Ўз жазманини ўлдириб, гўштини гуруч тагига босган аёл ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alamy
Image caption Аёл ўз жазмани гўштидан паловга ўхшаш кабса деган таом тайёрлаган.

Марокашлик аёл севгилисини ўлдириб, гўштини ишчиларга пишириб берди

Марокашлик аёл Бирлашган Араб Амирликларида ўз севгилисини ўлдирганини тан олди.

Тергов давомида маълум бўлишича, аёл эркак жасади қолдиқларидан овқат тайёрлаб, уни ҳеч нарсадан бехабар покистонлик ишчиларга едирган.

Терговчилар қотиллик бундан уч ой олдин содир этилганини айтмоқдалар. Бироқ мазкур мудҳиш жиноят бир неча кун олдин аёлнинг ошхонасидаги блендердан одам тиши топилгандан сўнггина фош бўлган.

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)да чоп этиладиган National газетасига кўра, аёл қилмишига иқрор бўлган ва қисқа муддатли руҳий бузилиш туфайли бундай жиноятга қўл урганини айтган.

Тергов жараёни якунланиши биланоқ аёл устидан суд бошланиши кутилмоқда.

Айбланувчи ўз қурбони билан сўнгги етти йил давомида ишқий муносабатда бўлиб келган.

National газетасига кўра, эркак Марокашда бошқа бир аёлга уйланишини айтгач, қотиллик қурбонига айланган.

БАА полицияси қотиллик қандай усулда амалга оширилганига оид маълумотларни очиқламаётир, аммо айбланувчи эркакнинг гўштини мамлакат миллий таоми - кабса тайёрлашда ишлатгани ва покистонлик ишчиларни ушбу овқат билан сийлаганини қайд этиб ўтган.

Кабса - гуруч ва гўштдан иборат, паловга ўхшаб кетувчи таом.

Блендердаги инсон тишини қондошининг узоқ вақтдан бери йўқолиб қолганидан ташвишланиб юрган марҳумнинг укаси пайқаб қолган.

У жуфтлик бирга истиқомат қилган Ал-Айн шаҳридаги уйга акасини излаб келади. Натижада ошхонада турган блендер ичидан одам тишини топиб олади, деб ёзади National газетаси.

Сўнг у акасининг йўқолгани ва топилма ҳақида полицияга хабар беради. ДНК таҳлили тишнинг ҳақиқатан ҳам йўқолган эркакка тегишли эканини аниқлаган.

Полиция тарқатган маълумотга кўра, аввалига аёл севгилисининг укасига эркакни уйдан ҳайдаб юборганини иддао қилади, лекин тергов вақтида хушидан кетиб, ўзига келгандан сўнг айбини тан олади.

Хабар қилинишича, аёл қотилликдан сўнг уйни тартибга келтиришда ёрдам сўраб, яқин танишларидан бирига мурожаат қилган.

Шунингдек, кўрикдан ўтказиш мақсадида айбланувчининг руҳий шифохонага юборилгани ҳам айтилмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистонда эшак гўшти овқатга тушган

Тошкент: нон ва сомса сотиб олиш хавфсизми?

Ўзбекистон: Тўйда овқат боис оммавий заҳарланиш бўлдими?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek