Дадам хиёнат қилаётганини билиб қолдим, аммо ойимга айтолмадим…

Ота-онангизнинг бири хиёнатга қўл ураётганини билиб қолсангиз, қандай ҳолга тушган бўлардингиз? Йиллар давомида отасининг хиёнат қилаётганини сезиб келган, лекин буни онасига айта олмаган 25 яшар йигит Би-би-си билан боғланди. Ғазаб, алам ва иложсизликка ботган йигит шахсини ошкор қилмаган ҳолда ўз ҳикоясини бошқаларга етказишга қарор қилди.

Ҳаммомдаги телефон

Ўшанда 19 ёшда эдим, бир фестивалдан эндигина уйга қайтгандим.

Ҳаммомга кирдим ва у ерда қандайдир телефонга кўзим тушди.

У дадамники эканини дарров англадим, чунки бир неча йил олдин ҳам айнан шу телефонни унинг машинасида кўрган эдим.

Машинада кўрганимда, болалигимга борибми, бирор ёмон фикр ҳаёлимга келмаган эди.

"Қандай қилиб эримни бошқа аёлга уйланганини билиб қолганим ҳақида..."

Касалликми ё бузуқлик: Сексга берилиб қолиш касаллиги ростдан ҳам мавжудми?

Бироқ ҳаммомда вужудимни қандайдир шубҳа чулғаб олди.

Телефонни қўлимга олдим - унга ҳеч қандай қулф ўрнатилмаган эди.

Ичини титкилашни бошладим ва нотаниш аёл жўнатган хабарларни топдим.

Ғазаб отига минганимдан хабарларнинг мазмуни уқа олмадим.

Дадамнинг қилиб юрган ишларини тасаввур қила бошладим - чунонам ғазабим ортди.

Бироқ хабарларнинг ҳеч бири хиёнатга етарли далил бўла олмас эди.

Ҳаммомда чўмилдим, бироз тинчландим ва хонамга қайтдим.

Бироздан сўнг уйга дадам кириб келди. Уни олдига чиқиб, топиб олган телефонимни кўрсатдим.

Унинг оғзидан чиққан илк сўзлар шундай эди: «Нима ҳақида гапираётганингни тушунмаяпман.»

У телефонни қўлимдан олиб, биринчи қаватга тушиб кетди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, дадам мени чақирганини эшитдим. Хонадан чиқсам, у итимизни етаклаб олган ва шундай деди: «Яхши, юр, сайр қилиб, ҳаммасини гаплашиб оламиз.»

Сайр давомида мени асабий кайфият эгаллаб олди. Уни у қадар саволга тутмадим. Барини ўзи тушунтира бошлади.

Дадамнинг айтишича, хабарларни юборган аёл ишдаги яқин дўсти бўлиб, қийин пайтларни енгиб ўтишда унга ёрдам берган экан.

«Дўстларим кўп эмас. Агар яқин дўстларимдан бири аёл эканини ойингга айтсам, у барибир нотўғри тушунган бўларди,» деди у.

Шундан сўнг ҳаёлимда дадамга раҳмим келиб, ундан шубҳаланганимдан хижолат тортдим.

Унинг сўзларини ҳақиқат сифатида қабул қилдим.

Тўғри тушунганим учун дадам менга ташаккур билдирди ва шу билан мавзуга нуқта қўйилди.

Амос

Орадан икки йил ўтди. Шубҳаларим тўлиқ аримаган эди.

Дадам янги квартирага кўчиб ўтишимга ёрдам берди.

У яқинда янги телефон сотиб олганди. Квартирамда мени суратга олиб, кимгадир юборди.

Кейинроқ ойимдан дадам суратимни юбордими, деб сўрадим. Ойим: «Нима? Даданг менга ҳеч қандай хабар юбормади,» деди.

Гумонларим яна қайтадан бош кўтарди.

Ўша куни дадам янги квартирамда мен билан қолишга қарор қилди.

У телефонида нимадир ёзиб ўтирар эди. Секин ортидан бориб, кўз қирим билан қўлига қарадим ва у Амос исмли шахсга хабар жўнатаётганини кўриб қолдим.

Бу исм сохта экани, унинг дўстлари орасида ҳеч қандай Амос йўқлигини яхши билардим.

Тун яримдан ўтганда, мушукдек оҳиста эмаклаб бориб, дадамнинг телефонини олдим ва уйдан ташқарига секин чиқиб кетдим.

Бироқ қўлга тушиб қолдим - дадам ҳали ухламаган экан. У эшикни очиб, ортимдан: «Илтимос, телефонимни қайтариб олсам майлими?» деди.

Уйғотгични созлаш учун олган эдим, эрталаб барвақт туришим керак, дея баҳона қилдим.

Тонгда биз бирга нонушта қилдик. Овқатланиш давомида тунда бўлган воқеа борасида иккимиз ҳам чурқ этмадик. У телефонимни нега олдинг, деб саволга ҳам тутмади. Кейин кетди.

Жуда ғалати вазиятда қолгандим.

Дадамнинг туғилган куни

Орадан яна олти ой ўтди. Мен ҳамон шубҳа-гумон, иккиланишлардан қийналар эдим.

Дадамнинг туғилган куни келди.

Ойим, дадам билан бирга ресторанга бордик. У ерга синглим ҳам келиши керак эди, аммо у ҳа деганда келавермади. Дадам сабрсизликдан асабийлаша бошлади.

У шартта ўрнидан турди ва уйга қайтаман, деб кетиб қолди.

Унинг қилиғидан жаҳлга миниб, ортидан чиқдим ва уни баланд овозда чақира бошладим. Ғазабдан уни қўрқоқ, ҳам дедим.

Тўсатдан "Амос ким ўзи?!" деб юборганимни билмай қолдим.

У мен томон ўгирилди, юзи песдек оқариб кетганди.

Саволимни тушунмаганликка олди ва «Бу ҳақида гапиришни бас қил,» деди, холос.

Уйга етганимизда иккимизда ҳам калит йўқлиги маълум бўлди. Остона туриб қолдик. Шу пайт чорасизликдан кўзимга ёш қуйилиб кела бошлади ва дадамни маҳкам қучоқлаб олдим.

Нима қилишни билмай қолгандим.

У гўё ичимдан ўтаётганларни билгандек, мени юпатар эди, лекин ҳеч биримиз лом-мим демасдик.

Ойим ва синглим ҳам уйга қайтишди, бизни кўришди. Улар ота-бола ўртасида қандайдир гап ўтди шекилли, деб ўйлашганди. Мен бўлиб ўтган воқеа мазмуни ҳақида ҳеч кимга оғиз очмадим.

Агар шубҳаларимни айтсам, онам кўтара олмас, синглим эса ҳали ёш эди.

Шундай қилиб, бутун азоб менинг елкамда қолиб кетди.

Ва синглим ҳаммасини билиб қолди…

Тахминан, икки йилдан сўнг синглимдан хабар олдим: «Сенга қўнғироқ қилсам бўладими?»

Гўшакни кўтарганимда у ҳўнграб йиғлаётган эди.

«Э Худо, дадам ойимга хиёнат қилаётган экан!»

Билсам, у ҳам мен каби дадамнинг телефонини топиб олиб, "Амос" билан ёзишмаларни ўқиб қолган экан.

Энди ҳам дадамни тинч қўймасликка қарор қилдим.

Унга сим қоқиб: «Синглим иккимиз ҳаммасидан хабардормиз. Бор гапни ойимга айтишингиз шарт, йўқса, сиз билан алоқани узишга мажбур бўламан,» дея огоҳлантирдим.

Гўшакнинг нариги тарафида фақат сукунат ҳукмрон эди.

Ниҳоят: «Огоҳлантирганинг учун раҳмат,» деди у.

Шу билан суҳбатимиз якунланди.

Хат

Дадам ойимга ҳеч нарса демади.

Ҳатто, ўша пайтлари уйда яшаётган синглим билан ҳам бу ҳақида суҳбатлашмади.

Шу тариқа уч ой ўтиб кетди.

Ўзини бундай тутаётганидан унга қўл кўтарадиган даражагача келиб қолган эдим.

Кунлардан бирида у мени машинасида вокзалга ташлаб қўйди.

Ўша тунда дадам телефонимга хабар юборди: «Уйдан чиқиб кетяпман. Девордаги соат ичида хат қолдирдим. Синглингдан уни жума куни очиб, ойингга кўрсатишини сўрадим.»

Унинг ойим билан юзма-юз келишдан қўрққани учун роса аччиқландим.

Бир неча кундан сўнг уйга бордим - ойим хатни аллақачон ўқиган экан. Ҳаммаси тугаган эди.

25 йиллик турмушнинг бу тариқа аянчли якун топиши ҳаммамизни азобга солиб кетди.

Оқибат

Дадамнинг сирларини фош этганимдан ҳеч ҳам афсусланмайман.

Қанчалик ғалати эшитилмасин, қўлимдан келган бор ишни қилдим, деб ўйлайман.

Мен билганларимни ойимнинг юзига айтишни истамаган эдим.

Ойим бор гапни шунча йил давомида яшириб келганимдан аччиқланмайди, балки шунча азобни бир ўзим кўтариб юрганим учун менга раҳми келади.

Бошқаларга маслаҳатим

Айни азобни бошдан кечираётганларга икки маслаҳат беришим мумкин.

Биринчидан, ғазаб устида бирор бемулоҳаза иш қилиб қўймасдан олдин ўзингизни босишга ҳаракат қилинг.

Иккинчидан, бу ҳақида ўзингиз ишонган, дардингизни тушуна оладиган бирор яқинингиз билан суҳбатлашинг.

Синглим ҳаммасини билиб қолгандан сўнг иккимиз янада яқинлашдик, бир-биримизни овутишга ҳаракат қилдик.

Дадамнинг биз хабар топгандан сўнг ҳам хиёнатини тўхтатмагани қалбимизни бутунлай парчалаган эди.

У синглим иккимизга хабар жўнатиб, ўзи билан муносабатларни ортиқ давом эттирмаслигимиз ҳаммамиз учун яхши бўлишини билдирди.

Ота-онам ажрашмоқда - ўйлашимча, у ўша аёлни танлади. Мен эса оиланинг бутунлай барбод бўлишини истамайман. Келажакдаги муносабатларимиз тўғрисида бош қотирмоқдаман.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek