Илм-фан: Товуқлар қандай қилиб дунёни эгаллаб олган?
- Ҳелен Бриггс
- BBC News

Сурат манбаси, Getty Images
Лондондаги археологик қазилмалардан топилган товуқ суякларини ўрганиб чиққан тадқиқотдан маълум бўлишича, бугун биз билган бу парранда аждодларидан анча фарқ қилар экан.
Бугунги кунда бутун дунёда 23 миллиард товуқ яшайди. Айнан шу парранда бизнинг табиатни қанчалик даражада ўзгартираётганимиз тимсолидир, дейди табиатшунослар.
Эволюцион ўзгаришлар юзага келиши учун, одатда, миллионлаб йиллар зарур бўлади, аммо товуқлар жуда тез ўзгаришга учради.
Супермаркетларни тўлдириб ташлаган товуқлар ёввойи қушларнинг қай даражада камайиб кетганини ўзида акс эттиради.
«Товуқлар сони ҳозирда яшаётган ҳар қандай қуш турининг умумий миқдоридан кўп,» маълум қилади Лейстер Университетидан геолог олима ва тадқиқот раҳбари доктор Карийс Беннет.
"Айтиш мумкинки, биз товуқлар дунёсида яшамоқдамиз."
Сурат манбаси, Getty Images
Қовурилган товуқ гўшти бутун дунёда севиб тановул қилинадиган овқат
Товуқлар рақамларда
- 65.8 миллиард - 2014-йилда сўйилган товуқлар сони. Қиёслаш учун: ўша йили 1.5 миллиард бош чўчқа ва 300 миллион қорамол сўйилган.
- 25,500 - бутун дунёда қовурилган жўжа сотишга ихтисослашган машҳур брендларнинг савдо нуқталари сони.
- 70% - товуқлар орасида интенсив усулда етиштирилган жўжалар нисбати (2006-йил маълумоти).
- Беш ҳафтадан етти ҳафтага қадар - гўшт учун махсус етиштирилган бройлер товуқнинг умр давомийлиги.
- 3-5 миллиард - ёввойи кўчманчи каптар турининг 1800-йиллардаги сони. Ҳозирда қирилиб кетган бу тур инсоният тарихи давомидаги энг кўп сонли қуш бўлгани тахмин қилинади.
Сурат манбаси, Getty Images
Жўжалар гўшти учун боқилади
Тадқиқот муаллифлари археологик топилмалар ёрдамида товуқларнинг йиллар давомида қанчалик ўзгаришга учраганини англашга ҳаракат қилдилар.
Биз иқлим ва атроф-муҳитга, асосан, инсон фаолияти таъсир кўрсатувчи бир даврга кириб бормоқдамиз.
«Инсон омили оқибатида Ернинг ландшафти, океанлар, атмосфера ва ер юзаси кескин ўзгаришга учради,» дейди доктор Беннет.
«Ҳозирда биологик жиҳатлари одам томонидан ўзгартирилган қуруқликда яшовчи умуртқали жонзотлар сони анчайин ошиб кетди ва замонавий товуқлар бизнинг ҳайвонот оламига қанчалик таъсир кўрсатганимиз белгисидир.»
Доктор Беннет келажак авлодлар бизнинг давримиздан қолган археологик қатламларни ўрганиб кўрганда, асосан, шиша, пластик ва товуқ суягини топса керак, дея тахмин қилади.
Хонакилаштирилган жониворлар табиатда мавжуд ҳайвонларнинг асосий қисмини ташкил қилади ва, натижада, дунёнинг табиий кўриниши ўзгариб бормоқда.
Хонаки товуқ Жанубий-Шарқий Осиё чангалзорларида яшовчи банкив товуғи авлоди ҳисобланади. Ушбу парранда бундан тахминан 8,000 йил бурун хонакилаштирилган ва тухуми ҳамда гўшти учун тез орада бутун дунёга тарқалган.
1950 йилларда товуқларни янада катталаштириш ишлари бошланган. Шундан бери бу парранда ақл-бовар қилмас ўзгаришларга учради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek