Миссионерлик: Худога хизматми ё 'Худо ролини ўйнаш'?

An Australian missionary in Papua New Guinea Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Дунё миссионерларга қандай қараши керак?

"Азизларим, мени ақлдан озган, деб ўйлашингиз мумкин… Аммо менимча, бу одамларга Исони таништирса арзийди".

Бу сўзлар бир неча кун муқаддам Ҳинд Уммонидаги Шимолий Сентинел оролида яшовчи ёввойи қабила томонидан ўлдирилган америкалик Жон Аллен Чаунинг ота-онасига ёзган мактубидан олинган.

Аслида, ўзи миссионер бўлмасада, Чау қабилага насроний эътиқодини олиб боришни олдига қўйган мақсади, деб билган.

Унинг бундай ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлиши дунё бўйлаб фаолият юритаётган юз минглаб насрониликй дини тарғиботчилари масаласи юзасидан яна кенг муҳокамалар бошланишига туртки берди.

Хўш, миссионерлар ким ўзи? Уларнинг асл мақсади қандай? Улар одамлар кўз ўнгида эзгулик хабарчилари сифатида гавдаланадими ёки хуш кўрилмаган шахслар кўринишидами?

Миссионерлик нима ўзи?

Жаҳонда мавжуд кўплаб дин вакиллари дунё кезиб, ўз эътиқодини тарғиб қилса-да, насроний миссионерларнинг фаолияти жуда кенг тарқалган ва ҳаммага яхши танишдир.

Насронийликнинг барча оқимлари вакиллари Инжилда Исо пайғамбар тилидан келтирилган ушбу парчага амал қилади: «Ҳамма миллатлар ичидан издошлар етиштиринг.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Насроний миссионерлари асрлар давомида дунёнинг турли давлатларида фаолият олиб боришган.

Мазкур парча Исо пайғамбар жаннатга кўтарилишидан олдин издошларига қолдирган сўнгги васиятлардан бири эканига ишонилади.

Миссионерлик ҳаракати ўрта асрларда бошланган мустамлака сиёсати натижасида янада фаоллашган эди. Ўша даврда янги босиб олинган ўлкаларнинг маҳаллий одамларига динни таништириш уларни «маданийлаштириш»нинг энг самарали йўлларидан бири, дея кўрилган.

Вақт ўтиб бориши билан миссионерлар мустақил тарзда фаолият қилишга ўта бошлайди.

"Юз берган воқеа миссионерлик ҳаракати борасида муҳокамаларнинг яна юзага чиқишига туртки берганига қарамай, Жон Аллен Чау аслида насронийлик вакили эмас эди," дейди Калифорния Университети фахрий профессори Девид Ҳоллинжер. «Унинг ҳуши жойида бўлмаган.»

"Насроний тарғиботчилар ҳозир ҳам одамларни ўз динига ўтказишга уринсада, уларнинг асосий фаолияти, бугунги кунга келиб, касалхоналар ва мактаблар қуришга қаратилган. Жуда кўпчилик дин тарғиботчилари инсонпарварлик лойиҳалари билан машғул," изоҳлайди у.

АҚШдаги Халқаро Насронийликни Ўрганиш Марказига кўра, 2018 йилда дунёда 440,000 нафар насроний миссионер фаолият юритиб келган.

Бу рақам насронийликнинг барча оқимларини ўзига қамраб олади: католик, протестантлик, проваслав ва Шимолий Америкадаги Яҳова Шоҳидлари, мормонлар каби гуруҳлар.

Муқаддас Сўнгги Кунлар Исо Масиҳ Черкови ёки қисқача Мормонлар Черкови марказлашган миссионерлик дастурига эга озчилик оқимлардан биридир. Шу вақтга келиб, черковнинг дунёда фаолият юритаётган миссионерлари сони деярли 66 мингни ташкил қилади. Ўтган тарих давомида черков миллиондан ортиқ миссионерни халқаро фаолиятга сафарбар этган.

2017 йилда черков ўзининг миссионерлари 233,729 нафар одамни насронийликка ўтказиб, чўқинтирганини маълум қилган.

Миссионерлар қандай иш билан шуғулланади?

Жон Аллен (бу шахснинг ҳалок бўлган Жон Аллен Чауга алоқаси йўқ) ва унинг расман доя-ҳамшира рафиқаси Лена 15 йил давомида Папуа Янги Гвинеяда насроний миссионерлари сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Жаноб Аллен Би-би-сига йўллаган электрон мактубида аёли билан "Насронийлик қадриятлари ва Инжилда таъкидланган ҳаёт тарзини тарғиб қилиш"га интилиши тўғрисида сўзлайди.

«Лекин бу одамларни ўзимиз эътиқод қилган нарсага ишонтириш, дегани эмас,» ёзади у мактубида. "Бу Худо Инжилда ҳар бир инсон учун ўз режаси борлигини таъкидлаганини одамларга етказишдир."

Эр-хотин миссионерлар Папуа Янги Гвинеяда яшовчи маҳаллий Камеа одамлари учун бундан 10 йил муқаддам шифохона барпо қилган. Улар бугунги кунда ҳам ўша ерда яшаб келмоқда.

Беш нафар маҳаллий миллат вакили ва уч америкалик ҳамшира мазкур шифохонада меҳнат қилади. Шифохонада хасталар ва мажруҳларга ёрдам кўрсатиш билан бир қаторда фарзанд кутаётган аёллар ва янги туғилган гўдаклар учун махсус дастурлар ҳам ишлаб чиқилган.

Жаноб Аллен ўзи ва аёлининг маҳаллий савдо тили ҳисобланмиш Ток Пиксинда бемалол сўзлашишини айтади. Бугунги кунда жуфтлик 2009 йилга қадар бирор ёзма манбага эга бўлмаган Камеа тилини ўрганишга ҳаракат қилмоқда.

«Бу тилни ўрганиш жуда мушкул. Биз уни биринчилардан бўлиб, ёзиб олмоқдамиз ва ҳужжатлаштиряпмиз. Ҳали бирор ташқаридан келган кимса бу тилни тўлиқ билмайди,» сўзлайди жаноб Аллен.

«Бугунги кундаги миссионерлик фаолияти олдинги замонлардагидек эмас,» тушунтиради у.

Кембриж Университетидан Америка тарихи профессори Эндрю Престон тарихан миссионерлар янги тилларни ўрганишда илғор бўлганини таъкидлайди.

«Бироқ ҳозирги кунда бу борадаги вазият ўзгарган. Атиги юз йил олдин нафақат нотаниш Африка ва Осиё тиллари, ҳаттоки хитой ва япон тилларини ҳам фақат бир ҳовуч миссионерлар мукаммал биларди, холос,» дейди профессор Престон Би-би-сига.

Жаноб Аллен маҳаллий одатларни «тажриба манбаси» деб билади.

«Бирор бегона халқни ўрганишнинг энг самарали йўли унинг вакиллари билан бир жойда ўтириб, бирга тановул қилиб, бирга ухлаб, бирга хурсанд бўлиб, бирга ғам чекишдир,» дейди у.

«Шундан сўнггина янги оилангни қадрига ета бошлайсан, ўша халқнинг маданиятини уларнинг кўзи билан кўра оласан.»

«Бугунги кундаги миссионерлик фаолияти олдинги замонлардагидек эмас,» тушунтиради у.

Кембриж Университетидан Америка тарихи профессори Эндрю Престон тарихан миссионерлар янги тилларни ўрганишда илғор бўлганини таъкидлайди.

«Бироқ ҳозирги кунда бу борадаги вазият ўзгарган. Атиги юз йил олдин нафақат нотаниш Африка ва Осиё тиллари, ҳаттоки хитой ва япон тилларини ҳам фақат бир ҳовуч миссионерлар мукаммал биларди, холос,» дейди профессор Престон Би-би-сига.

Жаноб Аллен маҳаллий одатларни «тажриба манбаси» деб билади.

«Бирор бегона халқни ўрганишнинг энг самарали йўли унинг вакиллари билан бир жойда ўтириб, бирга тановул қилиб, бирга ухлаб, бирга хурсанд бўлиб, бирга ғам чекишдир,» дейди у.

«Шундан сўнггина янги оилангни қадрига ета бошлайсан, ўша халқнинг маданиятини уларнинг кўзи билан кўра оласан.»

Миссионерлар Жон Чау ҳақида нима дейди?

"Жон Чау фожиаси ҳақида хабар тарқалган вақтда биз ҳам ўша қабилаларга насронийликни олиб кириш ҳақида ўйлаганимиз ёдимизга тушди," дейди миссионер Жон Аллен.

Жон Алленнинг ўзи Шимолий Сентинел оролларига боришни мақсад қилмаган бўлсада, унинг бошқа ҳамкасблари бу ҳақида бош қотирган.

«Аммо ҳамкасбларим бу масалага жиддий қарамаган. Улар шунчаки у ердаги қабилалар билан қандай дўстона алоқа ўрнатиш мумкинлиги, уларнинг тили ва маданиятини ўрганиш йўллари тўғрисида турли ғояларни ўртага ташлаган эдилар.»

Эр-хотин Эспоситолар Жон Чау билан бўлган воқеани фожиа ҳисоблайди. Улар айрим миссионерлар ўз ишига чуқур шўнғиб кетиб, турли аҳмоқгарчиликларга қўл уради, деган фикрда.

"Кимгадир тош отиш фикридан йироқман. Ўқиган хабарларимдан англаган бўлсам, Чау Яратганни чин дилдан севган. Майли, унинг қурбонлиги келажакда кўп одамларга Исони танитсин," сўзлайди Женнифер Эспосито.

«Ким билади, бу воқеанинг оқибати қандай бўлади.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Instagram/John Chau
Image caption 21 октябрь куни Жон Чау минтақага сафар қилаётгани ҳақида пост қўйган.

Миссионерлик империализмнинг бир кўринишими?

Каитлин Ловерй исмли аёл Жон Чаунинг ўлимидан бир неча кун ўтиб, Facebook'да шундай пост қолдирган: «Бир вақтлар мен ҳам миссионер эдим. Мен Яратган йўлида хизмат қилаётганимга ишонардим. Бироқ, тан олишим керак, мен шунчаки ўзимга ёқадиган иш билан машғул эдим.»

"Менга ёққан бу фаолият - оқ танлиларнинг ҳаммадан устунлигини тарғиб қилиш. Бу - мустамлакачилик."

Марк Плоткин ботаник ва Амазонни Сақлаб Қолиш Жамоаси президентидир. У Колумбия ҳукумати билан бирга дунёдан узилиб қолган халқларни муҳофаза қилишда ҳамкорлик олиб боради.

"Мен Амазон ҳавзасида 30 йилдан бери ишлаб келаман. Бу ерда кўплаб турли миссионерларни кўрганман," дейди у Би-би-сига.

Жаноб Плоткинга кўра, бу миссионерларнинг асосий мақсади «ёввойи қабилаларни ташқи дунёга олиб чиқишга тайёрлаш» ва «Исо учун имкон қадар кўпроқ қалбларни сақлаб қолиш» бўлган.

"Миссионерлар дунёга эзгулик сочмоқдамиз, деб ишонсада, уларнинг фаолияти кўп ҳолларда жуда хавфли тус олади," ҳикоя қилади жаноб Плоткин.

«Ўзининг диний манфаати йўлида чангалзорда яшовчи ёввойи одамларни ташқарига мажбуран судраб чиқиш - бу ҳимоясиз одамларнинг манфаатига зид.»

Жаноб Плоткин 1969 йилда миссионерлар илк бор алоқага киришган Суринамдаги Акуриё халқи билан содир бўлган воқеани эслайди. Унинг айтишича, миссионерлар олиб келган нафас йўллари касалликлари туфайли "Акуриё одамларининг 40 фоиздан 50 фоизга қадар қисми қирилиб кетган." Шунингдек, улар янги маданият таъсирида кучли тушкунликка тушиб қолган.

"Акуриёлар кийим-бош кийган одамларни илк бор кўрганда ўзини йўқотиб қўйган," давом этади жаноб Плоткин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Amazon Conservation Team
Image caption Марк Плоткин ташқи дунёдан ихоталанган туб аҳолини муҳофаза қилиш билан шуғулланади

"Ҳеч ким Худо ролини ўйнамаслиги керак"

Дунёдаги кўплаб давлатлар миссионерлик фаолиятига салбий муносабат билдиради ёки ўз ҳудудида бундай фаолият олиб боришни тақиқлайди ё чеклайди.

Профессор Престоннинг сўзларига кўра, тарихан айрим дин тарғиботчилари, айниқса, ақшлик протестант миссионерлар ўзини «буюк империя»нинг бир қисми ҳисоблаган.

«Ҳозир ҳам Америкада АҚШни барча давлатлар ичра буюк ҳисоблайдиган миссионерлар кўп топилади. Бироқ уларнинг аксарият қисми дунёни Америка йўлида эмас, балки Насронийлик қадриятларига асосан яхшилашни истайди.»

Жаноб Аллен миссионерлик фаолияти ва мустамлакачилик тарғиботи ўртасидаги чегарани англаш мушкуллигини тан олади, аммо у ҳар қандай мустамлакачиликка асосланган ёки тижорий кўринишдаги миссионерликдан нафратланишини ҳам қўшимча қилади.

У ўз жамоаси ва фикрдошлари билан «ўзаро ишонч ҳамда ҳурматга асосланган самимий муносабатлар» яратиш йўлида тер тўкаётганини маълум қилади.

"Албатта, кун келиб, Камеа халқининг ҳақиқий вакилига айлана оламан, демайман ҳеч қачон. Бироқ бизнинг жамоа ҳар қандай мустамлакачилик асоратларига барҳам бериб, бегона халқлар билан ўзаро дўстлик ришталарини ўрнатишга интилади."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.