МДҲ, Ўзбекистон, Тошкент: Постсовет ҳудудида яна бир аёл президент, ким у?

Янги президент Фото муаллифлик ҳуқуқи Gettyimages

Россияпарастми ёки демократ? Унинг сайланиши шундоқ ҳам ҳассослашиб қолган демократияга берилган кучли зарбами?

Бу - Грузиянинг янги сайланган илк аёл президенти атрофида ҳозир бўй кўрсатаётган саволлар бўлади.

Иккинчи давра президент сайловининг якуний натижаси маҳаллий вақт билан бугун, пайшанба куни тонгда эълон қилинган.

Унга мувофиқ, Саломе Зурабишвили овозларнинг 59,52 фоизини қўлга киритган.

Бунинг ортидан, Зурабишвили постсовет ҳудудида президентлик мақомини эгаллаган иккинчи аёл президентга айланган.

Бунгача Роза Ўтинбоева 2010-2011 йиллар оралиғида Қирғизистон президенти (аввалига муваққат) сифатида фаолият юритган.

Саломе Зурабишвили президент сайловида расман мустақил номзод сифатида иштирок этган.

Аммо, хабарларга кўра, уни, бир томондан, бошқарувдаги партия қўллаб-қувватлаган.

Бошқа тарафдан, таъбир жоиз, Кремлнинг дастагига эга олигарх томонидан президентликка танланган номзод бўлган.

Агар аёл давлат тепасига келса...

"Аёл президент бўлишига менинг кўзим етмайди"

Ўзбекистонда аёл президент бўлиши мумкинми?

Акс-садолар...

Маҳаллий мустақил журналистлардан бирининг айтишича, янги аёл президентнинг сайловолди кампанияси Грузия тарихидаги энг ношаффофларидан бири бўлган.

Айни шу президент сайлови сабаб, Грузиянинг шундоқ ҳам ҳассослашиб қолган демократияси жиддий зарба еган.

Журналист ўзининг бу каби хулосасини Саломе Зурабишвилининг иккинчи давра сайловларига қадар қайд этган натижаси билан изоҳлаган.

Суҳбатдошга кўра, мустақил аёл номзод президент сайловида етакчилик қилмаган, истаган тақдирда ҳам, бунга имконли бўлмаган.

"Рейтинги умуман нолга тенг эди. Чунки у сиёсатчи эмас, бюрократ. Сайловчиларини хушламаслигини ҳам яшириб ўтирмади", - дейди журналист.

Унинг айтишича, янги президентнинг номзоди "мустақил" номи остида Кремль томонидан дастакланган олигарх томонидан танланган.

"Сайловолди кампаниясига давлатнинг миллионлаб пуллари сарфлангани, унинг учун бутунбошли маъмурий машина ишлаганига қарамай, биринчи босқич сайловларда мағлубиятга учраган".

"Бундан ваҳимага тушиб қолган ҳукумат уни кейинги босқичга ўтказиш учун мислсиз ва демократияга жиддий зарба берувчи қадамларга борди", - дейди журналист.

Унга кўра, Саломе Зурабишвилининг номзодини қўллаш учун ҳукумат яна энг ксенофоб, ўта миллатчи ва ўнг-қанот гуруҳлардан ҳам фойдаланган.

"Сайловолди кампанияси давомида жамоат кўзидан панада бўлган, интервьюлар бермаган, сайловчилари билан ҳам учрашмаган".

"Аммо бугунги янгиликлар тамом бошқача руҳ ва мазмунда, тўғрими,", - дейди у.

Аммо...

Би-би-си Рус Хизмати президент сайловидаги ғалабаси ортидан, Саломе Зурабишвили билан суҳбатлашишга муваффақ бўлган.

Грузиянинг янги аёл президенти ўз суҳбатида, "ҳозир Россия билан ҳамкорликнинг вақти эмас"лигини айтган.

"Бугунги атвори, одамлар ўғирлаб кетиладиган ишғол жабҳасида нималар юз бераётгани, бу жабҳанинг бизнинг ҳудудимизга ҳам янада чуқурроқ кириб келаётгани, Тбилисига тобора яқинлашаётгани, бундан ташқари, Украинага нисбатан ўзини қандай тутаётгани назарда тутилса, ҳозирнинг ўзида Россия билан ҳамкорликка кириша олмаймиз", - деб айтган Саломе Зурабишвили.

Лекин Грузиянинг янги президенти, ўз ўрнида, яна бир нарсани қўшимча қилишни ҳам унутмаган.

Агар, Европадаги ҳамкорлари Россияга нисбатан ўз ёндашувларини ўзгартиришса, ўзлари ҳам бугунги мавқеъларини қайта кўриб чиқишлари мумкинлигини айтган.

Расмий Кремлнинг Грузиядаги президент сайлови натижасига муносабати ҳам анчайин эҳтиёткорона бўлган.

"Биз номзод (Зурабишвили)нинг ғалабаси ва унга оид хабарни инобатга оламиз. Аммо, ҳозирча, Россия ва Грузия ўртасидаги алоқалар ривожининг эҳтимолий истиқболига баҳо бериш, қандайдир бирламчи баёнотлар билан чиқишни лозим, деб топмаймиз", - деган Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Грузиянинг амалдаги президенти Георгий Маргвелаши ҳам сайловга анчайин танқидий баҳо берган.

"Бундай андазадаги сайловлар Грузияда ортиқ ўтказилмаслиги керак"лигини баён қилган, аммо янги президентни ғалабаси билан қутлаган.

Европалик кузатувчилар эса, Грузия президент сайлови натижасига жиддий таъсир қилиши мумкин бўлган қонунбузарликларни қайд этмаганликларини айтишган.

Аммо, шунинг баробарида, бу сайловни буткул шаффоф, деб баҳолаб бўлмаслигини ҳам эътироф этишган.

Янги президент

Саломе Зурабишвили асли грузиялик, таниқли сиёсий эмигрантларнинг фарзанди бўлади.

Аммо Францияда туғилган, 30 йилча Франция Ташқи ишлар вазирлигида дипломат бўлиб ишлаган.

Грузияга 2003 йилда Франциянинг элчиси бўлиб келган.

Аммо орадан йил ўтиб, президент Михаил Саакашвилининг қарори билан Грузия инқилоборти ҳукуматида ташқи ишлар вазири мақомини эгаллаган.

Ўша пайтда унга Грузия фуқаролиги берилган.

Грузия ташқи ишлар вазири эканига йил бўлмай, вазифасидан четлатилган.

Бунинг ортидан Саломе Зурабишвили президент Саакашвилига мухолиф мавқеъга ўтган.

Аёл кишининг мамлакат президентлигига ўз номзодини илгари суриши мустақил Ўзбекистон учун ҳам янгилик эмас.

Лекин, ҳозирча, бу каби номзодга Ўзбекистон президентлиги мақомини эгаллаш насиб қилмаган.

"Бизнинг миллатга ким президент бўлишининг умуман фарқи йўқ. Агарда миллатга ким президент бўлиши фарқли бўлганида, мамлакат ва фарзандлари келажаги ўйлантирса, сайлаш нималигини эсга олган бўларди. Лекин ҳозирда аёл бўладими, кимни олиб келиб қўйишса ўшани қабул қилаверадилар", - деганди бундан бир неча йил аввал Би-би-си Ўзбек Хизматига шу хусусда интервью берган таниқли зиёли ва фаол Дилором Исҳоқова.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek