Дунё: Сиз бу даҳшатли касбларни танлаган бўлармидингиз?

Нюхатели подмышек Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

«Меҳнат инсонни улуғлайди» - Совет даврида шундай машҳур бир шиор бўлгич эди. Бироқ ҳаётда баъзи бир касблар борки, уларнинг хусусияти ушбу шиорга мутлақо зид келади.

Одамлар нима билан шуғулланаётганини бир қаранг, фақат қўрқиб кетманг.

Исковчилар

Дезодорантлар ишлаб чиқарувчи компанияларда жуда муҳим аҳамиятга эга ходимлар меҳнат қилади - улар бировларнинг нам қўлтиғини ҳидлаб кўрадилар.

Ахир янги дезодорант самарадорлигини аниқлашнинг бунданда яхшироқ йўли йўқда. Янги маҳсулотнинг кимёвий таркибини ишлаб чиққан олимлар унинг қанчалик яхши эканига қандай ишонч ҳосил қиладилар?

Бунинг йўли жуда осон: яхши иситилган хонага ҳид билиш даражаси аъло бир ходим киритилади. Сўнг танасига янги спрейдан сепган одамлар кириб келиб, улар иссиқдан терлай бошлайди.

Ҳид билиш устасига айланган ходим уларнинг терлаган қўлтиғини бирин-кетин искаб чиқади. У бу ишни соатига 60 мартага қадар такрорлаши мумкин.

Шундан кейин ҳидлар бўйича мутахассис дезодорант борасидаги фикрларини лабораторияга етказади.

Бурни билан пул топувчиларнинг маоши у қадар юқори эмас - улар Америкада йилига $20 мингдан дан $50 мингга қадар топади.

Дегустаторлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дегустаторларнинг фаолият кўлами чексиз.

Уларнинг баъзилари винонинг таъмини татиб кўрса, бошқалари егуликларга баҳо беради.

Аммо шундай дегустаторлар ҳам борки, улар тўрт оёқлиларнинг яхши ҳаёт кечириши йўлида меҳнат қилади. Масалан, мушук ва итларнинг.

Тўғри топдингиз - бундай мутахассислар итлар ва мушуклар учун ишлаб чиқарилган овқатлар сифатини аниқлайди.

Бу каби мутахассисларнинг маоши у қадар кичик эмас.

Ҳайвонлар ва одамларнинг таъм билиш сезгилари бир-биридан фарқ қилсада, ушбу дегустаторлар емакдаги қўшимчаларнинг мувозанатини топишга ҳаракат қилади.

Ҳайвонлар емаги дегустаторларининг айтишича, итлар учун одатий гўштдан тайёрланган қиммат овқатларнинг таъми анчайин мазали.

Арзонлари эса одамнинг кўнглини айнитар экан.

Мишиқ тўпловчилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Сиз телевизор ёки китоблар орқали китлар ҳосил қиладиган фавворани кўрган бўлсангиз керак.

Аммо бу фавворанинг аксар қисми сиз ўйлагандек китлар нафас йўли орқали чиқарадиган сув эмас, балки одамнинг бурнидан оқувчи суюқликка ўхшаш мишиқдир.

Айнан китларнинг мишиғи олимларни қизиқтириб қўйган.

Китларни ўрганиш осон иш эмас. Улар вақтининг кўп қисмини чуқур сувларда ўтказади. Сув юзасига кўтарилганда эса бу улкан мавжудотларга яқинлашиш жуда хавфли - улар бир ҳаракат билан олимлар тушган қайиқни ағдариб юбориши мумкин.

Бироқ китларнинг мишиғи ўзида жуда кўп қизиқарли маълумотларни жамлаган, масалан, ДНК намуналари, бактериялар, вируслар ва ҳоказо. Мишиқни ўрганиш орқали олимлар ҳайвоннинг соғлиги, бошқа кит турларига алоқаси каби муҳим нарсаларни тушуниб етиши мумкин.

2018-йилнинг бошига қадар олимлар жуда ғалати ва хавфли усулдан фойдаланар эди: китнинг юқорига чиқишини кутиб турган махсус ишчилар ўн метр нарида идиш тутиб турар ва кит пишқирганда отилган мишиқни тутиб олишга уринар эди.

Хайриятки, замонавий технологиялар бундай ишчиларни «шилимшиқ» меҳнатдан халос этди. Энди улар мишиқ «ёмғири» остида қолишга мажбур эмас - идиш осилган дронлар кит фаввораси орасидан учиб ўтишга ўргатилди.

Мастурбаторлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ер юзида баҳоси олтинга тенг бир модда бор.

Унинг ўртача нархи $800 дан $7 мингга қадар баҳоланади, аммо баъзи вақтларда ўн минглаб долларни ҳам ташкил этиши мумкин.

Гап айғир спермаси (манийси) ҳақида кетмоқда. Зотдор отнинг уруғи жуда қадрланади.

Олинган маний билан байтал сунъий уруғлантирилади.

Аммо айғир байталсиз ўз-ўзидан манийсини тўкмайди. Хўш, у ҳолда манийни қандай олиш мумкин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Отларнинг жинсий аъзоси одамларники каби ишлайди, яъни у уруғ чиқариши учун аввал «уйғониши» зарур.

Бироқ айғирга байталнинг суратини кўрсатганингиз билан олати «туриб» кетавермайди. Демак уни фақат қўл ҳаракати орқали қўзғатиш мумкин.

Айғирларнинг олатини «силаб-сийпалаш»га розилик билдирганлар учун яхшигина ҳақ таклиф қилинади.

Улар айғирнинг олатини каттакон сунъий мойлиққа тиқишади ва у тўлиқ «жанговар ҳол»га келмагунча қўл ҳаракатлари билан таъсир этишни тўхтатмайдилар.

Кейин айғир ёғочдан ясалган «байтал» устига сакраб чиқиб, эгалари учун катта даромад келтирувчи суюқликни тўкади.

Масалан, Америкадаги Тапит лақабли айғирнинг бир марталик уруғлантиришга етувчи манийси 2015 йилда $300 мингга баҳоланган.

Мурда йиғувчилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Эртами-кечми бизнинг барчамиз бу ёруғ дунёни тарк этамиз.

Яқинларимиз ортимиздан йиғлаб қоладилар.

Бироқ ҳамманинг ҳам майити ўз вақтида дафн этилмайди. Кимдирлар ёлғизликда вафот этиб, мурдаси узоқ вақтдан сўнг топилади. Бошқалар кимсасиз ерларда бахтсиз ҳодиса ёки қотиллик қурбонига айланади.

Жасад топилгандан сўнг воқеа жойига полиция, криминологлар, мутахассислар етиб келади, ўлим сабабини ўрганади.

Текшириш ишлари якунланиши билан «тозаловчилар» келиб, мурда ва унинг қолдиқларини йиғиб олади. Бундай ишга ҳамманинг ҳам юраги дов бермайди.

Жасад бир неча кун, ҳатто, ҳафталаб қолиб кетган ерни тартибга келтириш ёқимли иш эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Баъзи мамлакатларда бу иш билан кўнгилли одамлар жамоаси шуғулланади.

Масалан, Исроилда диндор яҳудийлардан ташкил топган алоҳида ташкилот мавжуд. Унинг аъзолари ушбу ишни муқаддас ҳисоблайди.

Ҳар сафар автоҳалокат ёки террор ҳужуми содир бўлганда, мазкур ташкилот ходимлари воқеа жойига келиб, атрофга сочилиб кетган тана бўлакларининг ҳаммасини синчковлик билан йиғиб олишга ҳаракат қилади.

Маймун қўрқитувчилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Табиатда павиан номли маймуннинг бир тури мавжуд. Павианлар бошқа маймунлардан бироз фарқ қилади.

Биринчидан, эркак павианлар ўзининг ёрқин қизил рангли кети билан ажралиб туради.

Иккинчидан, улар мураккаб ижтимоий иерархияга эга тўдаларга уюшиб яшайди.

Учинчидан, улар тўдаси билан ҳудудларни бўлиб олади.

Айнан охирги икки хусусият туфайли баъзи ҳудудларда янги касб пайдо бўлган - павиан қўрқитувчилар.

Жанубий Африка Республикаси пойтахти Кейптауннинг чекка қисмлари тепаликлар ва тоғлар билан ўралган. Шаҳар аҳолиси кўпайиб бораётгани сабабли баъзи тепаликларда янги мавзелар қурилмоқда.

Аммо бу тепаликларни павианлар тўдаси ўзининг ҳудуди ҳисоблайди. Павианлар янги уйларнинг қурилиши тугагунча бир четда кузатиб туради ва қурувчилар кетиши билан ёпирилиб, уйни вайрон қилишга интилади. Улар шу йўл билан ҳудудини эгаллаб олган «босқинчилар»га ўз кучини кўрсатиб қўймоқчи бўлади.

Бундан ташқари павианлар сўйлоқ тишли ва тажовузкор мавжудот бўлиб, табиийки, одам ҳаёти учун жуда хавфли йиртқичга айланиши мумкин.

Жанубий Африкада ҳайвонлар қонун билан ҳимояланган, уларга тегиш мумкин эмас. Унда қутурган павианлар тўдасидан қандай сақланиш мумкин?

Бунинг йўли осон: янги мавзелар аҳолиси махсус одам ёки гуруҳни маймунларни қўрқитиш учун ёллайди. Қўрқитувчилар туну кун қўлида узун таёқ билан кўчаларни айланиб юради.

Тўдани кўрганда улар таёқни ерга уриб, баланд овоз чиқаришга ҳаракат қилади ва маймунлар тум-тарақай бўлади.

Сиз шундай иш билан шуғулланишни истармидингиз?

Ахлат тозаловчилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ассенизация (махсус машина ёрдамида ҳожатхона ва канализацияни тозалаш) - озодалик учун фойдали. Бироқ бу иш билан шуғулланишни ёқимли, деб бўлмайди.

Ривожланган давлатларда канализация тизимлари махсус машина, ҳимояланган кийим, ниқоблар ва бошқа воситалар ёрдамида тозаланади.

Аммо ҳиндистонлик ассенизаторларнинг аҳволини бир тасаввур қилиб кўра оласизми? Ҳиндистонда ҳожатхона тозалаш билан энг қуйи каста вакиллари шуғулланади. Улар оддий кўча кийимида ҳожатхона қудуғига тушиб, қўлда йиғилган бадбўй моддани челаклаб ташқарига чиқарадилар.

Ҳиндистонда кастачилик ҳали ҳам кенг илдиз ёйгани сабабли улар бир умр ҳожатхона тозалаш билан машғул бўладилар.

Парковкачилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ғарб мамлакатларида у қадар ифлос ва хавфли бўлмаган бир касб мавжуд. Автомобили бор деярли барча одамлар уларни ёмон кўргани туфайли ҳам бу касб эгалари бизнинг рўйхатга тушиб қолди.

Улар парковка - автотураргоҳ инспекторлари. Бу инспекторлар машинани нотўғри тўхтатганингизда сизни жаримага тортиш билан шуғулланади.

Улар машиналарни исталган жойга ташлаб кетувчиларга қарши курашиб, шаҳардаги тартибни сақлашга катта ҳисса қўшгани билан деярли ҳеч ким жаримани ёқтирмайди, шу сабабдан уларни кўрган ҳар қандай ҳайдовчининг кайфияти бузилиши табиий ҳол.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek