Ўзбекистон ва ВИЧ ОИТС: Ўзбеклар секс, сўлак ва СПИД ҳақида билиши керак ўнта жавоб нима?

Сурат манбаси, Scrreenshot
Ўзбекистонда илк бор ВИЧ юқтирган қизалоқ - Азимани қучоқлаб, бу вирус ҳақида ролик олинди.
Ўзбекистон дунёда ВИЧ СПИД жуда тез ва кўп тарқалаётган минтақада жойлашган. Бироқ ўзбек жамиятида ОИТС ҳақида тасаввурлар кам ва хато.
ВИЧ юқтирган инсонлардан жирканиш, уларни лаънатлаш ва ВИЧ юқиши ҳақида нотўғри ўйлаш кенг тарқалган.
Ўзбекистон ВИЧ СПИД бобида Африкага айланмаслиги учун ўзбеклар нималарни билиши ва қилиши лозим?
Ўзбек жамиятидаги ВИЧ ОИТС ёки СПИД ҳақида мавжуд нотўғри ўнта миш-миш ва ўнта тўғри жавоб нима?
Биринчи миш-миш: ВИЧ юқтирган одам ёнида бўлсанг, сенга ҳам юқади.
Сурат манбаси, Getty Images
Презервативлар ВИЧни жиловлашда яхши восита, лекин 100% ҳимоя эмас.
Хавотир олманг, ВИЧ асло бадан, қўл бериш, тер, кўз ёши, сўлак ё пешобдан юқмайди.
Шунингдек, йўтал ё аксириш, қучоқлашиш, бир лагандан ош ейиш, бир пиёладан сув ичиш, кийимни алмаштириб кийиш, тренажёрлик залида шуғулланиш ва ёки касал одам ўтирган ҳожатхона унитазидан фойдаланиш орқали бу вирус ўтмайди.
ВИЧ жуда заиф вирус ва очиқ ҳавода тезда ўлади. Агар оғиз бўшлиғи қонамаётган бўлса, сўлак таркибидаги моддалар ВИЧни ўлдиради. У тумовдан фарқли тарзда ҳаво орқали юқмайди.
ВИЧ вируси қон, маний, яъни эркак уруғи, аёл қинидан келувчи суюқлик ва кўкрак сути орқали юқади.
Сурат манбаси, PA
Малика Диана ҳали 1991 йили ВИЧ позитив одамлар билан учрашган, кўришган ва суҳбатлашган.
Иккинчи миш-миш: Чивин чақса ВИЧ ўтади.
Тўғри, ВИЧ қон орқали ўтади. Лекин тадқиқотларга кўра, касал одамни чаққан чивин ё пашша, кейин соғлом одамни чаққани билан ВИЧ юқмайди.
Аввало, чивин сизни чақса, олдин чаққан одамнинг қонини сизга тўкмайди. Айни пайтда, ВИЧ вируси чивин ичига тушгач, кўп яшамайди.
Учинчи миш-миш: Гейлар СПИД тарқатади
ЛГБТ ёки гей эркаклар орасида ВИЧ кўп тарқалиши илгари кузатилган.
Аммо илғор давлатларда ЛГБТ инсонларга эркинлик берилган ва тиббий тушунтиришлар орқали улар орасида жинсий саводхонлик ҳамда хавфсиз секс йўлга қўйилган.
ЛГБТ одам ўзини яширмайди ва доимо текширтириб боради.
Аммо Ўзбекистонда гей бўлиш жиноят ва ЛГБТ эркаклар ўзларини ошкор этишмайди.
Бу дегани - яширин гей ўзбеклар орасида ВИЧ тарқалишини текшириш, тўхтатиш ёки назорат қилиш Ўзбекистонда деярли имконсиз.
Собиқ Совет ҳудудида ВИЧ СПИД, асосан, гиёҳвандлар орасида кўп учрайди. Улар битта игнани ишлатишгани боис ВИЧ қондан ўтади.
Тўртинчи миш-миш: Оғиз билан жинсий алоқа қилиш хавфли
Бу фикр Ўзбекистон учун нега муҳим дейсизми?
Ўзбекистон - бугун дунёга энг кўп фоҳиша етиштириб берувчи мамлакатлардан бири.
Чунки аҳолиси камбағал, ҳатто қашшоқлик ҳам салмоқли.
Ўзбек аёллари учун эса оила боқишга етадиган тузук иш кам.
Хотин-қизларнинг моддий мустақиллиги нафақат иқтисодий имконсизлик, балки ўзбек жамиятидаги қарашлар боис ҳам амалда паст бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистонда фоҳишалик қанчалик кенг тарқалган бўлмасин, у ноқонуний ва бу мавзу батафсил ёки холис муҳокама этилмайди.
Шу боис секс жараёнида хавфсизликка риоя қилиш ҳақида инсонларнинг билими ҳам чуқур эмас.
Оғиз орқали жинсий алоқа қилиш анчайин хавфсиз, деган тушунча бор. Тўғри, бунда ўртача 10 минг мартадан атиги тўрттасида ВИЧ ўтади.
Лекин, барибир, оғиз билан жинсий алоқа қилиш хатардан бутунлай ҳоли эмас.
Милк ва оғзингизда тилинган ё кесилган, қонаётган очиқ жойлар бўлса, ВИЧ ўтиши мумкин.
Сурат манбаси, Getty Images
ВИЧ вирусини аниқлашнинг энг ишончли йўли - қонни текшириш.
Бешинчи миш-миш: Презерватив ВИЧ вирусидан тўлиқ ҳимоя қилади.
Ишонманг, секс пайтида презерватив йиртилиши, ёрилиши, сирғалиб тушиб кетиши ва тешилиши мумкин. Оқибатда ВИЧ юқтириш эҳтимоли ортади.
Шу боис, ҳар тўрттадан битта касал ўзида ВИЧ борлигини билмайди.
Бундай одамлар хотини, эри ва ёки болаларига ВИЧ юқтириши мумкин.
Хуллас, шубҳали ё тасодифий жинсий алоқа қилган бўлсангиз, ўзингизни текширтиринг.
Мазкур маълумот ўзбекларга нега керак дейсизми?
Фоҳишалик кенг тарқалган мамлакатда уларнинг мижозлари, яъни ВИЧ юқиш хавфи катта эркаклар сони аслида бир неча баравар кўп бўлишини биласизми?
Бу ўзбекистонлик эркаклар кейин хотини ва ё бўлажак рафиқаси ҳамда фарзандига ВИЧ юқтириши эҳтимоли жуда катта.
Олтинчи миш-миш: ВИЧ аломати йўқми, соғломман.
ВИЧ юқтирган кўп одамларда 10-15 йилгача ҳеч бир аломат кўзга ташланмаслиги мумкин.
Баъзилар вирусни юқтиргандан кейинги 1-2 ҳафта ичида тумов ёки шамоллашга ўхшаш аломатларни кузатади, иситмаси чиқади, боши ва ё томоғи оғрийди, бироз тошма тошади. Аммо бу белгилар тезда ўтиб кетади.
Кейинчалик ВИЧ сизни енга бошласа, бошқа аломатлар кузатилади: лимфа тугунлари шишади, озасиз, иситма кўп чиқади, ич кетиш ва йўтал кузатилади.
Даволанмасангиз, сил, менингит, зотилжам, Саркома Капоши ва бошқа саратон турларига чалинасиз.
Еттинчи миш-миш: ВИЧ юқтирган одам ёш ўлади.
ВИЧ юқтирган одам даволаниб борса, узоқ йиллар соғлом ҳаёт кечиради.
Лекин Ўзбекистон каби камбағал давлатнинг ҳар бир беморга йил бўйи мунтазам даволаниб бориши учун етарли дориларни тўлиқ ажрата олиши осон иш эмас.
Ҳозир ВИЧ СПИДга қарши дори-даво ривожланган, аммо барибир қиммат.
Мунтазам даволаниб борадиган ҳар иккинчи касалда эса ВИЧ вируси шунчалик камайиб кетадики, уларнинг қонидаги ВИЧ вируси топилмас ё илғанмас бўлиб қолади. Аммо вирус бутунлай йўқолмайди.
Қонида ВИЧ илғанмас даражага тушган одам жинсий алоқа қилса ҳам ёстиқдошига ВИЧ юқтирмайди.
Аммо даволанишни тўхтатсангиз, ВИЧ вируси яна кўпайиб кетади.
Ҳозир дунёдаги ҳар учтадан иккита ВИЧ позитив одам мунтазам даволаниб боради.
Сурат манбаси, Getty Images
Қонида ВИЧ илғанмас даражага тушган аёллар соғлом бола туғишади.
Саккизинчи миш-миш: Онадан болага ВИЧ ўтади.
Ҳар доим ҳам эмас. Даволаниб борган ва қонида ВИЧ топилмас даражага тушган аёллар соғлом бола туғадилар.
Тўққизинчи миш-миш: Ўзбекистон учун бу анча бегона муаммо
Ўзбекистон ҳозир дунёдаги ВИЧ кенг ва тез тарқалаётган минтақалардан бирида жойлашган.
Миграция кучли: Ҳар йил бир миллиондан кўпроқ жинсий фаол ёшдаги ўзбекистонлик аёл-эркак Россияга иш излаб кетади.
Уларнинг аксариси - мактабда жинсий таълим кўрмаган ва ВИЧ ҳақида тўлиқ маълумот олмаган қишлоқ ёшлари.
Кейинги йиллари Ўзбекистон четдан келганларни текширишни кучайтирган.
Лекин ёшларга мактаб даврида юқумли жинсий касалликлар ҳақида етарлича замонавий билимлар берилмайди.
Мамлакатдаги фоҳишалар ва гиёҳвандлар ҳам жазодан ҳамда жамиятдаги салбий қараш ё тавқи лаънатдан қўрқиб, ўзлари ҳақида билдирмай, панада юришади.
Яъни уларда ВИЧ бўлса, текширилмайди ва вирусни мижозлари, ёстиқдошлари ҳамда болаларига юқтиришлари эҳтимоли катта.
Ўнинчи миш-миш: ВИЧ енгилтак ё бангида бўлади
Бу - буткул нотўғри. Ўзбекистонда ВИЧ юқтирган одамлар сони 50-60 минг атрофида бўлса, уларнинг бир неча минг нафари болалар, деган тахминлар бор.
Болаларга бу вирус, одатда, тузук даволана олмаган ёки вирус ҳақида билмаган ота-онасидан ўтади.
Сурат манбаси, Getty Images
Тери ва тер, кўз ё пешоб орқали ВИЧ юқмайди.
Аммо Ўзбекистон касалхоналарида кўплаб болаларга вирус юқтирилган ҳолатлар бор.
Чунки Ўзбекистонда коррупция кучли, касалхоналарда таъминот ёмон ва игналар, қуйиладиган қон ҳамда жиҳозларнинг тозалиги масаласи бор.
Масалан, 2008 йили Намангандаги касалхонада 150 нафарга яқин гўдакка ВИЧ юқтириб қўйилган.
Расмийлар ҳалигача аниқ рақамларни халққа тўлиқ ошкор этишмаган.
Жамоатчиликка айтилмаган ёки яккам-дуккам ҳодисалар ҳақида ҳам маълумотлар жуда кам.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek