Ўзбекистон, Тошкент ва дунё: Куёв қорнига шундай тепганки, ҳомиладор келин ўлиб қолган...

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда ҳам ўз уйлари аёллар учун энг хатарли жойлигича қолмоқда.

Куёв ҳомиладор хотинини ўлдириб қўйиши, қайнота қайнонага қўшилиб, келинни бемалол калтаклаши мумкин.

Аммо аксарият жабрдийда сукут сақлашни афзал билади...

Бунга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботи манзарасида Тошкентдан таниқли зиёли ва фаол билан уюштирган суҳбатимиз далолат қилмоқда.

Агар, халқаро ҳисоботга таянилса, ҳар куни дунё бўйлаб 137 нафар аёл ўз йўлдоши ёки эркак яқини томонидан ўлдирилади.

Аёллар айнан ўз уйларида ана шундай қотиллик қурбонига айланишади.

Дилором Исҳоқова билан суҳбатимизга YouTube даги bbcuzbek каналида қулоқ тутинг.

Бу борада сиз ҳам ўз фикрингизни билдиринг.

Дунёда вазият...

Аёллар Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) тақдим этган маълумотлардан аён бўлишича, бир кунда дунё бўйлаб 137 нафар аёл ўз яқини ва қариндошлари қўлида ҳалок бўлади.

БМТга кўра, аёллар, аксар ҳолларда, ўз уйида қотиллик қурбонига айланади.

2017 йилда ўлдирилган 87 минг нафар аёлнинг ярмидан кўпроғи ўзининг энг яқин инсони қўлида қурбон бўлган. Улардан 30 минг нафарга яқинроғи севгилиси ёки бирга яшайдиган эркак томонидан ҳалок этилган. Шунингдек, 20 минг аёлни қариндошлари ўлдирган.

Эркаклар ҳануз аёллардан кўпроқ ўлдирилади

UNODC томонидан тарқатилган маълумотлар эркакларнинг қасддан содир этилган қотиллик қурбонига айланиши эҳтимоли аёлларникидан тўрт баравар юқорилигича қолаётганини кўрсатади.

БМТ берган маълумотлар бутун дунёда содир этилган 10 қотилликдан саккизтасида эркаклар ҳалок бўлишига ишора қилмоқда.

Ўзбекистонлик аёллар жинсий қулликдан озод этилди

Секс ва жинсий зўравонлик: Жинсий зўрланган бўлса, аёлнинг ўзи айбдор, трусигига қаранг...

Жинсий зўравонлик: 'Зўрланганимни, ҳатто, сезмаган ҳам эдимʼ

Ўзбекистон: "Оч, битлаган, ҳомиладор" - Қўқон қизлар коллежидаги даҳшатли аҳвол

Бироқ оила аъзолари қўл урган жиноятларнинг 80 фоиздан ортиқ қисмида, асосан, аёллар қурбонга айланиши хавотирларга сабаб бўлмоқда.

«Яқин инсонлар томонидан содир этилган зўравонликларда айнан аёлларнинг қурбонга айланиш ҳолати давом этмоқда,» дейилади БМТ ҳисоботида.

21 давлатда бир кунда 47 аёл ҳалок бўлган

БМТ келтирган ҳисоботда давлатлар томонидан олинган манбалар асосида 2017 йилда юз берган қотилликлар статистикаси умумлаштирилган. Мазкур статистикада қотилликлар қурбонига айланган хотин-қизлар сони жинсга доир сабаблар билан яқинлар ва қариндошлар томонидан содир этилган жиноятлар бўлимига қўшиб юборилган.

Би-би-си ушбу рақамлар ортида қандай ҳаётий воқеалар яширин эканини ўрганиб кўришга қарор қилди. Натижада 2018 йил 1 октябр санасида қасддан содир этилган қотилликда ҳалок бўлган аёлларга оид жаҳон матбуотида чиққан барча мақолалар тўпланди.

Дунёнинг турли бурчида меҳнат қилаётган Би-би-си журналистлари 1 октябр куни 21 давлатда бир кун ичида 47 нафар аёл ўлдирилганини аниқлашга муваффақ бўлдилар. Мазкур қотилликларнинг катта қисми юзасидан ҳозирда тергов жараёни давом этмоқда.

Ушбу мақолада юқорида тилга олинган 47 қотилликдан атиги олтитаси тўғрисида ўқишингиз мумкин. Би-би-си қуйида келтирилган ҳикояларнинг маҳаллий ҳукуматлардан расман тасдиғини олган.

Жудит Чесанг, 22 ёш, Кения

Фото муаллифлик ҳуқуқи FAMILY HANDOUT

1 октябр куни Жудит ва унинг синглиси Ненси далада меҳнат қилаётган эди.

Уч фарзанднинг онаси бўлган Жудит яқинда турмуш ўртоғи Лабан Камурен билан ажрашиб, мамлакат шимолидаги она қишлоғига қайтишга қарор қилган эди.

Опа-сингил далада иш бошлагандан ҳеч қанча вақт ўтмай, Камурен бу ерга етиб келади ва собиқ аёлига ташланиб, уни ўлдиради.

Маҳаллий полицияга кўра, шундан сўнг ғазабга минган маҳаллий одамлар Камуреннинг ўзини ўлдирадилар.

БМТ ҳисоботида африкалик аёллар ҳаммадан ҳам кўпроқ оиладаги зўравонлик қурбонига айланиши айтилади. Умумий ҳисобда ҳар 100 минг киши бошига 3,1 та айнан шундай ўлим тўғри келади.

Оила аъзолари ва яқинлар томонидан ўлдирилган аёллар сони бўйича эса Осиё пешқадамлик қилмоқда: 2017-йилда бу минтақада 20 минг аёл ҳалок бўлган.

Неха Шарад Чодури, 18 ёш, Ҳиндистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Неха Шарад Чодурининг «шараф йўлидаги қотиллик» қурбони бўлгани тахмин қилинмоқда.

У 18 ёшга тўлган кунни севган йигити билан нишонлаган.

Ҳиндистон полицияси Би-би-сига қизнинг ота-онаси бу муносабатга қарши бўлгани ва, ҳозирда, улар ва яна бир қариндош Нехани ўлдиришда гумонланаётганини тасдиқлади.

Қотиллик қизнинг айнан туғилган куни содир этилган.

Иш юзасидан тергов ҳали давом этмоқда. Ота-она ҳамда қариндош эса суд ҳукмини кутмоқда.

Гумондорларнинг адвокати Би-би-сига мижозлари ўз айбини тан олиш ҳақида ўйламаётганини маълум қилди.

Ҳар йили юзлаб аёллар оиласи раъйига қарши кимнидир севгани ёки турмушга чиққани учунгина ўлдирилади.

Бироқ бундай турдаги жиноятлар аксар ҳолларда рўйхатга олинмаслиги ёки улар ҳақида ҳеч ким хабар бермаслиги туфайли «шараф йўлидаги қотиллик» қурбонларининг аниқ сони маълум эмас.

Зайнаб Секаанван, 24 ёш, Эрон

Фото муаллифлик ҳуқуқи SHAXSIY/ AMNESTY INTERNATIONAL

Зайнаб Секаанван эрини ўлдирганликда айбланиб, Эрон суди ҳукми билан қатл этилган.

Зайнаб мамлакат шимолий-ғарбидаги қашшоқ курд оиласида дунёга келган. Оила анъанавий қарашларга қаттиқ амал қилиб яшар эди.

Ҳали балоғатга етмаган Зайнаб турмушга чиқиш ва ҳаётда ўз ўрнини топиш истагида уйдан қочиб кетади.

Аммо у турмушга чиққан эркак орзусидагидек бўлиб чиқмайди: халқаро инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ташкилотларига кўра, эри Зайнабни тинмай қийнайди ва ажралишга имкон бермайди. Шу билан бирга полиция ҳам Зайнабнинг шикоятларини кўриб чиқишдан бош тортади.

Зайнаб 17 ёшида эрини ўлдирганликда гумонланиб, қўлга олинади.

Amnesty International ташкилоти Зайнаб полиция қийноғи остида айбни бўйнига олишга мажбур бўлгани ва унинг устидан суд ҳам адолатсиз ўтганини таъкидлайди.

UNODC ҳисоботида ўз турмуш ўртоғини ўлдириб қўйган аёлларнинг катта қисми бунга қадар узоқ вақт давомида жисмоний ва руҳий қийноқларга гирифтор бўлгани айтилади.

Шунингдек, ҳисоботда эркаклар, кўп ҳолларда, ўз мулки деб ҳисоблагани, рашк ҳисси ва ёлғиз қолишдан қўрқиш туфайли қотилликка қўл уриши борасидаги тахмин илгари сурилади.

Бразилиялик жуфтлик билан юз берган ҳолатда ҳам шундай аломатларни кўриш мумкин: узоқ йиллар бирга яшаган эр-хотин Зайнаб қатл этилган кунда жонсиз ҳолда топилган.

Сандра Люсия Аммер Маура, 39 ёш, Бразилия

Фото муаллифлик ҳуқуқи QAYTA ISHLANGAN/ FACEBOOK

Сандра Люсия Аммер Маура 16 ёшида Аугусту Агуайр Рибейруга турмушга чиқади ва улар биргаликда деярли 25 йил умр кечирадилар.

Бироқ узоқ йиллик муносабат узилади ва улар, маълум сабабларга кўра, ажрашиб кетадилар. Ажрашишдан олти ой ўтиб, собиқ эри Сандрани ўлдиради.

Маҳаллий полиция Би-би-си Бразилия Хизматига аёлнинг бўйнига урилган пичоқ зарби оқибатида ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Терговчилар Аугустунинг қўл телефонидан қотилликка иқрор бўлгани ёзилган видеони топадилар. Видеода Аугусту ажрашишдан сўнг Сандранинг бошқа эркак билан учраша бошлагани ва у бундай «хиёнат»га чидай олмагани ҳақида сўзлаган.

У, бундан ташқари, энди Сандра билан биргаликда «у дунё»га йўл олишини ҳам маълум қилган.

Қотиллик кунининг ўзида Аугусту Сандра билан узоқ йиллар кун кечирган уйи ётоқхонасида ўзини осади.

Мари-Амели Вайя, 36 ёш, Франция

Фото муаллифлик ҳуқуқи PHOTOPQR/LE PROGRES/PHOTO JEAN-PIERRE BALFIN

Мари-Амели ўз турмуш ўртоғи томонидан сўйиб ташланган.

Улар тўрт йиллик турмушдан сўнг ажрашадилар. Бунга кўника олмаган эркак собиқ аёлига пичоқ билан ҳужум қилади, сўнг полицияга ўзини топширади.

Бир неча кундан сўнг эркак ҳибсхонада ўз жонига қасд қилади.

Мари-Амелининг қўшнилари у соҳибалик қилган дўкон остонасига гуллар олиб келиб, марҳуманинг ҳурмати йўлида кўча бўйлаб юриш ўтказадилар.

Мари-Амели француз ҳукумати маиший зўравонликка қарши янги режаларни эълон қилган кунда ҳалок бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PHOTOPQR/LE PROGRES/PHOTO JEAN-PIERRE BALFIN

Елена Верба, 29 ёш, Россия

Фото муаллифлик ҳуқуқи VK/ЕЛЕНА ВЕРБА

Еленанинг бахтли оилавий ҳаёти 2017 йил ёзида якунига етади.

Унинг эри Сергей Еленани хиёнат қиляпти, деган гумонга боради ва қўзиқорин териш баҳонаси билан уни ўрмонга таклиф қилади. У ерда Еленага пичоқ билан таҳдид қилиб, айбини бўйнига олишни талаб этади.

Елена эрининг чангалида қочиб чиқишга муваффақ бўлиб, бўлган воқеа борасида полицияга хабар беради.

Бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари етарлича чора кўрмайди. Улар Сергей билан тартибга чақириш йўлида суҳбат ўтказиб, ишни ёпадилар.

Шундан сўнг Елена ажрашиш ҳаракатига тушиб қолади. Бироқ, адвокатларга кўра, эри бунга имкон бермайди, уни турли йўллар билан қўрқитиб келади.

Айни вақтнинг ўзида Сергейнинг ҳаёлидаги хиёнат гумони ҳали тўлиқ йўқолмаган эди. Оқибатда кунларнинг бирида кўзи қонга тўлган Сергей етти яшар ўғлининг гувоҳлигида аёлига 28 марта пичоқ уради.

Аёлларнинг қотиллик қурбонига айланиши ҳолати қанчалик эътиборга муҳтож?

Сизни юқорида сўзланган ҳикоялар билан таништириш йўлида Би-би-сининг бутун бошли катта жамоаси меҳнат қилди. Улар турли давлатлардаги телекўрсатувлар, ижтимоий тармоқлар, босма матбуот хабарларини диққат билан кузатдилар, радио тўлқинларини эътибор билан тингладилар.

Жамоа, умумий ҳисобда, жорий йилнинг 1 октябр куни 47 аёлнинг ўлдирилгани борасида хабарларни топишга муваффақ бўлди. Бироқ бу фақат матбуот юзини кўрган хабарлардир. Ўша куни аслида қанча аёл ҳалок бўлганини аниқлашнинг деярли имкони йўқ.

Би-би-си бугун уларнинг атиги кичик бир қисми ҳақида сўзлаб берди, холос. Аниқланган қотиллик ҳолатларининг аксар қисми ҳали расман тасдиқланмаган ёки сабаблар ё жиноятчилар аниқланмаган.

UNODC ҳисоботида аёллар қурбон бўлган қотилликларнинг катта қисми тўғрисида полицияга хабар берилмаслиги ёки полиция бундай ишларни айнан аёлларга йўналтирилган жиноят сифатида малакаламаслиги таъкидланади.

«Бизнинг текширувимиз нафақат биз билган, балки қотиллик қурбонига айлангани тўғрисида на полиция, на матбуот хабар бермаган аёлларни ҳам эсга олишга чақиради,» дейди тадқиқотда иштирок этган Би-би-си ходимаси Мариам Азвер. «Бундай аёллар билан юз берган ҳолатлар матбуотда ҳеч қачон ёритилмаган ёки полиция тергов ишларини ўтказмаган. Шундай экан, ҳайратланарли бир ҳолат юзага келади: Газеталар ёзиши учун аёллар қурбон бўлган қотилликлар қачон етарлича муҳим ҳисобланади?»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek