Латвия Бош вазири КГБ жосуси бўлганми?

Музей КГБ в Латвии Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

20 декабрь куни очилган архивда КГБ агентлари, резидентларининг исми ва уларнинг турар-жой манзиллари кўрсатилган. Умумий ҳисобда, 10 мингдан кўпроқ исм аниқланган. Бу шахсларнинг аксарият қисми 1980 йилларда КГБ томонидан ёлланган ва ҳозирда уларнинг баъзилари сиёсий майдонда фаол, бизнес ва ижтимоий фаолият билан шуғулланиб келади.

Бизнесмен Валерий Белокон - "Мячиков"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption "Блэкпул" ФК эгаларидан Валерий Белоконь ўз жамоаси ўйинини томоша қилмоқда.
Фото муаллифлик ҳуқуқи Государственный архив Латвии

Очилган картотекадаги маълумотларга кўра, таниқли бизнесмен Валерий Белокон КГБ информатори сифатида "Советская молодежь" газетасида "Мячиков" лақаби остида ишлаган.

1960 йилда дунёга келган бизнесмен ҳозирда Латвиядаги Baltic International Bank ва Британиянинг Блекпул футбол жамоасининг эгаларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, жаноб Белоконга нафақат банк, балки қатор оммавий матбуот воситалари ва кўчмас мулк ҳамда инвестициялар билан шуғулланувчи компаниялар ҳам тегишли экани айтилади.

У Латвиядаги бир қанча сиёсий партиялар, жумладан, 2002-2004 йилларда ҳукуматни бошқарган Новое Время партиясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган.

Би-би-си ошкор қилинган маълумотлар бўйича Baltic International Bank'дан изоҳ олишга муваффақ бўла олмади.

Митрополит Александр - "Ўқувчи"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Yuri Mashkov/tass
Image caption Митрополит Александр (ўнгда) Москвадаги Исо Масиҳ ибодатхонасида.
Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Картотекада 1939 йилда таваллуд топган Кудряшов Александр Иванович номи ҳам келтирилган.

Александр Кудряшов бугунги кунда Рига ва бутун Латвия митрополити ҳамда Латвия православ черкови раҳбаридир.

Кудряшов 1982 йилда КГБ томонидан ёлланиб, унга «Ўқувчи» махфий лақаби берилган.

Бундан ташқари архивдан Стучка номидаги Латвия давлат университети илмий ходими Ивар Годманис номига берилган карточка ҳам топилган.

1951 йилда дунёга келган бу агент "Пугулис" лақаби билан 1988 йилда ёлланган.

"Пугулис" - Латвиянинг собиқ Бош вазиридир. Жаноб Годманис 1990 йилдан бери сиёсат билан фаол шуғулланиб келади. У ўтган йиллар давомида Латвия ички ишлар вазири, Бош вазир, Европарламент депутати бўлган.

Ўтмишда КГБ агенти бўлиш гуноҳми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Фото муаллифлик ҳуқуқи Государственный архив Латвии

Очиқланган картотекада бошқа латвиялик сиёсатчилар исмини ҳам кўриш мумкин. Уларнинг бир қисмининг ўтмиши олдиндан жамоатчиликка маълум бўлган.

Латвия қонунчилигига кўра, депутатликка номзод рўйхатга олинишдан олдин текширувдан ўтади. Мабодо текширув давомида унинг КГБ агенти бўлгани аниқланса, бу маълумот Марказий сайлов комиссиясига юборилади.

Қонун ўтмишда жосус бўлган одамнинг депутат бўлишига тўсқинлик қилмайди. Бироқ бу маълумот унинг обрўсига жиддий путур етказиши мумкин. Шу сабабдан сиёсатчилар КГБ билан ҳақиқатан алоқа қилмаганини иддао этиб, кўпинча, судга мурожаат қилади.

Ивар Годманис ҳам 1998 йилда судга шикоят қилган, аммо бироз вақтдан сўнг бу иш бўйича йиғилган материалларнинг йўқолиб қолиши туфайли жанжал кўтарилган.

1978 йили "Кривичев" лақаби остида КГБга ёлланган парламент депутати Игор Пименов ҳам шахсиятидаги бу «қора доғ»ни суд орқали ювиб ташлашга уринган.

"Мен совет даврида «Спутник» гиди бўлганман, туристлар билан ишлаганман, инглиз тилимни ривожлантиришни истаганман, у ерда эса америкалик талабалар бор эди. экскурсиядан кейин эса ҳисоботлар ёзар эдим, энг расмий ҳисоботлар: бу қандай дастур, қандай саволлар берилди… Кейин бир одам келиб, КГБ гувоҳномасини кўрсатди, қўшимча саволлар берди. Бор гап шу," ҳикоя қилади жаноб Пименов Би-би-сига.

Архив нега очилди?

Архивда кўплаб машҳур шахслар исми бўлгани сабабли уни очиш масаласи узоқ вақтдан бери баҳсларга сабаб бўлиб келаётган эди. Бу масала Латвия парламентида мунтазам кўтарилиб турилган. Ниҳоят 2018 йилнинг кузида жамоатчилик фойдасига қарор қабул қилинган.

«Муаммо шундаки, ҳукумат бу исмлар сир сақланишини истаган,» дейди архив билан ишлаган тарихчи Карлис Кангерис Би-би-сига.

Латвияда КГБга нисбатан муносабат анчайин совуқ.

Жаноб Кангериснинг айтишича, архивдан одамнинг исми чиқиши унинг КГБ учун бирор хизмат қилганини англатмайди. Гап унинг қанчалик фаол ҳамкорлик қилганида.

Шу вақтга қадар архивни сақлаб келаётган Конституцияни Муҳофаза Қилиш Бюроси (Латвиянинг контрразведкаси) ҳам ўхшаш фикрда.

«Эълон қилинган картотека ахборот характерига эга. Архивнинг бош саҳифасида картотекада исми келтирилган шахсларга алоқадор ҳужжатлар ҳақида батафсил маълумот ҳозирча мавжуд эмас,» маълум қилади бюро вакиласи Ивета Маура Би-би-си Рус Хизматига.

Ҳаттоки, шахс КГБ билан фаол ва онгли равишда алоқа қилган бўлса ҳам, яна бир савол юзага келади: унинг ҳамкорлиги қанчалик ихтиёрий бўлган?

«Буни ихтиёрий, деб бўлмайди. Бу кўпроқ келишувга ўхшайди,» давом этади жаноб Кангерис. "Шахсни ҳамкорлик қилишга мажбурлаган бўлишлари мумкин, лекин бу унинг ҳамкорлик эвазига қандайдир манфаат кўрганини англатмайди. Масалан, менинг бир танишим отасининг ССчи бўлганини таржимайи-ҳолига атайин киритмаган, шу сабабли ҳам уни ёллашган. Бунинг эвазига у университетдаги ўқишини тугатиш имконига эга бўлган. Агент тизимга нимадир берган, тизим эса агентни ҳимоя қилган."

Латвия Давлат Архиви жамоатчилик учун очиқ картотекани янги маълумотлар билан тўлдиришга ваъда бермоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek