Прага: Рус ва Хитой жосусларининг маконига айланган шаҳар

Прага Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption "Бажариб бўлмас миссия"нинг биринчи қисми шу ерда суратга олинган. Аммо Прагадаги жосуслар фақат кинолардагина яшашмайди.

Чехия аксил-истихборот хизматлари мамлакат пойтахти Прагада Россия ва Хитой ҳукуматларига ишловчи жосуслар фаолиятининг ортиб бораётганидан хавотир билдирди.

Чехиянинг Ахборот Хавфсизлиги Хизмати (BIS)га кўра, ҳар икки давлат ҳам Ғарбнинг зарар кўришидан манфаатдор.

Хитойлик жосуслар ва дипломатлар чех фуқароларига «ўта юқори хатар» бўлаётган бир пайтда, Москва Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоларига таъсир кўрсатишни янада кучайтириш мақсадида гибрид уруш олиб бормоқда, дейди BIS.

Праганинг Бубенеч райони каттакон виллалар, дипломатик қароргоҳларга тўлиб тошган. У ерда Россия элчихонаси ва ажойиб рус кафеси ҳам жойлашган.

«Раҳмат,» дейман жилмайиб, олдимга чойнак ва бир бўлак лимонли ширинлик қўяётган официантга.

«Арзимайди,» мулойим жавоб қайтаради у русча акцентга қоришган чех тилида.

Бу ерда қанча жосус бор?

BIS'нинг 2017 йилдаги йиллик ҳисоботидан шундай жумлаларни ўқийман.

«Россия дипломатик корпуслари хорижий давлат махфий агенти билан билмасдан мулоқот қилиб қўйишда Чехия фуқаролари учун муҳим хавф эканлигича қолмоқда.»

Ҳисоботда Россиянинг «дипломат қиёфасидаги махфий хизмат ходимларидан кенг фойдаланиши» алоҳида таъкидланади.Чехия: «Пойтахтда рус ва хитойлик жосуслар фаоллашмоқда»

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Россиянинг Прагадаги элчихонасида 120 нафар ходим ишлайди.

Россиянинг Чехиядаги элчихонасида аккредитациядан ўтган 44 нафар дипломат ва 77 ёрдамчи ходим ишлайди. Яна 18 одам Россиянинг Бирно ва Карловийи Варидаги консулликларида меҳнат қилади.

Бу дипломатларнинг қанча қисми аслида жосус экани фақат Москвага аён. Бироқ чех расмийлари бу кўрсаткич 40 фоизга етиши мумкинлигини тахмин қилади. Соддароқ қилиб айтганда, улар рус дипломатлари бевосита Россия махфий хизматларига ишлайди ёки уларга маълумот етказиб туради, деб ўйлайди.

Прагада рус таъсири билан кўп юзлашиш мумкин. Мен чой ичган кафе яқинида Прагани 1945 йили озод қилган рус саркардаси маршал Коневнинг ҳайкали турибди.

Яна озгина юрсангиз, қаршингиздан Пушкин Майдони, сўнг Сибир Майдони ва рус ўрта мактаби чиқади. Атрофда, шунингдек, Рус Маданияти Маркази, Россия консуллиги ва элчихонаси жойлашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alamy
Image caption Маршал Коневнинг Прагадаги ҳайкали намойишчилар томонидан бир неча марта нишонга олинган.

Шахсининг сир сақланишини истаган бир манба ҳаддан зиёд кўп ходим ишлайдиган Россия элчихонаси қўшни Германия ва Австрияга ҳам бошоғриқ бўлаётганини маълум қилди.

'Россия биздан нима истайди?ʼ

Прагадаги Россия элчихонаси номига жуда кўп автомашина расмийлаштирилган.

Полиция бу машиналарни тўхтата олмайди ёки уларни текшириш ҳуқуқига эга эмас. Элчихона рақами осилган машиналар Европанинг Шенген зонаси бўйлаб эмин-эркин ҳаракатланиши мумкин.

«Бу машиналар ичида ким ё нима борлигини ким билади?» дейди шахсини сир сақлаётган манбам.

Унинг айтишича, расмий Прага ҳозирда янги транспорт воситаларини рўйхатга қўйиш учун Россия томонидан киритилаётган сўровларни рад қилмоқда.

«Россия биздан нима истайди? Бунга жавоб бериш қийин,» дейди 30 йилдан бери махфий хизматлар ҳақида материаллар ёзиб келаётган журналист Ярослав Спурни.

"Гап қисман таъсир ҳақида кетмоқда. Улар бизни 1945 йилда озод қилишди. 1968 йили яна бир бор «озод» қилдилар. Улар ҳалигача бизни ўз таъсир доирасида, деб ўйлайди. Уларнинг фикрлаш тарзи ўта ибтидоий," изоҳлайди у.

"Лекин биз Европа Иттифоқи ва НАТОнинг бир қисми ҳаммиз. Россия махфий хизматлари давлатларнинг заиф томонлари, қайси давлатни осонлик билан қўлга олиш мумкинлигини яхши билади."

«Русларнинг венгерлар билан алоқаси доим бир текисда кечмаган. Поляклар улар билан ҳеч қачон яхши муносабатда бўлмайди,» давом этади журналист.

«Аммо биз, чехлар - бошқа масала. Улар бизни 20 йил давомида мустамлака қилган. Улар бизни яхши билади. Улар бизга қандай таъсир ўтказишни билади.»

Хитой муаммоси

BIS ҳисоботида хитойлик жосусларнинг, айниқса, технология соҳасидаги фаолиятидан огоҳлантирилади.

Жорий ой бошида Чех Кибер ва Ахборот Хавфсизлиги Миллий Агентлиги ҳам Хитойнинг Huawei технология компанияси солаётган хатардан огоҳлантириб чиққан эди.

«Хитойнинг гибрид жосуслик фаолияти Россияники билан деярли ўхшаш,» маълум қилган эди агентлик.

BIS'га кўра, Хитойнинг асосий учта мақсади қуйидагича:

•Чехиядаги идора ва ташкилотлардан фойдаланган ҳолда Европадаги бирликка путур етказиш

•Муҳим чех вазирлари юзасидан махфий маълумотлар тўплаш

•Иқтисодиёт ва технология соҳаларида жосуслик амалиётларини олиб бориш

Мазкур ҳисобот Москва ва Пекин билан илиқ алоқалар ўрнатишни ўзининг муҳим мақсадларидан бири билган президент Милош Земан ва BIS ўртасида жиддий зиддият келтириб чиқарган.

Президент нимадан норози?

Чехия президенти Милош Земан BIS ходимларини "хаваскорлар" ва улар тайёрлаган ҳисоботни «қуруқ гап» деб атаган.

Бундай муносабатга нисбатан ўзини жамоатчиликка камдан-кам намойиш қиладиган агентлик директори норозилик билдириб чиққан.

Танқидчилар президентни ўз мамлакати махфий хизматлари фаолиятига қасддан зарар етказишда айблайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Милош Земан россияпараст чиқишлари билан танилган зиддиятли сиёсатчи

Шунингдек, улар президентнинг маслаҳатчиларини ҳам руспараст, деб ҳисоблайди.

Президент маъмурияти бу каби иддаоларни қатъиян рад этади.

Ўз навбатида президент сўзчиси Йири Овчачек Би-би-сига шундай дейди: "Ғарб давлатидаги махфий хизмат директорининг сиёсий очко йиғиш ўйинини ўйнаши мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолдир."

"Биз одамлар ҳар бир россиялик шахсни жосус сифатида кўришини истамаймиз,» маълум қилади BIS воизи Ладислав Стича.

"Биз қуйидаги сўзларни айтамиз: ўзингиз танимаган одамга муҳим маълумотларни ошкор қилманг".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek