бир нарса экани алдовдан бошқа нарса эмас.

"Қўриқланадиган ҳудуд" ва "Буфер" деган атамалар фақатгина Самарқандда, Инспекцияда бор. Бунақа атамалар Бухорода ҳам, Хивада ҳам учрамайди.

Қизиқ фактлар

Соҳа мутахассислари гувоҳлик беришича, Самарқанддаги 100 дан ортиқ уйлар, кафе, ресторан, дўкон, кинотеатр ва бошқа иншоотлар ММО сифатида давлат муҳофазасига олинган.

Аслида, уларнинг бирортаси на тарихий, на маданий, на меъморий қимматга эга. Умумжаҳон ММО рўйхатига сира ҳам кирмайди. Бу рўйхатга Самарқанддаги саноқли бинолар кирганини ҳамма билгани ҳолда, вилоят ҳокими Инспекция тақдим қилган рўйхатга асосан, 1600 объект маданий мерос объекти эканини тасдиқлаб, муҳр урган. Бундай қилишга вилоят ҳокимининг ваколати йўқ.

Юқоридаги Қонуннинг 17-моддасига кўра, "ММОнинг ўзгартириш мумкин бўлмаган ўзига хос хусусиятларини ва унинг тарихий муҳитини сақлаб қолиш мақсадида унга туташ ҳудудда муҳофаза тегралари, иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари, қўриқланадиган табиий ландшафт тегралари белгилаб қўйилади". Бу вазифа эса, Инспекциянинг эмас, Вазирлар Маҳкамаси ваколатига киради.

Уйи бузилиши масаласида мурожаат қилган ҳар қандай фуқаро олдига маҳаллий раҳбарлар Инспекциянинг харитасини ташлаб, "Қаерга борсанг бор, шу идоранинг гапи гап!" дея жавоб бермоқда.

Аммо бу харитани ким чизган? Нимага асосан чизган? Ким уни тасдиқлаган? Уни Ўзбекистон ҳукумати маъқуллаганми? Афсуски саволларга жавоб топадиган одам ҳам ҳозирча йўқ.

Инспекция томонидан ўйлаб топган "Муҳофаза ҳудуди" ва "Буфер ҳудуди"га кириб қолган биноларнинг тақдири биргина Инспекция ишораси билан ҳал бўлмоқда. Энг қизиғи, қайсидир бинолар қолдирилиб, ёнидаги, ундан пастроқ бинолар бузилмоқда.

Мутасаддилар нима дейди?

Ушбу масала юзасидан Маданият вазири, шаҳар ҳокими ва Инспекция бошлиғи билан, бузилаётган уйларнинг яшовчилари, шунингдек, шу муносабат билан жиноий жавобгарликка тортилган инсонлар билан гаплашдим. Раҳбарларнинг ҳар бири менинг гапларимни тасдиқлаб, Самарқанддаги ММО муҳофазаси, уйлар қурилиши ва бузилиши борасида жуда кўп тартибсизликлар бўлганини айтишди.

Аммо ҳар бири Самарқанднинг тарихий қисмини қадимий ҳолида сақлаб қолиш шартлигини, бинолар тарихий обидалардан баланд бўлмаслиги лозимлигини таъкидладилар. Уларнинг ҳар бири мавжуд кўп қаватли бинолар, вилоят ҳокимлиги бинолари, ҳатто Қабуллар уйи ҳам бузилишини айтдилар.

Уларнинг барчаси хорижий сайёҳлар Самарқандга кўп қаватли иморатларни эмас, айнан қадимий биноларни кўргани келишини, биз уларнинг кўнглига қараб иш тутишимиз, уларни хурсанд қилишга интилишимиз лозимлигини билдирди.

Аҳоли эса, уйлари ва ўз тақдирларини ўйлаб, саросимада. Ўз уйини таъмирлагани учун жиноятчига чиққанларнинг эса, фиғони фалакда...

Шахсий хулосаларим

Инспекция "ихтиёрига берилган" биноларда бугун корхоналар, дўконлар, ошхоналар, турли катта-кичик фирмалар фаолият юритмоқда.

- Маҳалламизда жойлашган, бир замонлар маҳалла аҳли ҳашар йўли билан қурган, ҳеч қанақа ММО бўлмаган Кўкмасжид номли масжид кўп йиллардан бери қаровсиз бўлиб, ярим вайрона ҳолига келиб қолган эди, - дейди Кўкмасжид МФЙ раиси Т. Халилов.

- Маҳалла аҳлининг кучи, ҳомийларнинг кўмаги билан масжидни, ҳовлисини, ҳужраларни чиройли қилиб таъмирладик ва маҳалланинг маънавият марказига айлантирмоқчи бўлдик.

Ҳамма иш битганида бу жойга эга чиқиб қолди. Қўлида Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори билан келган Инспекция раҳбари бу жой ўз тасарруфига ўтказилганини айтди ва бу жойга ... автомобил мактабини жойлаштирди.

2016 йилда Самарқанд вилоят ИИБ раҳбарияти тақдимномаси билан Маданият вазирлиги Инспекция ўз хизмат ваколатини суистеъмол қилгани, экспертизаларни ноқонуний ўтказгани, ўзбошимчаликлар қилинганини аниқлаган эди. Аммо Инспекция қарорлари ноқонуний эканлигини аниқлаган суд унга жазо тайинлашгача етиб бормади...

P.S.: Мақола тайёрланаётган кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади. Унда 2018 йил 1 декабрдан бошлаб барча қурилиш объектлари лойиҳаларининг смета қисми мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши, шунингдек, қурилиш учун ер участкаларини вақтида ажратмаслик ёки нотўғри ажратиш натижасида юзага келган харажатлар маҳаллий бюджетлар маблағи ҳисобидан қопланиши айтилган. Қурилиш вазирлигига Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси ҳам юкланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek