Украина Россия билан чегарадош ҳудудларда ҳарбий ҳолат эълон қилди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Видео инглиз тилида - Жона Фишер Украина ҳарбий флоти қўмондони билан суҳбатлашган

Украина парламенти Россия билан чегарадош ҳудудларда ҳарбий ҳолат эълон қилган.

Айни қарор берилишига сабаб Қрим соҳилларида Украинанинг уч ҳарбий кемаси қўлга олиши сабаб бўлган.

Президент Порошенкога кўра, ҳарбий ҳолат киритилишига сабаб Россия қуруқликдан бостириб киришга тайёргарлик кўрмоқда.

Президент Путин эса, ҳарбий ҳолатга эҳтиёж йўқлиги ва Украина зиддиятни урчитиш учун атайдан бу амалга қўл ураётганини айтган.

Якшанба тунда Россия аннекция қилинган Қрим яримороли яқинида Украинага тегишли учта ҳарбий кемани қўлга олиши ортидан Киевда норозилик намойишлари бошланиб кетганди.

Намойишчилар Киевдаги Россия элчихонаси олдида тўпланган. Элчихонага тегишли бир автомашина ёқиб юборилгани хабар қилинди.

Кемаларнинг қўлга олиниши Қрим яримороли яқинидаги сув ҳавзасида ортиб бораётган икки давлат ўртасидаги зиддиятнинг натижаси сифатида кўрилмоқда.

Керч бўғозида кемаларнинг қўлга олинишидан олдин икки ўртада ўт очилгани ва бир қанча Украиналик ҳарбий яралангани айтилади. Россия ҳам, Украина ҳам ушбу зиддиятнинг келиб чиқишида бир-бирини айбламоқда.

Бу борадаги хабар тарқалгандан сўнг 150 га яқин украиналиклар Россия элчихонаси ташқарисида норозилик намойишига йиғилган ва уларнинг баъзилари элчихона биноси томон Молотов коктейлларини ирғитган. Натижада элчихонага тегишли камида бир машина ёниб кетган.

«Бугун биз Россиянинг ҳаракатларига қарши, ҳарбийларимизни ўққа тутгани учун норозилик билдиришга йиғилдик,» деган намойишчилардан бири Олексий Рябов Reuters хабар агентлигига.

«Жуда ғазабдамиз. Бу давлат билан барча дипломатик алоқаларни анча олдин тугатишимиз керак эди.»

Украина Миллий Хавфсизлик ва Мудофаа Кенгашида бўлиб ўтган фавқулодда йиғилиш чоғида президент Петро Порошенко Россиянинг ҳаракатларини «бирор сабабсиз қўл урилган фитна ва аҳмоқгарчилик» дея баҳолаган.

Президент Порошенко душанба куни парламентдан мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиш масаласини кўриб чиқишни сўрашини маълум қилган, аммо, айни вақтда, бу «уруш эълон қилиш»ни англатмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган.

«Украина ҳеч ким билан уришишни режалаштирмаяпти,» деган у.

Шунингдек, Украина Мудофаа вазирлиги армияни тўлиқ жанговар тайёргарликка келтириш борасида буйруқ берилганини ҳам эълон қилган.

Қрим 2014 йилда Россия томонидан аннекция қилингандан бери яриморол яқинидаги Қора Денгиз ва Азов денгизи ҳавзасида икки давлатнинг муносабатлари совуқлашиб бораётган эди. Ўтган қисқа вақт ичида зиддиятлар янада жиддийлашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Украинанинг Россия "асир" олган кемалари

Инқироз қандай юз берди?

Ўтган тундаги зиддият Россия Украина кемаларининг ўзига қарашли сув ҳавзасига бостириб киришда айблаши ортидан кўтарилган.

Украинага тегишли икки кичик ва бир шатакчи кема Қора Денгизда жойлашган Одесса портидан икки давлат ҳам фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган Азов денгизидаги Мариупол томон йўл олган.

Сўнг, Украина берган маълумотга кўра, Россия денгиз кучлари кемалар йўлини тўсишга уринган ва оқибатда шатакчи кемага зарар етказилган. Украина кемалари Азов денгизига ягона ўтиш йўли бўлмиш Керч бўғози бўйлаб ҳаракатланишда давом этган. Бироқ яқинда қуриб битказилган кўприк остида русларга тегишли танкер кемаларнинг йўлини тўсиб қўйган.

Россия воқеа жойига икки ҳарбий учоқ ва икки тикучар юборган.

Россиянинг таъкидлашича, Украина кемалари сув ҳавзасига ноқонуний бостириб кирган ва хавфсизлик сабаблари билан уларнинг йўли тўсилган.

Украина кемаларнинг қўлга олиниши давомида олти нафар ҳарбий жароҳат олганини маълум қилган.

Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати Украина кемаларини қўлга олиш вақтида куч ишлатилганини тасдиқлаган, аммо фақат уч нафар украиналик ҳарбий яраланганини таъкидлаган.

Украина ўз кемаларининг Азов денгизи орқали Мариуполга бориш режасидан Россиянинг огоҳлантирилганини иддао қилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Photoshot
Image caption Азов денгизи

Айб тўнкаш ўйини

Стивен Розенберг, BBC News, Москва

Қрим яқинидаги ҳавзада Россия-Украина зиддияти бир неча ойдан бери ортиб бораётган эди.

Москва ва Киев томонидан 2003 йилда имзоланган келишувга мувофиқ Керч бўғози ва Азов денгизи биргаликда фойдаланиладиган ҳудудий ҳавза ҳисобланади.

Бироқ бундан бироз муддат муқаддам Россия Украина портларига бораётган ва у ердан келаётган барча кемаларни текширишни бошлаган.

Россия томонидан куч ишлатиш орқали Украина кемаларининг қўлга олиниши зиддият ўзининг юқори чўққисига етганини кўрсатади. Бироқ Москванинг бу воқеада айбни ўз бўйнига олишини кутиш бефойда.

Путин Россияси ҳар сафар куч ишлатганда, ўзини қуйидагича оқлайди: «Буни биз бошламадик.»

2008 йилдаги Россия-Грузия урушида ҳам, 2014 йилда Қримда "яшил одамчалар" (Россиянинг махсус қуролли кучлари) пайдо бўлганда ҳам айни шу таъкидни эшитган эдик.

Шундай экан, якшанба куни содир бўлган воқеада ҳам, наинки, бундан кейин юз берадиган ҳар қандай ҳолатда ҳам Россия бор айбни президент Порошенко ҳукуматига ағдаришини кутаверинг.

Путин Украинага қарши санкция жорий қилишга фармон берди

Россияликларни бугун энг кўп ким қўрқитади?

«Нега сизга бу сафар ҳам ишонишимиз керак?» – Путинни ноқулай ҳолга солган саволлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Россия элчихонаси қаршисида намойиш

Инқироз юз беришидан олдинги ҳолат қандай эди?

Азов денгизи Қрим яриморолининг шарқий соҳилида ва россияпараст бўлгинчилар эгаллаб олган Украинанинг жанубий-шарқий ҳудудларида жойлашган.

Азов денгизининг шимолидаги Украинага тегишли икки порт - Бердянск ва Мариупол - буғдой экспорти, пўлат қуйиш, шунингдек, кўмир импорти учун муҳим саналади.

2003 йилда Россия ва Украина томонидан имзоланган келишув икки давлат кемаларининг денгиз ҳавзаси бўйлаб эркин ҳаракатланишини кафолатлайди.

Шундай бўлсада, яқинда Россия Украина портларига бораётган ва у ердан келаётган барча кемаларни текширишни бошлаган.

Жорий ойнинг бошида Европа Иттифоқи Россияни ушбу ҳаракатларга нисбатан «чора кўрилиши»дан огоҳлантирган эди.

Россиянинг текширувлари март ойида Қримдан чиққан балиқчи кеманинг Украина томонидан қўлга олиниши ортидан зум ўтмай, бошланган.

Москва украиналик радикал миллатчилар янги қурилган кўприкка зарар етказмаслиги учун ҳам бундай текширувлар зарурлигини иддао қилади.

Россияпараст бўлгинчилар 2014 йил апрел ойида Украина давлатига қарши бош кўтаргандан буён шарқий Донетск ва Луганск вилоятларида 10,000 дан кўпроқ инсон ҳалок бўлган.

Украина ва Ғарб давлатлари Россияни бўлгинчиларни яширинча дастаклашда айблайди.

Россия бундай айбловларни инкор қилади, аммо россиялик кўнгиллилар бўлгинчиларга ёрдам бераётганини айтиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek