Британия ташлаб кетаётган Европа Иттифоқи Ўзбекистон учун очиляптими?

Комилов Фото муаллифлик ҳуқуқи O'zbekiston TIV

Eвропа Иттифоқи Ўзбекистонга бир томонлама тариф имтиёзларини олишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Ўзбекистон ЕИ бозорларига 6200 дан ортиқ турдаги товарларни божхона тўловисиз етказиб бериши мумкин.

Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берган. Келишувга ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг 21-23 ноябрь кунлари Брюсселга ташрифи чоғида эришилган.

Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан 1999 йил 1 июлда кучга кирган шартномани ўрнига янгисини жорий қилиш устида ишламоқда.

Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим бўйича музокаралар бошлаш ҳақида келишувга эришилган.

Европа Иттифоқи раҳбарлари "брексит" битимини маъқуллашди,энди нима бўлади?

Европа томони тегишли ҳужжати лойиҳасини тақдим этди.

Ўзбекистонга Европа Иттифоқига яқинлашишга ҳаракат қиларкан, Иттифоқнинг аъзоларидан бири Британия ундан чиқиш бўйича музокараларнинг якуний палласига етган.

Европа Иттифоқининг 27 давлати раҳбарлари "брексит" номи билан билинган Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиш шартларини белгиловчи битим лойиҳасини маъқуллашган.

Битим кучга кириши учун британ парламенти томонидан тасдиқланиши керак.

Британиянинг ЕИдан чиқиши учун белгиланган муддат 2019 йилнинг 29 марти.

Иттифоқ раҳбарлари фавқулодда саммит арафасида лойиҳа эҳтимолий битимлар орасида энг яхшиси экани ва муқобили йўқлигини айтишганди.

Британиянинг ўзида битим лойиҳаси кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган.

Унга ҳатто ЕИдан чиқиш тарафдорлари ҳам қарши чиқишган.

Қаттиқ танқидлар остидан қолган Бош вазир Тереза Мэй якшанба куни британияликларга очиқ хат билан мурожаат қилиб, "брексит" битимини маъқуллашни сўраган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қайси бири қаерга?

Унга кўра, битим Буюк Британия ҳаётида "янги саҳифа очиб беради".

Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши ҳақидаги битим 585 саҳифадан иборат.

Унда ЕИдан чиқш шартлари белгилаб берилган ва бу шартларнинг бажарилиши ҳар икки томон учун мажбурий.

Битимга мувофиқ, Британия ЕИ бюджети олдида бунгача олган мажбуриятлари доирасида Иттифоққа 39 миллиард фунт стерлинг тўлаши керак.

Ҳужжатда шунингдек, Британияда яшаётган ЕИ ҳамда ЕИ давлатларида яшаётган британ фуқароларининг ҳуқуқлари ҳам белгиланган.

Британия ҳукумати битим лойиҳасини 15 ноябрда маъқуллаган, бунинг ортидан бир қатор вазирлар ҳукуматдан истеъфо берган эди.

Улар орасида "брексит" бўйича вазир Доминик Рааб ҳам бор.

Британ парламенти келишувни маъқуллайдими, йўқми, маълум эмас.

Овоз бериш жараёни декабрь ой бошига белгиланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek